Бугун, 5 декабрь куни Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги муносабати билан «Конституция – барчамизники!» шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбирга Тошкент давлат юридик университети факультет декани, юридик фанлари доктори, профессор Бегзод Мусаев таклиф қилинди.
Тадбирни билим юртининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев очиб берди.
Юридик фанлари доктори, профессор Бегзод Мусаев сўзга чиқиб, ўз маърузасида Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлашини, шу билан бир қаторда, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этиши ҳақида гапириб, тадбирга йиғилганларга тафсилотларини баён қилиб берди.





Ундан ташқари, Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқининг ваколатли вакиллари бўлмиш парламент аъзолари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганлигини. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида — тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилингани ва шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзи экани ҳақида тўхталиб ўтиб, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланиши ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот етказди.
Сўнг Бегзод Мусаев ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий онг шаклланиши, сўнгги йилларда ҳуқуқ соҳасидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирди. Билим юрти талабаларига диний илм билан бир қаторда дунёвий билимлар, хусусан, ҳуқуқий билимларга ҳам аҳамият қаратишни тавсия қилди ҳамда тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволларга жавоб берди.
Кўкалдош ЎМИБЮ матбуот хизмати





