“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 9 февраль куни буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий ҳамда ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, давлат арбоби, саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган “Адабиётимизнинг етук намоёндалари” мавзусида учрашув ташкил этилди. Суҳбатга таклиф этилган филология фанлари доктори, навоийшунос олим, журналист ва ёзувчи Рустам Жабборов Алишер Навоий ҳамда Бобурнинг шахсияти, замондошларининг у зотлар ҳақидаги таъриф ва тавсифлари, улуғ шоирларнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, асарлари ҳақида сўзлаб берди. Даҳрийлик ҳукм сурган даврда улуғ мутафаккир шахсияти сохталаштирилиб, ундан даҳрий тимсоли ясалгани, бу тимсол бузилмаслиги учун чоп этилаётган асарларининг ҳамд ва наът ҳамда чаҳорёрларнинг сифатлари келтирилган қисмлари “қайчиланиб”, улардаги диний мавзулар эл кўзидан яширилгани, “Арбаин”, “Сирожул муслимийн” каби асарлари умуман нашр этилмагани ҳақида гапирди. Р.Жабборов Навоийнинг ҳар бир достони, ҳар бир асари “Бисмиллоҳ” билан, Аллоҳга ҳамд ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга наът билан бошланишини айтиб, мисоллар келтирди. Навоийнинг тасаввуфга оид байтлари ва ташбеҳларини эсга олиб, шарҳлади.
Талабаларнинг саволлари суҳбатни янада жонлироқ бўлишига ҳисса қўшди. Савол-жавоблар йиғилганларни қониқтириб, келгусида яна шундай давра суҳбатлари ташкил этиш истагини изҳор этдилар.


“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






