Ислом оламидаги илк мадрасалардан бири Бухорода очилган. Дарҳақиқат, Буюк ипак йўли чорраҳаси сифатида бутун жаҳон аҳлини ўзига жалб этган бу қадимий масканда нафақат савдо-сотиқ, маданият, балки илм-фан, шу жумладан, ислом маърифати ҳам тараққий этган. «Бухоро тарихи» асари муаллифи Муҳаммад Наршахийнинг гувоҳлик беришича, ислом оламидаги илк мадрасалардан бири Бухорода ташкил этилиб, «Фаржак» номи остида фаолият юритган. Кейинчалик эса ушбу илмий анъаналар янада тараққий топиб, Бухоро мадрасалари ўзига хос халқаро университет мақомида фиқҳ, тасаввуф, ҳадис илми сингари диний, алжабр, ҳандаса (геометрия), тиббиёт сингари дунёвий фанлар таълимида етакчи бўлган.
Бунинг натижасида бу муқаддас тупроқда Бухоро фақиҳлари академияси асосчиси Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Имом ал-Бухорий, Шайхур Раис Абу Али Ибн Сино, Абу Бакр Калободий, Шайх Мустамлий Бухорий, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк сиймолар етишиб чиқди. Шайх Юсуф Ҳамадоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Исо ат-Термизий, Хожа Аҳрор Валий каби улуғ зотлар шу ерда таҳсил олиб, маънавий камолотга эришган.
Мовароуннаҳрга ислом дини кириб келиши билан диний таълим ва у билан боғлиқ илмлар ҳам ривожлана бошлади. Маънавиятда ҳурфикрлилик, илм-фанга ҳурмат-эътибор ва унинг қадр-қимматини юксак баҳолаш устунлик қилди. Айниқса, диний ва дунёвий илмлар узвий ҳолда тараққий этди. Айнан шу даврдан ҳудудларда мактаблар ва мадрасалар пайдо бўла бошлади. Мадрасалар қадимдан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида алоҳида нуфузга эга ўқув маскани сифатида катта обрў-эътибор қозонган. Кўҳна Бухоро ҳам ўзининг кўп сонли мадрасалари билан ном таратган. У турли ерлардан илм таҳсили учун талабалар ташриф буюрадиган шаҳар ҳисобланган. Бу анъана кейинги асрларда ҳам давом этган. Шу сабабли аксарият муаллифлар Бухоро ҳақида сўз кетганда аввало унинг шу жиҳати билан таърифляганлар. Хусусан аштархонийлар даври муаррихи Маҳмуд ибн Вали (XVII аср) Бухоронинг илм тарқатувчи марказ сифатидаги хизматини шундай баҳолайди: «Олимларнинг кўплигидан, уни олимлар ва илм-фан булоғи деб атайди-лар».
Наршахийнинг фикрича, 937 – йилги ёнғиндан зарар кўрган «Форжак» мадрасаси Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардандир.
К.Каттаевнинг фикрига кўра, Самарқанддаги Работи Ғозиён мадрасаси яна ҳам қадимийроқ бўлиб, унда Имом Мотуридий, Абулқосим Ҳаким кабилар Муҳаммад ибн Фазл Балхийдан (ваф. 931 й.) таҳсил олганлар. Аммо Абу Ҳафс Кабир Бухорий (150-216-17 ҳиж., 768-832мил.йй.) ҳам Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солганини инобатга олсак, мазкур мадраса кўрсатилган мадрасалар билан бир вақтда, балки улардан ҳам қадимийроқ экани маълум бўлади.
Мадраса ўқув дастурининг умумий жиҳатлари Х-ХИИ асрларда ишлаб чиқилиб, кейинчалик такомиллашиб борган. Ўрта асрларда Бухоро мадрасалари илм маскани сифатида нафақат Марказий Осиёда, балки мусулмон шарқида ҳам машҳур эди.
Амир Темур ва темурийлар даврида мадрасалар олий маълумот берувчи марказ вазифасини ўтаган. Мовароуннаҳр ҳамда Хуросонда асосан давлат ва давлатманд шахсларнинг маблағлари ҳисобига кўплаб мадрасалар қурилган. Шу тариқа мадрасалар кўпайиб, олий ўқув даргоҳи сифатида диний соҳа вакиллари, сиёсий арбоблар ҳамда олимлар етиштирадиган олий ўқув юртига айланиб борган. Мадрасалар асосан хон, амалдор, бадавлат кишилар ва зиёли шахсларнинг ташаббуси билан барпо этилиб, номи ўша шахслар исми, баъзан мадраса жойлашган маҳалла, гузар номи билан аталган.
Алижонов Шероз
4-курс талабаси





