Ҳиммати олий киши мутлақ олганда, имкони борича ҳайвоний ҳимматга рози бўлмайди. Маишатпараст бўлмайди. Балки, шариат кўрсатмалари билан яшашга, Аллоҳ таолонинг валийларидан ва ер юзидаги ҳақиқий халифаси бўлиб яшашга ва охиратда жамолини кўришга ҳаракат қилади. Ҳиммати паст киши эса буларнинг акси бўлади.
Ҳиммати олий кишининг кўзларига бу дунё арзимас кўринади. Нафсига қул бўлиб қолмайди. Борига қаноат қилиб, топмаганига кўз тикмайди. Агар топса ҳам оч кўзлик қилмайди.
Салафи солиҳларимиз Аллоҳ таолонинг дини ва дунёнинг ҳақиқатини англаб етгани учун дунё ҳою-ҳавасларидан ўзларини олиб қочдилар ва қалблари дунё зийнатларидан азоб чекадиган бўлишди. Уларнинг олий ҳиммати дунёнинг бемаъни нарсаларига ўралашиб қолишга йўл қўймади. Уларнинг мақсади битта – Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва охиратда, жаннатда У билан қўшни бўлиш.
Шоир айтади, яъни шеър: “Аллоҳ талонинг зийрак бандалари бор, дунёни ортига қўйган ва унинг фитнасидан қўрққан. Дунёга назар солиб, унинг қалби уйғоқ кишиларга ватан бўлолмаслигини билдилар. Дунё тубсиз чуқурлик бўлиб, ундаги солиҳ амалларни ўзларига нажот кемаси қилиб олдилар”.
Улар мақсадлари сари боришга тўсқинлик қилувчи баъзи ортиқча мубоҳ нарсалардан ҳам четландилар.
Абдулқодир Жийлоний хизматкорига айтади: “Эй, йигит! Орзу-истагинг ейиш-ичиш, яшаш ва бойлик йиғиш бўлмасин. Булар нафснинг орзу истакларидир. Қалбингнинг орзу истаги билан яша. Қалбингнинг орзу-истаги Роббинг розилиги ва унинг ҳузуридаги нарсалар бўлсин”.
Улуғ имом Лайс ибн Саъд бир мубоҳ ишни қилмоқчи бўлганида, Яҳё ибн Саъид Ансорий у кишига бу ишни қилманг, одамлар сизга қараб иш тутади, деди.
Ибн Қоййим (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Бир куни аллома Ҳарроний менга бир мубоҳ иш ҳақида: “Бу ишни қилмаслик нажот топишга шарт қилинмаса ҳам, аммо мурувватга тўғри келмайди”, деди.
Ҳофиз Абу Ҳасан Али ибн Аҳмад Зайдий айтади: “Нафл амалларни фарздек, гуноҳларни куфрдек, эҳтиросларни заҳардек, одамларга кўп аралашишни оловдек ва овқатни дори истеъмол қилгандек каби қилинглар”.
Яҳё ибн Яҳё ёшлик чоғида илм ўрганиш учун имом Моликнинг ҳузурига сафар қилди ва ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганди. Яҳёнинг одоби чиройли ва ақли теран бола эди. Бир куни имом Моликнинг ҳузурида барча талабалар дарс қилиб ўтирганида бир киши Мадинага фил келди, деди. Шунда талабалар ҳаммаси филни томоша қилиш учун чиқиб кетти, аммо Яҳё бормасдан устозининг ҳузурида қолди. Шунда имом Молик унга: “Бориб филни томоша қилмайсанми? Андалусда фил йўқку!”-деди. Яҳё ибн Яҳё: “Мен шаҳримдан бу ерга сиздан илм ва ҳидоят ўрганиш учун келганман, фил томоша қилиш учун эмас”-деди. Имом Молик унинг жавобидан ҳайратда қолди ва уни “Андалуснинг донишманди”, дер эди.
Бунақа ноёб ҳайвонларни томоша қилиш мубоҳ амал, лекин улуғ имомнинг вақти мубоҳ амалларни қилишдан кўра мақсади сари сарфлаши муҳимроқ. Гоҳида баъзи мубоҳ ишлар кеча-ю кундуз вақтни олади аммо бирор фойда бермайди.
