Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси, 159-оятида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар…”
Гўзал хулқ инсонга безак бўлиб, унинг зоҳирий ва ботиний оламини зийнатлайди, ёмон хулқ эса аксинча, инсонга нуқсон бўлиб, унинг обрў-эътиборига зиён етказади. Хулқи гўзал инсонлар жамиятда ҳурмат ва эътибор топгани каби, бадхулқ кимсалар хор ва беқадрдирлар.
Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлайди. Бу муқаддас диннинг замирида кишиларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш ётади ва унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Муқаддас динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда.
Аллоҳ таоло Ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлоқи ҳамида соҳиби бўлмиш сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам динимизнинг ҳар бир кўрсатмасини ўзларининг ҳаётларига тадбиқ қилиб кўрсатиб бердилар.
Кишилик жамиятини ўзаро муносабат ва муомаласиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар биримиз кундалик ҳаётда ўзаро муомалада бўламиз. Агар тафаккур қилиб кўрилса, бунинг ҳам ўзига хос одоб ва меъёрлари мавжудлиги намоён бўлади. Муқаддас динимиз инсонларнинг ўзаро муносабат жараёнида хушфеълликка чақиради ва бадфеълликдан қайтаради. Одобли одам бошқалар билан яхши муносабатда бўлиб, катталарни ҳурмат қилади, кичикларга шафқат кўрсатади. Одобли киши ўз обрўсини тўкадиган ҳаракатлардан узоқ бўлади. Мабодо шундай бир ҳаракатни содир этса, уялиб юзи қизаради ва виждони азобланади. Ана шундай ҳиссиётга эга бўлган киши одобли ва ҳурматли инсон саналади. Ислом динида одоб ва ҳаё одамларни ножўя ишлардан сақловчи бир қалқон, ҳимоячидир. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида шундай марҳамат қилдилар: «Қиёмат куни тарозида ҳеч бир нарса мўминнинг гўзал ахлоқидек оғир бўлмайди. Аллоҳ таолога қўпол, оғзи бузуқ кимса асло севимли эмас. Унга душман бўлади»
Бир одам уйида сичқон кўпайганидан шикоят қилди. Унга: “Бир мушук топсанг сичқонлардан қутиласан!» дейишди. У киши: “Сичқонлар мушук келганини сезиб қўшнимизнинг уйига қочишларидан ва шу тариқа ўзим хоҳламаган нарсани қўшнимга хоҳлагандай бир аҳволга тушиб қолишдан, андиша қиламан” — деб жавоб берди.
Мазкур ривоятдан маълум бўладики, ҳақиқий иймон эгаси ўзига истамаган нохушликларни, қўшнисига ҳам хоҳламайди. Агар бунинг акси бўлса, у бировга хоҳлаган ёмонлик ўзига қайтиб келиши мумкин.
Ҳақиқий мўъмин-мусулмон ўз диндошигагина эмас, ҳатто ўзга диндаги шахсларга ҳам жабр ва хиёнат қилмайди, кези келганда, уларга иззат-икром кўрсатади. Табиийки, бу амаллар ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин, инсон ўзини имкон қадар гўзал хулқларга кўниктира бориши лозим. Вақти келиб, бу одатлар унинг учун табиий ҳолатга айланиб қолади. Ҳазрат Алишер Навоий ҳақиқий мўминнинг сифати ҳақида шундай битган эдилар:
Ким мусулмонлиғ айласа даъво
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурурки, солимдур.
Тилию илгидин мусулмонлар.
Яъни, кимки мусулмонман деса, сўзини исботлаш учун жонини фидо қилиши шарт эмас. Балки қўли ва тили билан бошқа инсонларга зиён-заҳмат етказмаса, ана шу ҳақиқий мўминликнинг белгисидир.
Оиланинг гўзал бўлиши, ундан солиҳ инсонлар етишиб чиқиши эр ва хотиннинг ўзаро муомала борасида оқил бўлишликларини талаб қилади. Зеро Савари коинот саллоллоҳу алайҳи васаллам бу тўғрида ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар: “Хулқи яхши мўъмин имони комил мўъминдир. Хотинларига яхши муносабатда бўлганлар, сизларнинг энг яхшиларингиздир”. Шундай экан ҳар бир эркак оилада ўз жуфти ҳалолига нисбатан илиқ муносабатда бўлмоғи лозим. Ўз навбатида аёл ҳам эрига нисбатан хушмуомала бўлмоғи зарур. Бу эса фарзандлар тарбиясида муҳим омилдир. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Фойдасиз сўзларни сўзламаган кишининг имони нурли бўлади». Фарзандларимизни жисман ва маънан соғлом қилиб тарбиялаш нафақат ота-онанинг балки жамаиятнинг ҳар бир кишиси олдидаги масъулиятли бурчдир. Чунки келажагамиз фаровонлиги ўсиб келаётган ёшларимизнинг салоҳиятига боғлиқ. Шунинг учун боболаримиз:
Болани ёшдан асра,
Ниҳолни бошдан асра! – деган ҳикматни бежиз айтишмаган.
Фарзанд тарбияси жуда нозик масалалардан ҳисобланади. Бу борада қўни-қўшниларнинг, маҳалла-кўйнинг роли ҳам беқиёсдир. Чунки бир боланинг гўзал одоби оилага, қўни-қўшнига, маҳаллага бирдек таъсир қилганидек, тарбиясизлиги ва зарарли иллатлари ҳам бутун жамият учун хатарлидир. Шундай экан, унинг тарбиясида ҳар бир киши ўзини масъул билиши ва ўз одоб-ахлоқи билан уларга ўрнак бўлиши лозим.
Маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари
А.Ғаниев тайёрлади