Биз кўпинча диний китоблар ёки маърузаларда барча инсон тавба қилиши лозим, маъносидаги сўзларни ўқиймиз, эшитамиз. Лекин, бу ҳақда ҳечам чуқур мулоҳаза қилиб кўрмаймиз. Эшитишнинг ўзи билан чекланиб қоламиз. Нега Аллоҳ таоло яхши кўрган бандалар бўлмиш тавба қилувчиларнинг сафига киришни, суюкли бандалардан бўлишни хоҳламаймиз?! Ёки бизнинг қўлимиздан келмайдими? Йўқ! Аллоҳ суйган тавба қилувчилардан бўлишга қодирмиз. Биз бунинг учун тавба ўзи нима эканини, тавба қилувчи ўзини қандай тутиши кераклигини, тавбаси қабул бўлиши учун зарур амалларни билиб олишимиз керак.
“Тавба” сўзи луғатда “қайтиш”, “айбга иқрор бўлиш”, “тўғрилаш”, “тузатиш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса Аллоҳдан узоқликдан Унга яқин мақомга қайтиш, қилиб қўйган ишига пушаймон бўлиш, қораланган амаллардан мақталган амалларга қайтиш, деганидир.
Тавба қабул бўлишининг шартлари:
- Маъсиятларни тарк этиш;
- Қилган катта ё кичик гуноҳларига чин дилдан афсусланиш;
- Маъсиятларга қайтмасликка азм-у қарор қилиш;
- Агар маъсият бирор кишининг ҳақида бўлса, ундан кечирим сўраб рози қилиниши лозим.
Аллоҳ таоло Нур сурасининг 31-оятида жамики инсонларни тавба қилишга буюриб, шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга барчангиз тавба қилинглар, эй мўминлар. Шоядки, нажот топсангизлар”.
Уламолар ушбу ояти каримадан келиб чиқиб тавбанинг вожиблигига ижмо қилганлар.
Ағар ибн Ясор ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар ва истиғфор айтинглар. Ҳатто мен ҳам бир кунда юз маротаба тавба қиламан”, дедилар (Муслим ривояти). Ушбу ҳадиси шарифда ҳам ҳар бир киши Аллоҳга доим тавба-тазарруда бўлиши шартлиги баён қилинмоқда. Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс Ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун тунда қўлини кенг ёзади ва тунда гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун кундузи қўлини кенг ёзади. Бу ҳолат қуёш мағрибдан чиққунича давом этади” (Муслим ривояти). Яъни, инсон чин дилдан тавба қилса, то қиёмат бўлгунича тавба қабул қилинади. дейилмоқда. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Нажот ўзида бўлатуриб, ҳалок бўлаётган кишидан ажабланаман!” дедилар. “У нима?”, деб сўралганларида: “Тавба ва истиғфор”, деб жавоб берган эканлар.
Бишр Ҳофий тунларнинг бирида ўз қасрида эди. Эшигининг ёнида хизматкорлари турарди. Бишр ўша пайтда гуноҳ-маъсиятларга берилиб кетган вақти эди. Шунда эшигига бир киши келиб, хизматкорларнинг биридан: “Бу қасрнинг саййиди ҳурми ёки қулми?” деб сўради. Хизматкор: “Саййидим Бишр ҳур киши”, деди. Ҳалиги киши: “Тўғри айтдинг. Агар у қул бўлганида, қуллик мақомини сақлар, Аллоҳга осийлик қилмас эди”, деди. Бишр унинг бу гапини эшитиб қолиб, оёқяланг олдига чиқди ва ундан: “Нима дедингиз?”, деб сўради. Ҳалиги киши хизматкорга айтган гапини қайтарди. Бишр ўша заҳоти тавба қилиб, илм, ибодат ва савобли ишларга киришди. Умрининг охиригача оёқяланг юрди. Ундан “Нима учун оёқ кийим киймайсиз?”, деб сўрашганида: “Роббим мен билан аҳдлашганида оёқяланг эдим, энди доим шундай юраман”, деб жавоб берган экан. Шу боис “Ҳофий” – “оёқяланг киши” деб лақабланиб қолган.
Кўзингизни юмиб, тасаввур қилинг, биродар, сиз гуноҳкор, тавба қилмаган ҳолатда белгиланган умрингиз тугаб, вафот этдингиз. Сизни ўз жигарларингиз, яқинларингиз сўнги манзилга олиб кетишмоқда. Қабрга… Олиб бориб кўмдилар. Кетиб улгурмасларидан, икки фаришта даҳшатли суратда келиб, оғир саволларни бера бошладилар. Жавоб бера олмаяпсиз… Тилингиз айланмаяпти… Гуноҳларингиз сабаб… Сўнг дўзахдан ўрнингиз кўрсатилди… Ана шу пайтда ҳеч шубҳасиз: “Эҳ, ҳолимга вой! Қани эди ҳозир ҳаёт бўлсам-у, тавба қилсам! Гуноҳларимни тарк қилиб, бошқа уларга асло қайтмас эдим!”, дея фарёд чекасиз… Бу шубҳасиз! Шубҳасиз шундай бўлади! Энди кўзингизни очинг. Сиз ҳали ҳаётсиз! Яшамоқдасиз! Ихтиёрингиз ўз қўлингизда. Шундай экан, энди имкониятдан фойдаланиб, жамики гуноҳларингизга чин дилдан тавба қилинг, уларга қайтманг, сиз тасаввур қилиб кўрган аянчли ҳолатни доим ёдда сақлаб, фақат Аллоҳга маҳбуб бўлган амалларда бардавом бўлинг! Иншааллоҳ, Ўзи яхши кўрган тавба қилувчилар сафида албатта бўласиз!
Аллоҳ таоло барчамизни ўз гуноҳини кўра билиб, чин тавба қилувчи бандаларидан қилсин, омин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг
3-курс талабаси Шарипов Исроилжон