Инсон саломатлиги — жамият бойлиги, миллат келажагининг мустаҳкам пойдеворидир. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда эса спортнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Айниқса, футбол каби оммавий спорт турлари инсоннинг нафақат жисмоний, балки руҳий ва ижтимоий фаоллигини ҳам оширади. Бугунги кунда спорт инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб, соғлом авлодни тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.


Футбол — дунё бўйлаб миллионлаб инсонларни бирлаштирган, жамоавий ҳамжиҳатлик ва интизомни тарғиб этувчи спорт туридир. Тиббий тадқиқотларга кўра, мунтазам футбол ўйнаган инсонларда юрак-қон томир тизими фаолияти яхшиланади, мушаклар мустаҳкамланади, организмнинг чидамлилик даражаси ортади. Шу билан бирга, футбол инсонни доимий ҳаракатга ундаб, ортиқча вазн, стресс ва турли касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради.


Спортнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — инсон қалбига ижобий таъсир кўрсатишидир. Футбол майдонида жамоавий ҳаракат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик туйғулари шаклланади. Бир мақсад йўлида ҳаракат қилиш инсонларда дўстлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлайди. Бу эса таълим муассасаларида соғлом маънавий муҳит қарор топишига хизмат қилади.



Шу маънода, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударрисларининг ҳар ҳафта мунтазам равишда футбол ўйинларини ташкил этиб келаётгани таҳсинга сазовордир. Ушбу спорт тадбирлари орқали устозлар нафақат жисмоний фаолликни таъминламоқда, балки соғлом турмуш тарзини амалда тарғиб этмоқдалар. Жамоавий ўйинлар эса ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва самимий муносабатларни янада мустаҳкамламоқда.
Бугунги глобаллашув даврида инсон саломатлигини асраш, айниқса ёшлар ва зиёли қатлам ўртасида спорт маданиятини ривожлантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Зеро, спорт билан шуғулланган инсоннинг иродаси бақувват, фикри тетик ва ҳаётга интилиши баланд бўлади. Соғлом инсон эса жамият тараққиёти ва миллат равнақи учун энг катта таянчдир.
Хулоса қилиб айтганда, спорт — инсон саломатлигининг кафолати, жамият соғломлигининг муҳим омилидир. Футбол эса нафақат қизиқарли ўйин, балки тарбия, интизом ва соғлом ҳаёт мактабидир. Шу боис ҳар бир инсон ҳаётида спортга алоҳида ўрин бериши, соғлом турмуш тарзини кундалик одатга айлантириши зарур.
📝Тарбиячи-педагог Абдусатторий Абдуллоҳ





