Фатво луғатда “фатво бериш, фикр билдириш, маслаҳат бериш” маъносида келади. “Фатво” ва “футя” лафзларининг кўплиги “фатави” ва “фатаво” бўлиб, хоҳ шаръий ҳукмга оид бўлсин, хоҳ бошқа соҳага алоқадор бўлсин саволга жавоб бериш, деган маънони англатади.
Шаръий маъноси: Фатво оят, ҳадис, ижмоъ, қиёсга таяниб чиқарилган ҳукм.
Фатвонинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир неча таърифларни айтганлар:
“Муфтийнинг далиллардан олинган шаръий ҳукмларни сўровчига баён қилишидир”.
Қоррофий: “Фатво бирор нарсани лозим қилиш ё мубоҳ қилиш ҳусусида Аллоҳ таъолонинг ҳукми ҳақида хабар беришдир”, деган.
Журжоний эса: “Фатво масаланинг ҳукмини баён қилишдир”, деб таърифлаган.
Ибн Ҳамадон таърифида: “Далил ҳақида сўраган кишига шаръий ҳукмни баён қилишдир”, лейилган.
Аллоҳ таоло “Юсуф” сурасининг 43- оятида Миср азизининг тилидан ҳикоя қилиб айтади:
يَا أَيُّهَا الْمَلَأُ أَفْتُونِي فِي رُؤْيَايَ إِنْ كُنْتُمْ لِلرُّؤْيَا تَعْبُرُونَ
“Шоҳ (бир куни) деди: «Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатво (кўрсатма)сини беринг», деди.
Ушбу оятда “Афтуни” яъни жавоб беринглар деб сўралганда, шаръий ҳукмга алоқадор бўлмаган саволга жавоб сўралганига гувоҳ бўламиз.
Кейинчалик эса фақатгина шаръий ҳукмларга алоқадор саволларга жавоб беришга фатво дейиладиган бўлган. Қуръонда ҳам фатво лафзи шу мазмунни ифодалаб келган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 176 – оятида марҳамат қилиб айтади:
وَيَسْتَفْتُونَكَ فِي النِّسَاءِ ۖ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِيهِنَّ
“Сендан аёллар ҳақида фатво сўрарлар. Сен: “Аллоҳ сизга улар ҳақида фатво беради”, деб айт”.
Бу оятда фатво сўраш, диний саволга жавоб сўраш маъносида келмоқда.
Кўплаб ҳадисларда ҳам фатво сўзи худди шу маънони ифодалаб келган. Мисол учун Имом Доримий ривоят қилган ҳадисда буни кўриш мумкин:
عن عبيد الله بن أبي جعفر قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم “أجرأكم على الفتيا أجرأكم على النار“ رواه الدارمي
Убайдуллоҳ ибн Абу Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фатво беришга журъатлироғингиз, дўзахга тушишга журъатлироғингиздир», деганлар”.
Бугунги куннинг истилоҳида фатво лафзи диний саволга жавоб беришга ишлатилади. Шаръий демасдан диний дейишимизга сабаб, фатво берувчи муфтий инсонларнинг фақат фиқҳий саволларига жавоб бериш билан чекланибгина қолмасдан, улардан келадиган эътиқодий саволларга, ҳадиснинг маъноларига ва динга алоқаси бор бўлган бошқа барча саволларга ҳам жавоб беради. Шунинг учун “фатво бу диний саволга жавоб беришга айтилади”, деган таърифни ишлатсак тўғрироқ бўлади.
Холдоров Сардорбой
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси





