Маълумки, Темурийлар сулоласи асосчиси Aмир Темур ёшлигидан илм ва унинг аҳлига муҳаббат қўйган ва бу кейинчалик ҳам унинг сулоласи вакилларида яққол кўзга ташланган. Бунёдкор Aмир Темур ислом дини ривожи учун бир қанча масжидлар, мақбаралар, мадраса ва бошқа диний иншоотлар қурган бўлиб, биргина пойтахтимиз Тошкентдаги у қурдирган мақбараларни санасак уларнинг сони 10дан ошади. Уларнинг ичида Зангиота, Шайх Зайниддин ва Сузук ота каби мақбаралар ҳам бор.
Aмир Темур қайси юртларга бормасин, у ернинг уламоларини ўз ҳомийлигига оларди, бир қанчаларини пойтахти бўлмиш Самарқандга ўзи билан олиб келар еди. Улардан бири – қироат илми амирларидан бўлмиш Имом Муҳаммад ибн ал-Жазарий роҳимаҳуллоҳдир. Имом ал-Жазарий асли Дамашқда туғилганлар. Кейинчалик қироат илмининг машҳур олими бўлиб, тарқоқ ҳолда бўлган қироатларнинг силсиласини Имом Бухорийнинг ҳадис тўплашдаги шартлари асосида ўрганиб чиқадилар ва улар орасидан 10та мутавотир қироатларни ўз китобларида жамлайдилар. Бу зот бир йили ҳаж учун Ҳижоз водийсига борганларида бир гуруҳ зиёратчилар у кишига: “Бурса шаҳрида қироат илмига чанқоқ талабалар бор, уларнинг ягона орзулари сизга Қуръон ўқиб бериш, аммо олдингизга келишга маблағлари йўқ” дейишади. Буни эшитган имом: “Ундай бўлса мен ўзим бораман” деб Бурсага борадилар. Бурса ўша даврда Усмонийлар султонлиги пойтахти эди ва бу зот ташриф буюрганларидан хабар топган Султон Йилдирим Боязид, уларни ўз ҳомийлигига олади. 1402 йили бўлиб ўтган Aмир Темур ва Султон Боязид ўртасида бўлган Aнгора жангида еса Aмир Темур ғолиб бўлади ва бир қанча олимлар қатори Имом Жазарийни ҳам Мовароуннаҳрга олиб кетади. Шундан сўнг Имом Жазарий Кеш ва Самарқанд шаҳарларида бир неча йил дарс берадилар, бу эса минтақада қироат илми ривожига катта хисса қўшган.
Бу орада эса Самарқандда ўз давридаги дунёнинг энг катта масжиди – “Бибихоним” масжиди қурилиш ишлари давом этарди. Масжиднинг умумий саҳни 167 метрга 109 метр бўлиб, ҳозирги кунда фақатгина битта минораси сақланиб қолган. Унинг баландлиги 18,2 метр. Масжиднинг пештоқи нақшида “Ушбу жомеъни битқазишга 806-йилда (ҳижрий) муваффақ бўинди” деб ёзилган. Бундан келиб чиқади масжид қурилши 1404-милодий йили ўз ниҳоясига етган. Ушбу масжид XV-асргача ислом оламидаги энг катта масжид ҳисобланган. Масжид Aмир Темурнинг суюкли аёли Бибихоним номи билан машҳур Сароймулкхоним номи билан аталган.
Бундай меъморчиликни фақатгина Aмир Темур ҳуш кўрган эмас, балки унинг меросхўрлари ҳам унинг бу сифатини мерос қилиб олишган. Хусусан, Aмир Темурнинг кенжа ўғли, Хуросон хоқони Шохруҳ Мирзо ва унинг маликаси Гавҳаршодбегим. Ҳозирда Эрон ҳудудига кирувчи Машҳад шаҳрида, ҳазрати Aли авлодларидан бўлмиш 818-милодий йили вафот этган Имом Ризо дафн этилганлар. Кейинчалик бу ерда мақбара қурилади ва мусулмонлар бу ерни зиёрат қила бошлайдилар. Шохруҳ Мирзонинг ҳукмронлиги даврида Машҳад Хуросоннинг энг асосий шаҳарларидан бирига айланади. 1418-милодий йили эса унинг аёли Гавҳаршодбегим бу мақбара ёнида маҳобатли масжид барпо эттиради. Ҳозиргача бу масжидни “Гавҳаршод масжиди” деб номлашади. Кейинги даврларда бу ерда яна янгидан янги масжид ва бошқа турдаги бинолар иншоот этилади ва ҳозирга келиб 600.000 квадрат майдонга эга улкан бир комплексни ташкил этади.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти 1-курс толиби Илҳомий Икромбек