Абдураҳмон Дохил Аббосийлар тазйиқидан қочиб Андалусга борганида унга жуда чиройли жория (хизматкор) ҳадя қилинди. Шунда у: “Бу жория кўзни қувнатадиган гўзал экан, мен ният қилган мақсадим билан машғул бўлсам бу жорияга зулм қилган бўламан. Бу жория билан машғул бўлсам ҳимматимга зулм қилган бўламан. Шунинг учун ҳозир бу жорияга эҳтиёжим йўқ”,-деб жорияни эгасига қайтариб берди.
Бизнинг исломий меъросимиз салафи солиҳларимизнинг олий ҳиммати билан безатилган воқеъаларга жуда бойдир. Бу воқеъалар уларнинг қанчалик нарсаларнинг ҳақиқатига қараганини, ташқи кўриниш эмас, балки моҳиятига кўпроқ эътибор қилганини кўрсатади. Улар ўзларини ёлғон ва бемаъни нарсалардан узоқ тутар эдилар. Шараф дини, ҳурмат-эҳтиром дини бўлмиш ислом динига мансуб эканлиги билан ўзларини азиз эканлигини ҳис қилиб яшаганлар. Шундай воқеъалардан яна бири Ибн Шиҳоб ривоят қилган воқеъадир. У киши айтади: “Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Шомга сафарга чиқди. Биз билан Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу) ҳам бор эди. Йўлда сойдан сув кечиб ўтадиган бўлдик. Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам туясидан тушиб, оёқ кийимларини ечиб елкасига осиб олди-да, туясини етаклаб сув кеча бошлади. Шунда Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу): “Эй, мўминлар амири! Сиз нега бундай қиляпсиз? (сиз туяда ўтирсангиз, бошқалар туянгизни етаклаб ўтказиб қўяди). Ахир бутун шаҳар аҳли сизга қараб турган бўлса! -деди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Эй, Абу Убайда! Агар бу гапни сендан бошқаси айтганида эди, бутун ислом умматига ибрат бўладиган қилиб жазолар эдим. Биз жуда қадри паст қавм эдик. Аллоҳ таоло ислом туфайли бизни обру-иззатли қилди. Энди биз обрў-иззатни бошқа нарсадан изласак Аллоҳ таоло бизни хор қилади”-деди.
Халифа Муовия (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига бир саҳройи араб кирди. Кийимлари йиртиқ, чопони эскирган ҳолда эди. Муовия ундан жиркангандек бўлди. Саҳройи араб буни Муовия(розияллоҳу анҳу)нинг юзидан сезди ва: “Эй, мўминлар амири! Сизга чопон мурожаат қилмайди, балки унинг ичидаги киши мурожаат қилади”-деди. Халифа унга яқин келди. У гапга чечан ва қавмнинг пешволаридан эди. Халифа уни ўзининг хос одамларидан қилиб олди.
Бундай мисоллар жуда кўп. Уламоларимиз таржимаи ҳоллари ҳақидаги китоблар бунақа мисолларга тўлиб тошган. Шундай уламолардан бири шайхул ислом имом Нававийдир. У кишини кўрган одам шу ернинг оддий камбағал одами деб ўйлар, унга эътибор ҳам қилмас эди. Бармоқ билан саналадиган ноёб инсонлардан эканини хаёлига ҳам келтирмас эди. Аммо у кишининг дарс бераётгани, ҳадис айтиб, нутқ сўзлаганини эшитган киши лол қолар, ҳайратдан кўзларига ишонмас эди. Шу эскирган йиртиқ-ямоқ кийимнинг ичида шундай нафис гавҳар, илм ва зуҳду-тақвода ноёб бўлган даҳо яширинганини кўрар эди. Бунинг ҳеч ҳам ажабланарли жойи йўқ, чунки қимматбаҳо олтин ҳам тупроқнинг ичида яширинган бўлади.
Инсонлар доим ташқи қиёфаси чиройли, қадду қомати келишган кишиларга кўпроқ эътибор қилишади ва шундай кишиларни кўрса ҳурмат қилади, улуғлайди. Аммо бу қиёфанинг ортида нималар борлигини билишмайди. Гоҳида бундай қиёфалар сирти ялтироқ ичи қалтироқ бўлиши ҳам мумкин.
Шоир айтади: яъни шеър; “Обрўга эришишни устингиздаги кийимларнинг чиройи ва унинг ялтирашида деб ўйлайсизлар. Баланд обрў ялтироқ кийим-кечак ва зарбоп тўнда эмасдир”.
Мутанаббий айтади: яъни шеър, “Золимнинг чиройли кийимлари ажаблантирмасин. Кафаннинг қимматбаҳо бўлиши ўликни оқлай оладими?”.
Биз уларнинг ҳаёт машаққатларига сабри ва камбағалликка бардош беришларига ажабландик. Чунки улар динини сақлаб қолиш учун қамалдилар, суннатга амал қилиш йўлида ҳаётини хатарга қўйдилар. Машҳур имом Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбий айтади: “Умримнинг ўттиз йилини кунига икки бурда нон билан ўтказдим. Шу икки бурда нонни онам ёки синглим олиб келса ейман, агар олиб келмаса кейинги кечагача оч ва чанқоқ ҳолда қолар эдим. Яна ўттиз йилини кунига бир бурда нон билан ўтказдим. Шу бир бурда нонни хотиним ёки қизим олиб келса ейман, агар олиб келмаса кейинги кечагача оч ва чанқоқ ҳолда қолар эдим.
Ҳозир эса яримта нон, ўртача хурмодан ўн тўртта, агар паст навли бўлса йигирма нечтадир ейман. Қизим касал бўлди ва хотинимнинг олдига бориб бир ой яшади. Шу ойда менинг овқатим бир дирҳам-у икки ярим дониқ (бир дониқ – бир дирҳамнинг олтидан бирига тенг) бўлди. Ҳаммомга кирдим, икки дониққа совун сотиб олдим. Рамазон ойининг жами харажати бир дирҳам-у тўрт ярим дониқ бўлди”.
Абу Қосим ибн Букайр айтади: Мен Иброҳим Ҳарбийнинг: ”Бу овқатларнинг ҳеч қайсини кўрмадик. Фақат кечки овқатни ер эдим, унда ҳам онам ичи тўлдирилган бақалажон тайёрлар, ёки мол ёғини идишнинг тагида қолганини ялар эдик”-деганини эшитдим. “Маййит” номи билан танилган Абу Али Хайёт айтади: Бир куни Иброҳим Ҳарбий билан дарвозаси олдида ўтирган эдик. Менга: “Эй, Абу Али! Ишимизга турайлик, менда бир дона турп бор, кеча баргларини еган эдим, ҳозир эса ўзи билан овқатланаман”-деди.
Мусулмонлар қисқа фурсат ичида ўз давлатларини барпо қилиб, шу вақт орасида дунёнинг икки буюк давлати бўлмиш Рум ва Форс давлатини мағлуб қилганида тарихчилар даҳшатга тушган эди. Бу янги пайдо бўлган умматнинг бунчалар юксалишининг сирини кўпчилик билмайди. Бунинг сири мужоҳидларга берилган Роббоний қувватдадир. Роббоний қувват мўминлар собитқадам туриши учун фақат малоикалар билан қувватлаш эмас, балки у мўминларга дунёни бошқара оладиган фаҳм, ақл-идрок, тўғри асос билан қувватлашдир ва дунё бошқарувини тобора тубанлашиб бораётган, адолатсиз фикрларга бойиган, нотўғри эътиқодга асосланган бир тузумдан мўминлар қўлига олиб беришдан иборатдир. Бу икки тузум яъни, мусулмонларнинг адолатга асосланган тузуми билан кофирларнинг зўравонликка асосланган тузуми орасида ҳар соҳада фарқ жуда катта эди. Табиийки, Аллоҳ таолонинг қонуни устун бўлади ва яхшилик ҳамиша ғолиб келади. Аллоҳ таоло айтади: “Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга манфаат берадиган нарса эса ер юзида қолур”. (Раъд сураси,17-оят). Бу икки тузумнинг бир-бирига юзма-юз келган баъзи ҳолатларни эслаб ўтамиз. Кураш натижаси ҳали қуроллар тўқнашувидан олдин Аллоҳнинг нажот топадиган жамоаси бўлмиш мусулмонлар фойдасига ҳал бўлган эди.
Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) қўшини билан Миср фатҳи учун борганида Миср ҳокими Муқавқисга ўн кишини элчи қилиб юборди. Уларнинг орасида Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ҳам бор эди. Убода қорадан келган одам эди. Убодани гуруҳга амир қилиб тайинлади ва гуруҳнинг номидан у гапиради ва Рум империясига қарайдиган Миср ҳокими билан фақат учта шартдан бошқасига рози бўлмаслик тайинланади. Мусулмон элчилари Убода ибн Сомит бошчилигида Муқавқис ҳузурига кирганида узун бўйли, қоп-қора Убодани кўриб қўрқиб кетти ва: “бу қора одамни нарироқ олинглар ва бошқаси гапирсин”-деди. Элчилар жамоаси эса: “Бу қора одам илм ва фикр жиҳатидан бизнинг энг яхшимиз, у бизнинг бошлиғимиз ва пешвомиз. У нима деса биз ҳам шуни деймиз. У амиримиз, унинг фикрига қарши чиқмаймиз. Биз учун оқ танли ва қора танли баробар. Инсонлар фазилати ва ақли билангина бир-биридан афзал бўлиши мумкин, ранги билан эмас”-дейишди.
Шубҳасиз, Муқавқис қора танли Убоданинг ўз ҳузурида туришидан хафа бўлади. Амр ибн Ос Убодани элчиларга амир этиб тайинлашини Муқавқис ўзи учун ор ва унинг обрўсини ерга уриш деб ҳисобларди. Аммо элчилар унга рад жавобини бергач, ноилож Убодага сўзлаш учун изн берди ва унга пастроқ овозда гапир дегандек ишора қилди. Убода сўзлай бошлади: “Менинг ортимда яна минглаб қора танли биродарларим бор. Улар мендан-да қорароқдир. Мен ва биродарларимиз ҳар биримизга юзта душман йўлиқса ҳам қўрқмаймиз. Чунки бизнинг мақсадимиз ва ҳимматимиз Аллоҳ йўлида кураш ва Унинг розилигидир. Аллоҳнинг нонкўр бандаларига қарши курашишдан мақсадимиз дунё матоҳи учун эмас. Дунёда қорнимизни тўйғизгудек озгина таом ва устимизни ёпиб турадиган кийимимиз бўлса кифоядир. Дунёдаги роҳат фароғат ўткинчидир. Охиратдаги роҳат-фароғат ҳақиқий роҳат-фароғатдир. Аллоҳ ва Расули бизни шунга буюрган. Ҳимматимиз ва рағбатимиз Аллоҳ таолонинг розилиги сари бўлишига ва нонкўр бандаларига қарши курашишга аҳд қилганмиз”. Бу сўзлар Муқавқиснинг қалбига қаттиқ ғулғула солиб қўйди ва у аъёнларига қараб: “Бу одамнинг сўзига ўхшаган сўзни ҳеч эшитганмисизлар? Гўёки буларни Аллоҳ таоло ер юзини вайрон қилиш учун яратганмиш!”-деди. Сўнгра Убодага юзланиб уни қўрқитмоқчи бўлиб насиҳатомуз гапирди: “Сен ўзинг яхши одам экансан, ўзинг ва биродарларинг ҳақида айтганларингни эшитдик. Албатта сизлар кимларнинг устидан ғалаба қилган бўлсаларингиз, улар дунёга берилиб унга муҳаббат қўйгани учун мағлуб бўлган. Ҳозир сизларга қарши жанг қилиш учун Румдан сон-саноқсиз қўшин йўлга чиққан. У қўшиннинг қанчалик қувватли ва енгилмас эканини ҳамма билади. Олдидан чиққан ҳар қандай ёвни янчиб кетади. Сизлар эса уларга қарши уруша олмайсизлар, қувватларинг ҳам, саноқларинг ҳам кам. Шунга қарамай биз сизлар билан сулҳ тузишга розимиз. Сизлардан ҳар бир кишига икки динор (тилло танга), амирингизга юз динор, халифангизга минг динор берилади. Буни олиб, сон-саноқсиз қўшинга йўлиқмасдан, урушсиз соғ-омон юртларингизга қайтиб кетасизлар”-деди.
Убода ибн Сомит унга мағрур боқди ва қатъий ишонч ва баланд овозда: “Эй, инсон ўзингни ҳам ва атрофингдагиларни ҳам Рум лашкарининг кўплиги ва кучлилиги ғурурлантириб қўймасин. Биз улардан қўрқмаймиз ва улар бизни бу йўлимиздан қайтаролмайди ҳам. Агар биз бу йўлда шаҳид бўлсак, Аллоҳнинг розилиги ва жаннати сари энг яхши имкониятдир. Биз учун бундан катта бахт йўқдир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида айтади: “Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”. (Бақара сураси, 249-оят). Биздан ҳар бир киши кечаю-кундуз Аллоҳга дуо қилиб шу йўлда шаҳид бўлишни сўрайди. Сен эса нимани истайсан, уни бизга айтгин. Сизлар билан бизнинг орамизда учта шарт бор, биттасини танлагин. Бошқа нарса истамаймиз. Мўминлар амири бизга шуни буюрган. Ундан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам шу устида аҳд қилганмиз”-деди.
Муқавқис бу шартларни бекор қилишга уринди ва бошқа нарсалар таклиф қилди, аммо фойдаси бўлмади. Убоданинг сабр косалари тўлиб: “Еру-осмон ва барча нарсанинг Роббиси бўлган Аллоҳга қасамки, сизлар учун бу учта шартдан бошқа нарса йўқ. Ундан биттасини ўзларинг учун танланглар” -деди. Шунда Муқавқис аъёнлари билан жамланиб маслаҳат қилди. Улар: “Биринчи шартни ҳеч қачон қабул қилмаймиз,номаълум бир дин учун Исо Масиҳнинг динидан ҳеч қачон воз кечмаймиз”-дейишди. Шу билан биринчи шарт яъни, исломни қабул қилиш шартини рад қилишди. Олдиларида иккита шарт ўлпон тўлаш ёки уруш эълон қилиш шарти қолди. Улар: “Агар биз мусулмонларга итоат қилиб ўлпон тўласак, уларга қул каби бўламиз. Бундан кўра ўлган афзал”-деди. Убода уларга жавобан: “Агар булар ўлпон тўласа, ўзлари, болалари ва моллари ҳаммаси омонда бўлади, ўз юртига ўзи ҳукмрон бўлади. Канисалари ўз ҳолича туради, диний ишларига ҳеч ким аралашмайди ва халақит қилмайди. Муқавқис атрофидагиларга: “Буларга итоат этиб, бирорта шартига рози бўлинглар. Буларга қарши тура олмассизлар. Ўз ихтиёрларинг билан рози бўлмасаларинг, ундан ёмонроғига мажбуран рози бўласизлар”-деди.
Шундай қилиб, фақат Роббисининг розилигини истаган бу инсонлар жаннатнинг калити бўлмиш “ЛАа ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ” калимаси билан машриқу мағрибни забт этдилар. Бирор ўлка улардан норози бўлмади. Қанчадан-қанча қалъалар ўзлари уларга очилди. Қанчадан-қанча қалблар қучоқ очиб кутиб олди. Адолатли қонунлар ҳукмрон бўлди. Қуйида яна бир воқеъани келтирамиз. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тарбиясини олган, инсоният тарихида энг яхши жамоа деб танилган саҳобаларнинг асл инсонпарварлик фазилатлари намоён бўлган. Уларнинг наздида дунё қадри паст нарса эди. Аммо охират эса улар учун улуғ ва олий мақсади эди. Ҳақиқий абадий ҳаёт охират ҳаёти эди.
Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) “Қодисия” жангига борганида мусулмон қўшини етти минг атрофида эди. Мушриклар қўшини эса ўттиз минг атрофида эди. Мусулмонларнинг қурол-аслаҳаларини кўрган форс қўшини уларни масхара қила бошлади. Уларни жангчи эмас, балки ип йигирувчига ўхшатиб, ип йигириш чархини овозини қилиб “дук” “дук” деб устидан кулар эди. “Сизларнинг тузук қуролларинг бўлмаса, куч-қувватларинг бўлмаса, нега келдиларинг? Қайтиб кетаверинглар!-деб уларни писанд қилмади.
Мусулмон элчилари Кисро (форс подшоси) Яздажарднинг ҳузурига кирганида форслар уларнинг ташқи қиёфасига қараб ёмон муомалада бўлишди. Яздажарднинг олдига етганида ўтиришни буюрди. У хулқи ёмонроқ одам эди. Биринчи сўз таржимон масаласидан бошланди. Сўнгра таржимонга: “Сўра-чи? Мана бу кийимни нима деб атар экан?-деди. Элчилар унинг саволларига жавоб берганида улар бу жавобдан шумланишарди.
