Жаъфар ибн Муҳаммад Қаттон айтади: Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг шундай деганини эшитганман: Мингдан кўп шайхдан ҳадис эшитганман. Ҳар биридан ўн минг ёки ундан кўп ҳадис эшитганман. Қандай ҳадис бўлмасин унинг санадини ёддан биламан.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтади: Абу Абдуллоҳнинг шундай деганини эшитганман: “Ҳозир Анас розияллоҳу анҳунинг шогирдлари ҳақида фикр қилиб кўрдим. Ҳозирнинг ўзида эсимга улардан уч юзтаси келди.
Имом Бухорий яна бир сафар шундай деган: “Ким билан учрашган бўлсам мен ундан олгандан кўра у мендан кўпроқ фойда олган”.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтади: “Ҳофиз Ражо биз турган шаҳарга ташриф буюрди. Кейин Абу Абдуллоҳнинг олдига борди-да: “Мен келишимга тайёрланиб турмадингми?!” – деди. Бухорий унга: “Аҳамият бермапман. Тайёрланганим ҳам йўқ. Агар бирон нимани сўрамоқчи бўлсанг сўра” – деди. Кейин у билан баъзи масалаларда мунозара қила бошлади. Шунда Ражо нима дейишни билмай ҳайрон қолди”. Абу Абдуллоҳ унга: “Бир нима зиёда қилмоқчимисан?” – деди. Ражо уялиб ва ҳижолат бўлиб “Ҳа” – деб жавоб қилди. Бухорий: “Ҳоҳласанг сўра” – деди. Кейин Ражо Айюбнинг исмларини турли шаклда санашни бошлади-да, таҳминан ўн учта исмини санади. Абу Абдуллоҳ эса жим турарди. Айтиб бўлгач Абу Абдуллоҳ: “Санаб бўлдингми?” – деди. Шунда Ражо бопладим, деб ўйлаб “Эй Абу Абдуллоҳ кўп яхшиликлардан бехабар экансан-ку!” – деди. Кейин Абу Абдуллоҳ ўша исмлардан еттита ёки саккизтасини нотўғри айтганини исботлаб берди-да Ражо билмайдиган олтмишта қўшимча исмни санади. Кейин Ражо унга: “Қора салла ҳақида нечта ҳадис ривоят қилгансан?” – деб сўради. Бухорий: “Сен билганларингни айт, мен тахминан қирқта ҳадис ривоят қилганман” – деди. Буни эшитиб ҳижолат бўлган Ражонинг тили айланмай қолди.
“Сияру аъломин нубало” китоби 12-жуз, 413-бет.
Давоми бор…
Пўлат Зийнатуллоҳ, Кўкалдош ЎМИБЮ талабаси





