“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 8 май куни таълим муассасаси мудири Абдулҳаким қори Матқулов “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан юқори курс талабалари билан давра суҳбати ўтказдилар.



Абдулҳаким қори Матқулов Таълим муассасаси талабаларига Азиз Ватанимиз ва муқаддас динимиз равнақи учун хизмат қилиб ўтган улуғларимиз Абдулазаз қори дода, Алихонтўра Соғуний, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳумуллоҳ ва мадрасада хизмат қилиб ўтган фахрий устозларнинг ҳаётидан ибратли воқеалар, улар келажак авлодларга қолдирган илмий мерослари ҳамда ҳикматли сўзларни сўзлаб бердилар.


Абдулҳаким қори Матқулов талабаларга юқорида номлари зикр қилинган зотларнинг илмий меросларини ўрганиб, диний-дунёвий илмларни пухта эгаллаб, баркамол авлод бўлиб етишишни ва шу илм йўлида юрганда барчага одоб-ахлоқда, юриш-туришда, муомилада ўрнак бўлишга чақирдилар.


Давра суҳбати сўнгида талабалар томонидан тайёрланган хатми Қуръон қилинди. Хатми Қуръон савоблари ўтмишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича Қўмита тизимида, мадрасада хизмат қилиб ўтган барча мутаваффолар ҳамда Азиз Ватанимиз ва муқаддас динимиз равнақи учун хизмат қилиб ўтган барча мутасаддилар руҳига бағишланди.
Давра суҳбати маълумотларга бой, сермазмун ва талабаларга манфаатли бўлди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси Матбуот хизмати






