Ҳиммати олий киши пасткашга буйсунмайди, бемаъни нарсалар билан қаноатланиб қолмайди. Улуғ ишларгагина рози бўлади.
Шеър: “Осмонда жуда юқори учаётган бургутга: “Само ҳеч нарсаси йўқ қуруқ ҳавоку, пастга тушгин?!”, дедим. Бургут менга: қанотларим ва қатъиятим олдида осмон ҳам ўлжалари кўп яйловдир”, деди”.
Бу яйловдан албатта пастдагилар бехабар.
Шеър: “Бирор ишни танласанг, юлдузлардан пастига рози бўлмагин, арзимас ишларда ҳам буюк ишларда ҳам ўлим аччиғи бор”.
Софиюддин Ҳиллий айтади: шеър; “Орзуларимизга етиш йўлидан қайтмасмиз, агарчи шу йўлда ажалимизни кўрсак ҳам”.
Ҳиммати олий киши бу дунёда бирор яхши ишни орттиролмаса ўзи бу дунёда ортиқча бўлиб қолишини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун у ҳаётнинг бир четида қолиб кетишга рози бўлмайди, балки, ҳаётнинг қайноқ нуқталарида бошқаларга яхшилик билан таъсир ўтказадиган инсон сифатида яшашга ҳаракат қилади.
Яъни шеър: “Инсон бу ҳаётда ташландиқ каби, бировга фойдаси тегмай яшаса, унда яхшилик йўқдир”.
Али ибн Муҳаммад Котиб Бустий айтади: Яъни шеър: “Мен бирор кунимни қўлим билан бир яхшилик қилиш ё бирор нарса ўрганиш билан ўтказмасам яшашимдан нима фойда?”.
Ҳиммати олий кишининг ҳиммати доим уни инсон қудрати етадиган улуғ ишларни қилишга ундаб туради. Бу ишлар гоҳида оғир ва қийин бўлиши мумкин, аммо у Аллоҳнинг тавфиқи билан Ўзига таваккал қилган ҳолда қийинчиликлрни енгиб ўтишга ҳаракат қилади.
Бу дегани олий ҳимматли бўлиш – ҳаддан ошиш дегани эмас. Балки доим олдинга интилувчан демоқдир. Ҳиммати олий дам олиш ва кутиб туришни билмайди.
Шеър: “Оёқлари ерда, аммо ҳиммати юлдуз каби одам бўлгин. Балки ҳиммати юлдузлардан ҳам баланд бўлади ва жаннатнинг олий даражаларидан бошқасига қаноатланмайди”.
Умар ибн Абдулазиз (роҳимаҳуллоҳ) Дукайнга айтди: “Эй, Дукайн! Менинг астойдил интиладиган нафсим бор, аввал ҳокимликка интилди ва етди. Сўнгра халифаликка интилди ва етди. Энди эса жаннатга интилмоқда”.
Имом Ибн Жавзий айтади: “Ким мусаффо фикрини ишлатса, уни улуғ мақомларни эгаллашга ундайди ва ҳар қандай ҳолатда паст нарсаларга рози бўлишдан қайтаради”.
Абу Тоййиб Мутанаббий айтади;
Яъни шеър: “Одамларнинг айблари орасида бир ишни мукаммал қилишга қодир бўла туриб, ўша ишни чала қилганидек айбни кўрмадим”.
Ақлли киши имкони борича ишнинг охиригача қилмоғи керак. Агар инсон самода учиб юриш имкони бўлса, унинг ерда юриши айбдир. Агар Пайғамбарлик инсон ижтиҳоди билан топилганида ҳам, бу инсон унга эришишда лоқайдлик қилар эди.
Бироқ, булар имкони йўқ нарсалар бўлса, имкони бор нарсаларга ҳаракат қилиш керак. Донишмандлар айтади: ”Инсон ҳимматининг кўтарилиши мумкин бўлган энг юқори чўққи бу – илм ва амалда имкони бўлган нарсалардир”.
Бу ўринда баъзи айтилган нарсалар айтилмай ўтилган нарсаларни ҳам ўз ичига олишини шарҳлаб ўтамиз.
Баданда: Инсоннинг шакли ва сурати касб қилиб топиладиган нарса эмас. Аммо у шаклни чиройли ва озода сақлаш инсоннинг касбига киради. Ақлли кишининг ўзига эътибор қилмаслиги хунук ишдир. Аллоҳ таоло инсон аъзосининг баъзиларини айтиб, шу билан қолганларини ҳам огоҳлантириб кетган. Масалан: тирноқларни олиш, қўлтиқ таги туклари ва қовуқ жунларини тозалашга буюрган. Саримсоқ ва хом пиёзлар ҳиди бадхўр бўлгани учун уларни ейишдан қайтарган. Бу айтилган нарсаларга бошқа айтилмаган нарсаларни солиштириб иш тутилади. Гўзаллик ва озодаликка қаттиқ риоя қилиш лозим. Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир жойдан ўтсалар хушбуй ҳидлари анқиб туришидан ўтаётгани билиниб турар эди. Поклик ва озодаликда бемисл эдилар.
Инсон ҳеч қачон соч-соқоли ўсиб, тарки-дунё қилишга буюрилмаган. Ҳамма нарсада ўрта ҳол бўлиши яхшидир.
Инсон касб ва тижоратда ҳам бошқалардан афзал бўлишга ҳаракат қилмоғи керак. Аммо унинг бу афзаллиги уни илм ўрганишдан тўсмайдиган бўлиши лозим. Илм ўрганишда эса кўпроқ тиришмоғи керак.
Инсоннинг энг катта айби бошқаларга тақлид қилиб юраверишлиги. Ўзининг алоҳида йўналиши бўлишга ҳаракат қилиш керак. Бировларга тақлид қилувчи – уни биров етаклаб юрадиган кўр кабидир.
Инсон Аллоҳ таолони таниши ва унга ибодат қилиш йўлларини жуда-жуда яхши билмоғи лозим. Ўзи етиши мумкин бўлган барча фазилатли амалларга жидду-жаҳд қилсин. Пасткаш нарсаларга рози бўлиб ҳаёт ўтказиш разилликдир. Шоир айтганидек;
Шеър: Оёқлари ерда, аммо ҳиммати юлдуз каби одам бўлгин.
Имкони бўлса ҳар бир олим ва тақводорлар ҳузурида бўлмоқ керак. Чунки улар ҳақиқий ҳиммати баланд инсонлардир. Инсон ҳиммати паст ва ноумид бўлгани учунгина кўп нарсаларда тўхтаб қолади. Билгинки, сен мусобақа майдонидасан, вақт кетяпти, дангасалик қилмагин. Ким бирор нарсадан қуруқ қолган бўлса, дангасалик сабабидан қуруқ қолган, ким бирор нарсага эришган бўлса, ғайрати ва қатъияти билан эришган. Инсон ҳиммати қалбида худди қозон қайнагани каби қайнаб туради.
Баъзи салафи солиҳлар айтади: яъни шеър: “Менда бир нарсага такрор уринаверадиган хислатимдан бошқа бойлигим йўқ. Шу хислатим билан ҳаётда яшамоқдаман. Нафсим ўзидаги озгина нарсаларга ишониб қолар, аммо ҳимматим олийликка кўз тикаверади”.Ҳимматнинг қалбда жўшиб туриши эгасини улуғворлик сари ундаб туради.
Асадулло ХОЛМУРОДОВ
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси






