Имом Заҳабий аҳли сунна вал жамоанинг етук имомларидан бўлган мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа ҳақларида қуйидаги ривоятларни келтирадилар:
“Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибнул Муғийра айтади: “Абу Ҳанифани бошига узун бош кийим кийган ҳолда Куфа масжидида фатво бериб ўтирганини кўрдим. Ўша пайтларда у катта ёшга етиб қолганди”.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ташқи кўринишларига эътиборли бўлиб, доим чиройли суратда намоён бўлишга ҳаракат қилганлар.
Надр ибн Муҳаммад айтади: “Абу Ҳанифа гўзал юзли, ҳушбичим кийимли, ҳамиша ҳушбўй ҳидлар таралиб турадиган инсон эди. Бир куни ишим тушиб унинг олдига келдим. Устимда қирмисий кийим бор эди. Шунда у эшагини эгарлашни буюрди. Кейин “Эй Надр, кийимингни менга бергин-да ўзинг меникини ол!” деди. Мен унинг айтганини қилдим. Сўнг эшакка миниб кетди. Қайтиб келгач, менга: “Эй Надр! Кийиминг билан ҳижолат қилдинг-ку! Қаттиқ экан!” деди. Надр айтади: “Мен уни беш динорга олган эдим. Кейинчалик Абу Ҳанифанинг устида қиймати тахминан ўттиз динорлик кийим кўрдим.
Имом Абу Юсуф айтадилар: “Абу Ҳанифа ўрта бўйли, сурати гўзал, нутқи чиройли, овози ширин, хоҳлаган нарсасини чиройли қилиб тушунтириб бера оладиган киши эди.
Абу Ҳанифанинг ўғиллари Ҳаммоддан ривоят қилинади: “Отам кўримли, қорачадан келган, келишган, кўп-кўп атир сепадиган, ҳайбатли, фақатгина саволга жавоб учун сўз очадиган, зарурат бўлмаган ишларга аралашмайдиган киши эдилар.
Абудллоҳ ибн Муборак айтадилар: “Абу Ҳанифадек ўтириши виқорли, табиати ҳалим, келишган кишини кўрмаганман.
Мусанна Рожаа айтадилар: “Абу Ҳанифа агар Аллоҳнинг номига рост қасам ичадиган бўлса бир динор садақа қилишга азм қилган эди. Агар оиласига нафақа қиладиган бўлса ҳудди ўшанча садақа қилиб юборарди.
Абу Осим Набийл айтадилар: “Абу Ҳанифа намозда кўп турганидан “қозиқ” деган лақаб олган эди.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг Қуръонни етти минг марта хатм қилганлиги ривоят қилинади.
Хуройбий айтадилар: “Абу Ҳанифани олдида эдик. Шунда бир киши келиб Абу Ҳанифага: “Мен сени ёзувинга ўхшатиб фалончига мактуб ёзиб бердим. У эса бунинг эвазига менга тўрт минг дирҳам ҳадя қилди, деди. Шунда Абу Ҳанифа: “Агар сизларга шундан фойда тегаётган бўлса, майли” деди.
Нуҳул Жомиъ Абу Ҳанифадан ривоят қилади: “Абу Ҳанифа шундай дер эди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган гапни кўзларимиз ва бошимизга суртамиз (яъни сўзсиз қабул қиламиз). Саҳобаларнинг гапини эса танлаб-танлаб оламиз. Энди лекин улардан бошқаларнинг гапига келсак, улар ҳам инсон, биз ҳам бир инсонмиз (яъни, ижтиҳод қилиш ўрнида улар билан баробармиз).
Абу Муовия Дорий айтадилар: “Абу Ҳанифани яхши кўриш суннатдандир”.
Абу Ҳанифа хақида фақат ҳасадгўй ва жоҳил ёмон фикр билдириши мумкин”.
Имом Заҳабий ушбу ривоятларни келтирганларидан сўнг “Абу Ҳанифанинг сийратини тўлиқ келтириш учун икки мужаллад китоб ёзиш керак бўлади” деб мавзуга ҳотима қилганлар.
“Сияру аълаамин набалаа” китоби 6-жуз.
Давоми бор…
Пўлат Зийнатуллоҳ
Кўкалдош ЎМИБЮ талабаси






