Пешин намозининг фарзидан олдин тўрт ракъат ва фарзидан сўнг икки ракъат суннат намозлари ўқилади.
عَن علي رَضِىَ اللَّهُ عَنْه قال: «كان النبيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي قَبْلَ الظُّهْرِ أرْبَعاً، وَبَعْدَهَا رَكْعَتَيْنِ». رَوَاهُ الترمذي.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намозидан олдин тўрт ракъат, кейин икки ракъат намоз ўқирдилар (Имом Термизий ривоят қилади).
Бомдод намозинг икки ракъат суннатидан сўнг пешин намозининг тўрт ракъат суннати ҳам таъкидланади. Бу икки суннатдан бошқа суннат намозлар таъкидланишда баробар, бирини иккинчисидан устун кўриш йўқ.
Пешинда жамоат фарз намозини ўқиётган бўлса, пешиннинг суннатига киришиш дуруст эмас. Чунки, фарзни ўқиб бўлгандан кейин суннатни ўқишга имкон бор. Ҳаттоки, бир киши суннат намозини ўқиётганда фарзга иқомат айтилса, ўқиётган суннатни тарк қилиб жамоатга иқтидо қилади.
Сўнгра, ўз ўрнида ўқилмаган бу тўрт ракъат суннатни икки ракъат суннатдан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиш жоиз. Лекин муҳаққиқ уламолар олдин икки ракъат суннатни ўқиб, сўнгра тўрт ракъат суннатни ўқишга фатво берганлар.
Жума намозининг фарзидан олдин ҳам, кейин ҳам тўрт ракъат суннат бор.
Аср намозининг равотиб суннати
Аср намозининг фарзидан олдин тўрт ракъат намоз ўқиш мустаҳабдир. Унинг фазилати қуйидаги ҳадиси шарифда баён қилинади:
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «رَحِمَ اللَّهُ امْرَأً صَلَّى قَبْلَ الْعَصْرِ أَرْبَعًا». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد وَالتِّرْمِذِيُّ .
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Асрдан олдин тўрт ракъат намоз ўқиган одамга Аллоҳ раҳм қилсин”, – дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).
Ҳаким ул-уммат, мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳи: “Бу ҳадиси шарифда пайғамбар алайиссалом асрдан олдинги тўрт ракъат намозни ўқиган одамга муайян бир фазилатни баён қилиш ўрнига, “Асрдан олдин тўрт ракъат намоз ўқиган одамга Аллоҳ раҳм қилсин” деб, Аллоҳнинг раҳматини сўраб дуо қилишларида бу тўрт ракъатнинг ажр-савоби инсоннинг чегараси билан чегараланадиган даражада эмас, фақат “раҳмат” деган лафз сиғдириши мумкин бўлган чексиз эканлигига ишора бор”, –дейдилар.
Аср намозидан сўнг нафл намоз ўқиш макруҳ бўлади.
Давоми бор….
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси
Холмўминов Жалолиддин





