Луғавий маъноси: “Вақф” сўзи луғатда тўхтатмоқ, ушлаб турмоқ ва тиймоқ каби маъноларини англатади.
Истилоҳий маъноси: Нарсанинг аслини Аллоҳнинг мулкида ушлаб турган ҳолда унинг манфаатини садақа қилишдир.
Вақф кўчмас мулк (ер, уй, масжид ва мадраса) ва вақф қилиш урф бўлган кўчар мулк (мусҳаф, жаназо жиҳозлари, ўчоқ, қазон ва ҳаказо) буюмларни вақф қилиш мумкин.
Вақфнинг жорий қилиниши:
Жоҳилият даврида ҳали вақф жорий қилинмаган эди. Уни илк бор Ислом дини жорий қилган. Қуйидаги оят ва ҳадислар вақфнинг шаръий жорий қилинганига далолат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ
Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! (Бақара сураси, 267-оят)
عن أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال: كَانَ أَبُو طَلْحَةَ أَكْثَرَ الْأَنْصَارِ بِالْمَدِينَةِ مَالًا وَكَانَ أَحَبَّ أَمْوَالِهِ إِلَيْهِ بَيْرُحَاءَ وَكَانَتْ مُسْتَقْبِلَةَ الْمَسْجِدِ وَكَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَدْخُلُهَا وَيَشْرَبُ مِنْ مَاءٍ فِيهَا طَيِّبٍ فَلَمَّا نَزَلَتْ» لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ« قَامَ أَبُو طَلْحَةَ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ تَعَالَى يَقُولُ فِي كِتَابِهِ » لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ« وَإِنَّ أَحَبَّ أَمْوَالِي إِلَيَّ بَيْرُحَاءَ وَإِنَّهَا صَدَقَةٌ لِلَّهِ أَرْجُو بِرَّهَا وَذُخْرَهَا عِنْدَ اللَّهِ فَضَعْهَا يَا رَسُولَ اللَّهِ حَيْثُ شِئْتَ فَقَالَ بَخٍ ذَلِكَ مَالٌ رَائِحٌ ذَلِكَ مَالٌ رَائِحٌ قَدْ سَمِعْتُ مَا قُلْتَ فِيهَا وَأَرَى أَنْ تَجْعَلَهَا فِي الْأَقْرَبِينَ قَالَ أَفْعَلُ يَا رَسُولَ اللَّهِ فَقَسَمَهَا أَبُو طَلْحَةَ فِي أَقَارِبِهِ وَبَنِي عَمِّهِ. رواه البخاري
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Толҳа Мадинада ансорийлар ичида мол-мулк энг кўп киши эди. Молу мулкининг ичида «Байруҳо» (боғи) энг маҳбуби эди. Бу боғ масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боғга кириб, ундаги ширин сувдан ичар эдилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз», ояти нозил бўлганда, Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло Ўзининг китобида «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» деяпти. Мол-мулким ичида мен учун энг маҳбуби «Байруҳо» (боғи)дир. Уни Аллоҳ учун садақа қилдим. Унинг Аллоҳнинг ҳузуридаги яхшилиги ва савобидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, сиз уни сизга ўзингиз хоҳлаган жойга ишлатинг», деди. Шунда у зот: «Яхши, бу фойда берувчи мол, бу фойда берувчи мол. Бу боғ ҳақида нима деётганингни тушундим. Мен уни қариндошларингга ишлатсанг дейман», дедилар. У: «Худди шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Кейин уни Абу Толҳа қариндошлари ва амакисининг ўғилларига ўртасида тақсимлаб берди. Имом Бухорий ривоят қилган.
عن أَبي هريرة رضي الله عنه أنَّ رسول الله صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِذَا مَاتَ الإنْسَانُ انْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلا مِنْ ثَلاثٍ: صَدَقةٍ جَاريَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ». رواه مسلم.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсон вафот этса, амали кесилади. Фақатгина уч нарсадан; садақаи жория ёки фойдали илм ёки унинг ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар». Имом Муслим ривоят қилган.
Вақфнинг жорий қилиниш ҳикмати:
Мусулмонлар ўртасида ижтимоий бирдамликни юзага чиқаришда вақфнинг ўрни катта экани тарихдан маълум. Вақф сабабли етимлар, камбағаллар ва бева-бечоралар модий таъминланади. Жамятнинг илмий ва фикрий ҳаёти ривожланиши учун вақф ёрдамида илм толибларининг таъминоти кафолатнади. Вақф ёрдамида масжид ва мадрасалар каби омма учун манфаатли бўлган турли иншоотлар бино қилинади. Вақф сабабли инсон улкан ажр-савобларни қўлга киритади. Ижтимоий ҳаётда вақфнинг ўрни жуда ҳам муҳим бўлгани учун уламолар фиқҳ китобларида унга алоҳида боб ажратишган ва бу боб энг катта боблардан бири ҳисобланади.
Вақфнинг ҳукми:
Вақф сабабли банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилгани учун бу амал мустаҳаб амали ҳисобланади.
«Кўкалдош» ўрта махсус билим юрти
мударриси Холмўминов Жалолиддин