Нуъмон ибн Муқрин Кисрога исломни таклиф қилганида, Кисро деди:”Мен шу кунгача сизлардан кўра кам сонли, бечора ва ёмон халқни кўрмаганман. Сизларни кичик шаҳарларга тобеъ қилиб қўйсак кифоя қилар эди. Форсга қарши бош кўтармас, озгина қўшин жўнатсак қўрқиб жим бўлар, қийинчиликдан қўзғолон кўтарса то йиғим-терим мавсуми келгунича озроқ озиқ-овқат, кийим-кечак юборсак босилар эдингиз. юмшоғроқ муомала қиладиган бирор бошлиқ тайинлаб қўйсак жим юрардиларинг”.
Шунда Муғира ибн Зурора Усайдий туриб: “Эй, подшо! Сен айтган сифатлар ҳақиқатан бизда бор эди. Ҳолатимиз жуда ночор, оч-наҳор, турли хил қўнғизлар, чаён ва илонларни ер эдик. Уйларимиз оддий, гоҳида уй-жойсиз яшар эдик. Кийимларимиз туя ва қўйларнинг жунидан бўлган. Бир-биримизни ўлдиришни, бир-биримизни талашни дин деб билардик. Нонимизга шерик бўлмасин, деб қизларимизни тириклай кўмар эдик. Шу кунгача ҳолатимиз шунақа эди. Аллоҳ таоло бизга орамиздан бир яхши одамни пайғамбар қилиб юборди. Насл-насаби тоза, ота-боболари машҳур, туғилган шаҳри энг яхши шаҳар, қабиласи ҳам пешво қабила. Унинг ўзи ҳам орамизда ҳамма ҳавас қиладиган даражада энг яхши инсон эди. Энг ростгуй ва жуда ҳалим эди. У бизни исломга даъват қилди. Исломни энг аввал унинг тенгқури Абу Бакр қабул қилди. Ундан сўнг халифаси бўлди. У Пайғамбар келтирган хабарларни биз ёлғон дедик, Абубакр рост деди, унинг иймон ва ишончи зиёда бўлди, бизда эса акси бўлаверди. У Пайғамбар нима башорат айтса воқеъликда амалга ошаверди. Аста-секин Аллоҳ таоло қалбимизга иймон нурини солди ва унга ишондик ва эргашдик. Шундай қилиб, оламларнинг Роббиси билан бизнинг орамизда воситачи бўлди. Сўзласа Аллоҳнинг сўзини сўзлар, буюрса Аллоҳнинг буйруғи билан буюрар эди. Бизга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини етказди: Аллоҳ таоло айтган: “Мен якка-ёлғиз илоҳман, менинг шеригим йўқдир, ҳеч нарса йўқ вақтда ҳам мен бор эдим. Мен Раҳмдиллигим билан сизларга мана бу Пайғамбарни юбордим. У билан сизларга нажот йўлини кўрсатаман. Ўша йўлда бўлганлар ўлимдан сўнг азобдан нажот топади ва жаннатимга киради. Сизлар у Пайғамбарнинг Ҳақ таолонинг ҳузуридан келиб ҳақ динни етказганига гувоҳлик берасизлар. Бу ҳақ динда ким сизларга эргашса сизлар билан тенг ҳуқуқлидир. Ким эргашмаса ўлпон таклиф қилинглар, тўласа ўзларинг ва оилаларингни қандай ҳимоя қилсаларинг уларни ҳам шундай ҳимоя қилинглар. Агар ўлпонга ҳам унамаса уларга қарши жанг қилинглар. Ўрталарингда Мен ҳукм чиқарувчиман. Сизлардан ким шу йўлда вафот этса жаннатимга киргизаман. Вафот этмай давом этганларга душманлари устидан ғалаба бераман”.
Эй Кисро! Хоҳласанг исломни қабул қилиб мусулмон бўл ва Аллоҳнинг азобидан нажот топ!”. Ёки ўзингни паст олиб ўлпон тўлашни танла ёки урушни”, -деди. Кисро: “Менга шундай сўзлар билан мурожаат қиляпсанми?” -деб ғазабланди. Муғира: “Менга гапирганинг учун мурожаат қилдим, агар бошқа биров гапирганида сенга мурожаат қилмасдим”-деб жавоб қилди. Кисро: “Агар “элчига ўлим йўқ!”-деган қоида бўлмаганида сизларни ўлдиртирар эдим”-деди. Сўнгра хизматкорларига: “Бир қоп тупроқ олиб келинглар-да, бу элчиларнинг энг ҳурматлисига ортиб, уларни то Мадоин дарвозаларидан чиққунча қувиб солинглар”-деди. Бориб бошлиғингизга айтинг, мен сизларнинг устиларингизга Рустамни юбораман. У сизни ва бошлиқларингизни Қодисия жарликларига кўмади, токи бу сизлардан кейингиларга ибрат бўлсин. Сўнгра мен юртингизга бориб қолганларга бундан баттарини тоттираман”-деб элчиларга дўқ-пўписа қилди.
