“Имом Аъзам Абу Ҳанифа (мужтаҳид шогирди) Абу Юсуфга:
Шофеий Робиъга, Аҳмад ўғли Абдуллоҳга, Молик Ибн Қусамга (роҳимаҳумуллоҳ):
“Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, бас уни ол ва мени сўзимни тарк қил” дейишди.
Жоҳил оми эса бу гап унга айтилган деб ўйлади…”
Шайх Фозил Муҳаммад Воил ал-Ҳанбали сўзларидан.
“Имом Шофеийнинг ушбу (Агар саҳиҳ ҳадис кўрсанг, ўша менинг мазҳабимдир) деб айтган гапларининг маъноси, кимда ким саҳиҳ ҳадис кўрса “Бу Имом Шофеийнинг мазҳаби” деб, унинг зоҳирига қараб амал қилишлиги керак дегани эмас.
Бу гаплар ўзидан олдингилардек, ёки уларга яқинроқ мақомда бўлганлар, ёки мазҳабдаги ижтиҳод рутбасидаги (“мазҳабдаги мужтаҳид”) кишиларга тегишлидир.
Бунинг шарти шуки, олим ушбу ҳадисдан Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ воқиф бўлмаган ёки сифатини билмаган деган гумони ғолиб келишидир. Бу эса, Имом Шофеий ва шогирдларининг барча (!) китобларини мутолаа қилгандан кейингина бўлади. Бу эса ўта қийин ишдир, ва жуда камчилик бу мақомга эришган.
Зеро, Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ кўп ҳадисларнинг зоҳирига кўра ҳукм қилмаган, чунки у зотда бу ҳадис насх бўлганига йўки кўчма маъноси борлигига ёки юзаки шарҳ қилинмайди дейишга далил-асос бўлганидир.
Шайх Абу Амр роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Шофеийнинг сўзларининг маъноси ҳадисдан кўрган ҳужжатига кўр-кўрона эргашиб кетиш эмас, дарҳақиқат, ҳар бир фақиҳ ҳам ўзи ҳадислардан ҳужжат деб топганига тўғридан тўғри амал қила олиш даражасига ета олмаган.”
(“Ал-Мажмуъ шарҳу Муҳаззаб” 1-жилд, 104-105 бетлар)
Хулоса ўрнида, ҳудди шу каби гаплар Имом Абу Ҳанифадан ҳам ривоят қилинган. Шу гапни кўтариб олиб, бир иккита ҳадисни ўқиб, “Мана саҳиҳ ҳадис, мазҳабингни гапини қўй, ҳадисга эргашайлик” деб ташлайдиганлар кўп.
Уларнинг бундай дейишга умуман ҳақлари йўқ! Зеро, мазҳабнинг китобларини баъзисини ўқиш у ёқда турсин, уларнинг илми алиф ба та са дан уёғига ўтмайди! Бундай жоҳиллар бир четда жим туришса динга ҳам, жамиятга ҳам фойдали бўлар эди!
Мусаев Муҳаммад Амин
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси





