Қабристон зиёрати ва авлиёлар қабрларини табаррук қилишлик аҳли муслим учун ижмоан жоиз ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “…Қабрларни зиёрат қилинглар. Албатта, улар охиратни эслатади”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Демак, ким марҳумлар қабрини зиёрат қилса у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилган бўлади. Авлиёлар қабрларини табаррук этиш учун, яъни барака ва хайр кўпайишини тилаб қилинган зиёрат ҳам мазкур ҳадисга мувофиқ келадики, Расул алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам Мадинаи мунавварадаги Бақеъ қабристонини тез-тез зиёрат қилиб турганлар.
Азиз-авлиёларга нисбатан беписандлик, уларни инкор қилишлик Қуръони карим ҳукми, ҳадиси шариф кўрсатмаларига қарши боришдир. Зеро, Қуръони каримда: “Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (Охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлардир. Улар учун ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам хушхабар бордир,“ дея марҳамат қилинган.
Расули акрамнинг “Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчиларни лаънатласин,” деган сўзлари Исломнинг аввалида айтилган бўлиб, сўнгра вақт ўтиб “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади,” (Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ривояти) деб айтган ҳадис билан насх қилинган, яъни амал қилишдан туширилган.
Қозий Иёз раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳи Муслим” шарҳида: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар”, ҳадисидаги “…қабрларни зиёрат қилаверинглар” сўзи қайтариқни амалдан тушириш ва шу ишни мубоҳ эканлигини очиқлаган. Қабрларни зиёрат қилиш ўлимни эслаш ва ибрат олиш учун, фахр ва ғурурланиш ёки оҳу нола ва мотам тутиш учун эмас, дея уқдирилади.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси Рустам Ахунджанов






