Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати билан ойлар султони Рамазон ойининг улуғ кунларига баҳоли қудрат ибодатлар билан ўтказдик. Шу кунларга етказгани учун ўзига беҳад шукрлар, ҳамду санолар бўлсин!
Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб ҳайит кунларини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган. Ҳайит намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган.
Ҳар йили юртимизда ҳайит куни дам олиш куни деб эълон қилиниши ану шу анъанани яна ҳам кўтаринки руҳда, ҳақиқий байрай сифатида нишонланишига сабаб бўлмоқда.
Рамазон ҳайити исломдаги энг муқаддас байрамлардан бири ҳисобланиб, бағрикенглик, биродарчилик ва раҳм-шафқат рамзи ҳисобланади.
У кунда юримизнинг ҳар хонадони, ёшу қарининг кўнглида хурсанчилик бўлади.
Аввалло, ҳайит кунини улуғлаган ҳолда ҳар мусулмон таёргарлик кўради. Улуғ кунлар олдидан тозаликка аҳамият қаратиб, ҳар бир хонадон эгаси ўз уйини ва унинг атрофларини тозалик ва поклигига эътибор беради. Шунингдек, шахсий гигенани қоидаларига риоя қилиб, ҳайит намози учун ғусл қилиш суннат амал ҳисобланади.
Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янгисини сотиб олиши мустаҳаб. Шу билан бирга хушбўйлик истеъмол қилиш бу кунларда суннат бўлади. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Буларнинг ҳаммаси инсонга улуғ кунларда инсонга файз-барака беради.
Шу билан бирга ҳайит кунлари оила аъзолари ва яқин атрофидаги инсонлар билан байрам кайфиятини тиклаш яна ҳам ҳайитнинг файзини оширади. Ҳайит кунлари сила раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи рақм қилсин”, – дедилар”. Термиз ривоят қилган.
Ҳайит кунлари совға улашилса, янада аълодир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя беришинглар, бир-бирингизга муҳаббатингиз бўлади”, – деганлар”. Байҳақий ва бошқлар ривоят қилган.
Ҳайит муносабати билан устоз ва олим кишиларни зиёрат қилиш ҳам жуда катта савобли ишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бемор кўриш, қамбағаллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.
Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим.
Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандлар йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар болалар онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги фаровон, файзли, қут-барокотлик юртда яшаб, Ватаннинг юксалиши йўлида ҳалол меҳнат қилаётган, мўминлик бурчларини чин юракдан адо этаётган солиҳ ва солиҳа Ватандошларимизга Ийди Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Яратган шу муқаддас юртимизнинг тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини барқарор қилсин! Қалбингизда неки, пок тилаклар бўлса, барчасиз ижобат топсин! Тўкин-сочинлик ва фаровонлик мудом барқарор бўлсин!
Жалолиддин Холмўминов
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси





