Ислом дини ҳақ дин. Унинг натижаси охиратдаги саодат. Охиратдаги саодатни бир тоғнинг чўққиси десак, унга олиб борувчи йўллар, сўқмоқлар мазҳаблар бўлади. Мазҳаб йўлида юрганлар манзилга эсон-омон етиб олишса, бу йўлдан юрмаганларни турли хавф-хатарлар кутиб турибди.
“Мазҳаб” сўзи арабчадан чиройли йўл деган маънони билдиради. Истилоҳда эса бир олим ёки илмий мактабнинг тартибга солинган услуб ва фикрлари мажмуаси мазҳаб деб номланади.
Ҳозирги кунда Аҳлу Сунна вал Жамоа 4 фиқҳий мазҳаб ва 2 ақийдавий мактабларни ўз ичига олади. Булар: Ҳанафий, Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари, Ақийдавий мактаблар эса: Мотуридий ва Ашъарийдир.
Авваллари мазҳаблар кўп бўлган. Улар мужтаҳид имомларнинг йўллари бўлгани учун ўзларининг номлари билан аталган: Авзўий, Саврий, Абу Савр, Ҳасан Басрийлар бунга мисол.
Аммо, бу мазҳаблар ўз имомлари ва баъзи шогирдлари билан йўқ бўлиб кетишган. Чунки, у мазҳабларнинг усуллари тўлиқ тартибга солинмаган ёки барча жабҳаларни ўз ичига қамраб ололмаган.
Ҳанафий, Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари ўз усулларининг тўлиқлиги ва мазҳаббоши имомларнинг шогирдлари устозлари ишларини давом эттириб кенг миқёсда ёйганликлари сабаб ҳозирги кунгача сақланиб қолган ва Аҳлу Сунна жамоасида юришга ягона йўллар бўлиб қолишган. Ақийда борасида эса имом Тошкўприкзода айтганларидан: “Илми калом (ақида илми)да Аҳлу Сунна вал Жамоанинг раиси 2 кишидир. Улардан бири ҳанафий, иккинчиси шофеъий. Ҳанафийси – Абу Мансур Мотуридий, Шофеъийси – Абул Ҳасан Ашъарий”. Яъни, Имом Мотуридий Имом Абу Ҳанифанинг, Имом Ашъарий эса Имом Шофеъийнинг ақидаларини баён қилиб берганлар.
Аҳмадхўжаев Абдулазизхон
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






