Муборак овозлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари ниҳоятда чиройли бўлгани ҳақида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Пайғамбарларнинг юзи ва овози чиройли қилиб яратилган. Сизларнинг Пайғамбарингиз (Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг ичида юзи ва овози энг чиройлисидир».[1]
Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозида «Тийн» сурасини ўқидилар. Шу кунгача у зотнинг овозларидан чиройлироқ овозни эшитмаганман».[2]
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хушовоз бўлганлар.[3] Умму Маъбад айтганидек, овозларида бироз хириллаш бўлса ҳам, ўткир овозли эдилар. Бундан ташқари, у зотнинг овозлари бошқаларнинг овози етиб бормайдаган жойларга ҳам етадиган даражада кучли эди».
Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таърифлаб, шундай деган: «У зот бизларга шундай хутба қилардиларки, ҳатто хоналаридаги аёлларга ҳам эшитиларди».[4]
Умму Ҳониъ айтади: «Мен кечалари ҳовлимиз айвонида туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъбадаги қироатларини бемалол эшитардим».[5]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам – мукаммал қалб соҳиби
Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари бошқаларнинг қалбидан афзаллиги, кенглиги, қуввати, тақвоси, мусаффолиги, мулойимлиги ва раҳм-шафқатлилиги билан ажралиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидаги бу хусусиятлар бошқа инсонлар қалбида топилмайди.
Шунингдек, ул зотнинг қалблари иймон ва Қуръон нурлари билан тўлиб-тошган, доимо уйғоқ ва ҳушёр эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак қалблари қалбларнинг энг яхшиси эканига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: «Аллоҳ таоло яратган бандаларининг қалбларига назар солди. Улар орасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қалблари энг яхшиси бўлгани учун ул зотни танлаб олди ва пайғамбарлик рисолати ила юборди. Кейин яна бандаларининг қалбларига назар солганида улар орасида саҳобаларнинг қалблари энг яхшиси бўлгани учун уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динини ҳимоя қилиб курашадиган ўринбосарлар (ёрдамчилар) қилиб қўйди. Мусулмонлар нимани яхши деб билсалар, албатта, ўша нарса Аллоҳ таолонинг наздида ҳам яхшидир. Улар нимани ёмон деб билсалар, албатта, ўша нарса Аллоҳ таолонинг наздида ҳам ёмондир».[6]
Биз, Муҳаммад алайҳиссалом умматлари у зот алайҳиссаломнинг муборак қалблари дунёда энг покиза ва энг мусаффо қалб эканига асло шубҳа қилмаймиз. Чунки ёшлик пайтларида ул зотнинг муборак қалбларидан шайтон насибаси олиб ташланган. Бу ҳақда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалик пайтлари, дўстлари билан ўйнаб юрган кунларининг бирида Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига инсон қиёфасида келиб, маҳкам ушлайди. Сўнг ерга ётқизиб, кўкракларини ёради. Юракларини олади ва ундан бир лахта қонни чиқариб: «Бу сендаги шайтоннинг насибаси», дейди ва уни олтин идишда замзам суви билан ювади. Шундан сўнг яна юракларини жойига қайтариб қўяди. Ҳодисанинг гувоҳи бўлган болалар қўрқувдан қалт-қалт титраб, шошганча ул зотнинг сут оналари олдига бориб, «Муҳаммадни ўлдиришди!» деб хабар беришади. Ҳамма ўша жойга югуриб боради ва ул зотни ранглари ўчган ҳолатда кўрадилар». Анас розияллоҳу анҳу сўзларини давом эттириб, яна шундай дейдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларида билинар-билинмас изларни кўрганман».[7]
[1] Имом Термизий ривояти.
[2] Икки шайх (имом Бухорий ва имом Муслим) ривояти.
[3] Абул Ҳасан Заҳҳок ривоят қилиб, «Шарҳул мавоҳиб»да нақл қилган.
[4] Имом Байҳақий ривояти.
[5] Имом Ибн Можа ривояти.
[6] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[7] Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ривояти.