Қиссанинг давомида Осим ибн Амр қопдаги тупроқни кўтариб олди ва уни форсларни ўз юртида мағлуб қилишга йўйди. Бундан Рустам ҳам Аллоҳ таоло уларнинг юрти ва халқини мусулмонларга ўлжа қилиб беради, деб шумланиб қўрққан эди.
Сўнгра Кисро Рустам бошчилигида катта қўшинни мусулмонларга қарши жўнатди. Рустам “Ақиқ” деган жойга келиб тўхтади, ва Заҳро ибн Ҳавийяга хат ёзиб, уни чақиртирди. Заҳро келганида унга катта маблағ ваъда қилиб, мусулмонларни форс билан сулҳ тузишга рози қилишини сўради. Заҳрога юмшоқ гаплар билан аврамоқчи бўлди ва: “Сизлар бизнинг қўшниларимиз эдиларинг, сиз арабларнинг катта қисми бизнинг қўл остимизда эди….” деган гапларни сўзлади.
Заҳро унга жавобан: “Сенинг айтганларинг тўғри, биз ҳозир у муаммолар учун келмадик. Сизлардан мол-дунё талаб ҳам қилиб келмадик. Бизнинг истагимиз ва мақсадимиз охиратдир. Ўзинг айтганингдек, бизлар бундан аввал сизларнинг қўл остингиздаги халқ эдик, бизлардан баъзилар сизларга бўйсуниб келиб, хушомадгўйлик қилар ва шу билан сизлардаги нарсалардан умидвор бўларди. Сўнгра Аллоҳ таоло бизларга Пайғамбар юборди. У Пайғамбар бизни Роббисига даъват қилди, қабул қилдик. Аллоҳ таоло Пайғамбарига: “Мен бу тоифани менинг динимни қабул қилмаганлар устидан ҳукмрон қилиб қўйдим. Бу тоифа билан инкор қилганларни жазолайман. Бу тоифа модомики, бу динда мустаҳкам турар экан, уларга ғалаба беравераман. Бу ҳақ диндир. Ким бу диндан юз ўгирса хор бўлади ва ким бу динни маҳкам ушласа азиз бўлади”-деди.
Рустам: “У қандай дин?”-деб сўради. Заҳро: “Унинг энг асосий устуни бўлган шаҳодат калимаси яъни, “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари”, деб гувоҳлик бериш ва Аллоҳнинг ҳузуридан келган нарсаларга иқрор бўлиш”-деди. Рустам: “Бу жуда яхшику! Яна нима?”. Заҳро: “Инсонларни инсонларга ибодат қилишдан қайтариб, Аллоҳга ибодат қилишга йўллаш”. Рустам: “Бу ҳам чиройли иш, яна нима?”. Заҳро: “Инсонлар ҳаммаси Одам ато ва момо Ҳаввонинг болаларидир. Демак, ҳаммаси ота бир, она бир ака-укадирлар”. Рустам: “Қандай ҳам яхши!”. Сўнгра Рустам: “Агар мен бунга рози бўлиб, динингизни қабул қилсам, халқим ҳам қабул қилса, сизлар нима қиласизлар? Қайтиб кетасизларми?”. Заҳро: “Албатта, қайтиб кетамиз. Юртларинга фақат тижорат ва бошқа юмушлар учунгина борди-келди қилишимиз мумкин”. Рустам: “Тўғри айтаяпсан, аммо форс халқи Ардашернинг подшолигидан буён паст табақадан бирор киши ишидан четланса омон қўймайди. Улар: “Агар бу ишдан четланса уларнинг юксалишига тўсқинлик қилади ва обрўли одамларга душманлик қилади”,деб ўйлашади. Заҳро унга жавобан: “Биз доим инсонларга яхшилик истаймиз. Сен айтган пасткашлик қўлимиздан келмайди. Инсон қайси тоифадан бўлса ҳам у билан Аллоҳ таоло буюрганидек муомала қиламиз. Кимнингдир Аллоҳга осий бўлиши бизни йўлимиздан қайтаролмайди”,деди ва қайтиб кетти.
Рустам иккинчи куни бошқа элчи жўнатишини сўради. Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) бу сафар Рибъий ибн Омир (розияллоҳу анҳу)ни Рустамнинг олдига юборди. Рустам элчининг келишига уни дунёга маҳлиё қилиш учун қабулхонани турли хил қимматбаҳо безаклар билан безаттирди. Қиммат гиламлар, кўрпа-тўшаклар, ёқут-у марваридларни намоён қилиб қўйди. Бошига қимматбаҳо тожини кийиб, тиллодан ясалган сўрида ўтириб кутиб олди. Рибъий эса дағал матодан тўқилган кийимда, қалқонини тақиб, кичикроқ байтал от миниб борди. Отини безалган чодирнинг ичигача қимматбаҳо гиламни босиб киргизди ва у ердаги устунларнинг бирига боғлади. Жанговар кийими билан ичкарига кириб борди. Форслар унга “Қурол-аслаҳаларингни ечиб кир” деса, у: “Мен ўзим хоҳлаб келмадим, балки сизлар чақиртирганларингиз учун келдим, қўйсаларинг шу ҳолимда кираман, йўқса қайтиб кетаман” деди. Рустам: “Қўйинглар кираверсин!”-деди. Рибъий кўрпа-тўшаклар устидан найзасига суяниб ўтиб уларни ҳаммасини тешиб ташлади. Форслар ундан: “Бу ерларга нима учун келдиларинг?-деб сўради. Рибъий: “Аллоҳ таоло бизларни Ўзи хоҳлаган бандаларини инсонларга қуллик қилиб ибодат қилишдан қайтариб, ёлғиз Аллоҳнинг ўзига ибодат қилишга йўллаш, дунё танглигидан ҳурриятга етаклаш ва фасод бўлган динларнинг зулмидан исломнинг адолатига олиб чиқиш учун юборди. Ўзининг дини бўлмиш ислом динига бўйсунишимиз ва Ўзи яратган халқини шу динга чақиришимиз учун бизни юборди. Ким шу динни қабул қилса уларга тегмай қайтамиз, молу жони ва юрти ўзиники бўлиб қолаверади. Ким бу динни қабул қилмай бош тортса, унга қарши жанг қилаверамиз ҳатто Аллоҳнинг ваъдасига йўлиққинимизча”. Рустам: “Аллоҳнинг ваъдаси нима?” деб сўради. Рибъий: “Исломни қабул қилишдан бош тортганларга қарши кураш йўлида вафот этганларга жаннат ва ҳали вафот этмасдан давом этаётганларга ғалаба”-деди.
Рустам форснинг катталари билан маслаҳат қилиш учун алоҳида қолди ва уларга: “Нима дейсизлар? Бу одамнинг сўзидай тўғри ва ҳаққоний сўзни эшитмаган бўлсаларинг керак?”-деди. Улар эса бундан дарғазаб бўлиб: ”Эҳтиёт бўлгин! Бу итнинг динига кўнглинг мойил бўлиб, ўз динингдан воз кечмагин, бунинг усти-бошига қара” -дейишди. Рустам: “Ҳолинга вой бўлгурлар! Унинг усти-бошига эмас, гапига ва хулқ-атворига қаранглар”-деди. Шунда форс катталари унинг қуролларини тортиб олишди.
Шундай қилиб, форсликлар ҳақ динни қабул қилишдан бош тортди ва жанг қилишни танлади. Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани насиб этди ва форсни мағлуб этиб, кўпини асир олди. Форс подшоси Яздажард ёрдам сўраб Чин подшосига мактуб ёзди ва унда мусулмонлар таърифини баён қилди. Чин подшоси унга жавобан: “Мен боши Шомга етганида охири Чинда турадиган даражада кўп қўшин жўнатишим мумкин, лекин мусулмонлар сен таърифлагандек бўлса, уларга бутун дунё халқи ҳам қарши тура олмайди. Сенга маслаҳатим, улар билан сулҳ тузиб, адолатининг соясида хотиржам яшагин”.
Асадулло Холмуродов
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси






