Бугунги дунё илмий жамоатчилиги жаҳон илм-фан ва ислом цивилизацияси ривожига ўз ҳиссасини қўшган мовароуннаҳрлик олимларнинг улкан хизматларини эътироф этмоқда. Бу борада бағрикенглик тамойилларини ўзида акс эттирган мотуридийлик таълимоти асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳли-с-сунна”, “Китобу-т-тавҳид” асарлари ўзига хос аҳамият касб этади.
Бугун 5 декабрь куни Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасасига Имом Мотурудий илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Мотуридийлик таълимоти тадқиқотлари бўлими бошлиғи Аллоқулов Абдуллатиф ташриф буюрди.
Ташрифдан мақсад таълим муассасаси ўқитувчи ва талабаларига Имом Мотурудий илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан таништириш, Мотуридийлик таълимоти ҳамда унинг Ислом оламидаги аҳамияти ва Имом Мотурудий илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган Имом Мотуридийга оид асарларнинг тақдимоти бўлди.


Тадбирни таълим муассасаси мудири М.Насриев кириш сўзи билан очиб берди сўнг сўзни Имом Мотурудий илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримовга берди.
Ж.Каримов Имом Мотурудий илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан батафсил таништириб ўтди, жумладан: Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4802-сонли қарори асосида ташкил этилгани, Марказнинг асосий мақсади буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришдан иборат экани ҳақида ва бошқа маълумотларни айтиб ўтди.

Сўз навбати маърузачи А.Аллоқуловга берилди. А.Аллоқулов Мотуридийлик таълимоти ҳамда унинг Ислом оламидаги аҳамияти ҳамда ушбу таълимотни давомчилари сифатида ушбу таълимотни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшган буюк аждодларимиз ҳақида ва мотуридийлик таълимоти билан ашъарийлик таълимоти тарқалган диёрлар у ердаги кенг тарқалган фиқҳий йўналишлар ва ўртасидаги фарқларни йиғилганларга баён қилиб берди. Шунингдек, Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда бузғунчи оқим ва фирқалар, жумладан, муътазила, муржиия, мушаббиҳа, қадария, карромия, жаҳмия каби ўндан зиёд оқимлар ёшларга ва диний саводи етарли бўлмаган кишиларга такфир, тоқатсизлик, муросасизлик ғояларини сингдириб, жамиятни тафриқаланишига сабабчи бўлган давр сифатида тарихда қолгани. Абу Мансур Мотуридий томонидан такомиллаштирилган ҳанафийлик таълимоти ўзининг бағрикенглиги, муътадиллиги билан жамиятни бирлаштиришга, ёт ғояларни халқ орасидан сиқиб чиқаришга замин яратиб, мотуридийлик таълимоти сифатида олимлар эътирофига сазовар бўлганлиги таъкидланди.

Тадбирнинг сўнгги қисмида Имом Мотурудий илмий-тадқиқот маркази томонидан ўзбек тилида нашр қилинган “Таъвилотул Қуръон” асарининг 29-30-жузлари ҳамда марказ томонидан асос солинган “Мотуридийлик” журнали ва бошқа илмий нашрлар билан таништириб ўтилди.
Тадбир якунида берилган саволларга мутахассислар томонидан етарлича жавоблар берилди. Ташриф буюрган меҳмонларга таълим муассасаси томонидан эсдалик совғалар тақдим қилинди.

Таълим муассасаси матбуот хизмати






