Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини тўлиқ қилиб беради, ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам беради. Албатта, У мағфиратли, ўта шукр қилувчидир (яъни, озгина яхши амал учун ҳам кўп мукофот беради)” (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Қуръон тиловат қилган, намоз ўқиган инсонлар ҳечам касодга учрамайдиган тижорат қилган бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Қуръонни моҳирона тиловат қиладиган қори элчи, ёзувчи, ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир. Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади )”.
Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни: “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?” дедим. У зот: “Аллоҳга тақво қил! Чунки барча ишларнинг боши тақводир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, яна насиҳат қилинг”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон тиловат қил. Зеро, бу сен учун ерда нур, осмонда захира бўлади ”, деб марҳамат қилдилар ”.
Ушбу ҳадислар Қуръон ўқиш фазилати улканлигига далилдир.
Мўмин киши бу далиллага айниқса савоблар кўпайтириб бериладиган Рамазон ойининг 1000 ойдан афзал кеча — «Қадр» кечасини Қуръон ўқиш, маъноларини тафаккур қилиш билан безашга эътиборли бўлиши ва ҳар бир дақиқани ғанимат санамоғи лозим. Бу кечага Қуръонни хатм қилиш нур устига аъло нурдир. Ушбу савобли амалга яна бир фазилатли амални эргаштирсак нима дейсиз!?
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Расулуллоҳ, қайси амал Аллоҳ учун энг севимли?» деб сўради. У Зот: «Манзилга тушиши билан қайта жўнайдиган (одамнинг амали)», дедилар. У: «Тушиши билан қайта жўнайдиган (одам) ким?» деди. У Зот: «У Қуръонни бошидан охиригача ўқиб келиб, тугатиши билан қайта бошлайдиган (одам)дир», дедилар» (Термизий, Доримий, Ҳоким, Байҳақий, Табароний ва Баззор ривояти. Ривоят санади заиф).
«У Қуръонни бошидан охиригача ўқиб келиб, тугатиши билан қайта бошлайдиган (одам)дир» жумласи банда Қуръондан бирон сура ёки жуз (пора)ни ўқиб тугатиши билан дарров кейингисига ўтиши ёки Қуръонни тўлиқ хатм қилгандан кейин яна бошидан ўқишни бошлаш. Шу сабаб одатда Қуръон хатм қилинганда Нос сурасидан кейин Бақара сурасидан беш-ўн оят ўқиб қўйилади.
Яратган билганларимизга амал қилмоқлигимизга насиб этсин. Зеро Қуръон тиловати улуғ ва Аллоҳ учун севимли амалди!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
2 — курс талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов