2020 йил 12 март куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Абу Мансур Ал-Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирга Манбашунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари, ҳадисшунослик фанлари доктори Шукрулло Умаров, марказ мутахассислари Барот Омонов ва Абдулбосит Маҳмадалиевлар таклиф этилди.

Ўзбекистон – дунё цивилизацияси ва ислом равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти. Ушбу ҳақиқатни кейинги йилларда аждодларимизнинг бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида самарали фойдаланиш, дарслик ва ўқув қўлланмалар, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларда ҳам кўриш мумкин.
Имом Мотуридий нафақат Марказий Осиёда, балки бутун ислом оламида ўз муносиб ўрнига эга бўлган диний арбоблардан ҳисобланади. Чунки, аллома яшаган даврда, ислом динида турли гуруҳ ва фирқалар сони кўпайиб кетганлиги сабабли кўплаб ихтилофлар келиб чиққан. Ана шундай вазиятда Имом Мотуридий ислом диннинг асл моҳиятини очиб бериш, соф исломий ақидани сақлаб қолиш борасида беқиёс ишларни амалга оширган. Тадбир давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан нашр қилинган “Самарқанд алломалари”, “Мовароуннаҳрда мотуридия калом мактаби”, “Имом Бухорий таърифи”, “Имом Бухорий мажмуаси”, “Кешлик алломалар”, “Усмандий Самарқандий”, “Саффор Бухорий”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” ва Имом Мотуридийнинг “Таъвилоти аҳли-сунна” асарининг араб тилидаги нусхаси китобларининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур тақдимоти ўтказилган китоблардан икки нусхадан мадраса фондини бойитиш мақсадида Ахборот ресурс марказига тақдим қилинди.
Шундан сўнг, тадбирнинг иккинчи қисмида манбашунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватовнинг табаррук 80 ёшни қарши олиши муносабати билан юбилей тадбири бўлиб ўтди. “Зиё” студияси томонидан тайёрланган “Буюк аждодлар тарғиботчиси” номли филм намойиш этилди.
Убайдулла Уватов 1940 йил 23 февралда Қашқадарё вилояти Ғузор туманида таваллуд топган. 1958-1964 йилларда Тошкент давлат университети талабаси бўлган. Миср, Ироқ ва Ливия мамлакатларида таржимонлик фаолияти билан шуғулланган.
У.Уватов ҳукумат юқори ташкилотларида масъул лавозимларда фаолият юритган. Илмий фаолияти давомида юртимиз алломалари тўғрисида биринчилардан бўлиб тадқиқотлар олиб бориб, 200 дан ошиқ мақола, 50 га яқин китоб ва рисолалар тайёрлаган, кўплаб шогирдлар етиштирган. У.Уватов “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланган. 2017 йилдан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига раҳбарлик қилиб келмоқда.
Устоз Убайдулла Уватовнинг динимиз равнақи, Ватанимиз фаровонлиги, илм-фан ривожи йўлида, баркамол авлодга билим бериш баробарида уларнинг қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб бориш ишларида Аллоҳ таоло доим мададкор бўлсин, қилган эзгу ишлари, меҳнатларининг роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш муҳтарам устозга насиб этсин!
Тадбир якунида ташриф буюрган меҳмонларга табрикнома ва ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар тақдим этилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати














