Бугун 4-курс талабаларининг тафсир дарси билан танишамиз. Ушбу фан бўйича энг машҳур замондош муфассирлардан Муҳаммад Алий Собунийнинг “Равоиул баён” номли китоби дарслик қилиб олинган. Устоз – Каримов Тўлқин домла. Бугунги мавзунинг номи – “Ижтимоий ва диний хатарли жиноят”. Тўлқин домла муфассирнинг сўзларини асл матндан арабча ўқиб, талабаларга ўзбек тилида шарҳлаб беряптилар.
Ижтимоий ва диний томондан ўта хатарли ҳисобланувчи жиноят бу “рибо”, яъни судхўрлик бўлиб, энг катта гуноҳларнинг биридир. Муҳаммад Али Собуний ҳафизаҳуллоҳ бу ҳаром амалнинг руҳий, ижтимоий ва иқтисодий зарарларини санаб, қабиҳ иш эканини баён қилганлар.
Рибо билан тирикчилик қилувчи шахс одамлар қўлидаги молни тортиб олишга бел боғлаган, бировларнинг гам-андуҳи ва бахтсизлиги эвазига келган бойликни паққос туширишдан тап тортмайдиган тубан кимсадир. У тобора ваҳшийлашиб, дийдаси қотиб кетади, кўзига фақат пул кўринадиган бўлиб қолади. Ниҳоят, мулойим инсон қиёфасидаги йиртқич бўрига айланади.
Судхўрликнинг ижтимоий зарарлари инсонлар ўртасида ўзаро муҳаббат, дўстлик алоқаларни парчалашда кўринади. У меҳр-мурувват, беғараз ёрдам каби улуғвор ғояларни қувади. Нафрат, ўзаро адоват, бир-бирини кўролмаслик, кишиларга паст назар билан қараш каби иллатларни жамиятда авж олдиради.
Рибонинг иқтисодий зарарлари ҳам улкан бўлиб, у одамларни икки қисмга: ноз-неъматларга бурканиб пишқириб кетган, ўзгалар меҳнати эвазига талтайиб яшайдиган бир тўда очофатлар ва доимий йўқчилик, умидсизлик ва ғам-ғусса ичида кун кўрадиган нотавон бечораларга ажратиб ташлайди.
Ана шундай улкан зарарлари туфайли Ислом шариатида рибо ҳаром қилинган, аксинча, савдо ҳалол қилинган. Қолаверса, муҳтожларга беғараз ёрдам ва фоизсиз қарз берган кишиларга катта ажр-мукофотлар ваъда қилинган.
Мазкур ўгитлар муқаддас динимизнинг инсонпарварлик тамойилларини намоён этади, кишиларни ҳалолликка ундайди. Умид қиламизки, сабоқни берилиб тинглаётган, савол ва қўшимчалар билан дарсда фаоллик кўрсатаётган бу талабалар ҳалоллик тарғиботчилари бўлиб етишадилар ва инсоний муносабатлар ҳақидаги ўгитларни халқимизга етказадилар. Ҳозир эса уларнинг вақтларига барака ва дарсларига унум тилаб қоламиз.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати





