Ёшлигимда бир ҳикоя онгимга муҳрланиб қолган. Кўчада юрганимда айрим юртдошларимиз томонидан йўл қўйилган ифлосликларни кўрганимда ушбу ҳикояни эслаб фикр юритаман, мулоҳаза қиламан. Сизга ҳам бу ривоятни ёзиб, шунинг билан бирга, мени ва бошқа кўпчиликни қийнаган бир масала ҳақида сўз юритмоқчиман:
Ривоят қилишларича, ўтган замонларда бир подшоҳ саройга олиб келадиган йўлнинг устига катта тош қоясини келтиришни амр этибди. Ўзи эса сарой ойнасидан нима бўлишини кузатиб турибди.
Кун бўйи мамлакатнинг энг бой фуқаролари, энг кучли карвонбошилари, сарой ишчилари бир-бир келибдилар. Лекин улар тошни айланиб ўтишар, кўплари эса подшоҳнинг солиқ олишини, лекин кўчаларни озода сақлаш учун бир нарса қилмаётганлигини танқид қилишибди. Кеч кирганда йўл бошида саройга мева-сабзавот олиб келадиган деҳқон кўринибди. Лекин йўлда турган тошни кўриб, қўлидаги саватни йўл четига қўйиб, тошни икки қўли билан қучиб, туртина-суртина сура бошлабди. Қора терга тушиб, охири тошни йўлнинг четига чиқарибди. Саватининг олдига қайтганида тош ўрнида ҳамён кўрибди. Очибди, ҳамёнда олтинлар билан подшоҳнинг хати ҳам бор экан. Унда:
– “Бу олтинлар тошни йўлдан олиб ташлаган кишига тегишлидир”, – деган сўзлар битилган экан.
Бу воқеадан деҳқон ўзига тегишли бир дарс олибди.
Қадимдан сўзлагувчи бу каби ҳикоялар инсонларга ибрат мактабини ўтайди. Балки ёшлигимда бунинг маъносига етмагандирман, бироқ, одамларга азият етказувчи нарсаларни олиб ташлашнинг савоби жуда кўп эканини динимиз таълимотини ўрганиш жараёнида яна ҳам англаб етдим. Одамларга осонлик яратиш билан бирга Аллоҳнинг ҳам раҳматига сазовор этувчи ишлардандир.
Бу борада оят ва ҳадисларда ҳам маълумотлар келтирилган, жумладан, Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Имон 70 дан зиёд шоҳчаларга бўлинади. Унинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиш бўлса энг кичиги йўлдаги азият берувчи нарсани олиб ташлашдир”.
Афсуски, орамизда айрим кимсалар борки, инсонларга енгиллик яратиш у ёқда турсин ўзи юрадиган, ишлайдиган, борингки, ўзи яшаб турган жойларни ҳам ифлослантириб, йўлларга, ариқларга, сув ўзанларига ахлат ташлайдилар, қилган ишларининг ёмонлигини билсалар ҳам одамлар нафратига сабаб ишларга қўл урадилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан келтирилган ҳадисда: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”, дейилади. Чиндан ҳам, йўлларни ифлослантирган кишига нафақат одамларнинг норозилигидан, балки жин ва шайтонларнинг ҳам ёмонлигидан азият етиши шубҳасиз.
Тозалик эса имоннинг бир бўлаги эканлиги ҳадисларда келтирилган. Ислом
манбаларида келтирилишича, бир саҳобий Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб
шундай дебди: “Мени жаннатга киритадиган амалга буюринг”. Шунда Набий (а.с.)
шундай жавоб берган эканлар: “Одамлар йўлидаги озор берадиган нарсани
олиб ташла”. Демак, биз арзимас санаган тозаликка ҳисса қўшишимиз, буюк
яхшилик – жаннатга элтар экан.
Ўзбекистон Республикаси
президенти Шавкат Мирзиёев 2020-йил 3 апрель куни коронавирус пандемияси
келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни
қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда
коронавирус тарқалиши олдини олиш борасида олиб борилаётган ишларга яна бир бор
тўхталиб, покликка доир қуйидаги гапларни айтдилар: “…бизда ҳам азал-азалдан
мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш,
жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби
урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади”.
Яна бир ҳадиси шарифда Набий (а.с.) шундай марҳамат қилган эканлар: “Йўлда ётган шоҳни олиб ташлаган одамдан Аллоҳ хушнуд бўлиб, гуноҳларини авф этади”. Тасаввур қилинг, биргина шоҳни йўлдан одамларга азият етказмаслик учун олиб ташлаш ана шундай олий мақом – Аллоҳ таолонинг розилигига элтар экан, бу ишни ўзига шараф деб билувчи, тозалик ободонлаштириш ходимлари ва шаҳри озодалиги учун ҳисса қўшаётган кўнгиллилар учун нақадар юксак мақомлар берилиши мумкин.
Абу Райҳон Берунийнинг ушбу мисралари ҳам фикримизни қувватлайди: “Кимки тозалик ва покизаликка ўз ихтиёри билан берилиб, уни тутишга қодир бўлолса, у маъмурчиликка эришади. Кимда ким тозаликка эришолмаган бўлса – фақирликда умр кечиради”.
Ачинарли томони шундаки, бугунги кунда жаҳонда кўплаб кулфату талофатлар, иқлим ўзгаришлари, яна кўплаб инсоният бошига келаётган ташвишлар хусусан ҳозирда бутун дунёни ташвишга солиб улгурган COVID-19 коронавирусни пайдо бўлиши айнан поклик мезонларига амал қилмаслик ва атроф-муҳит ифлосланиши натижасида юзага келмоқда ва бу глобал муаммога айланиб улгурди.
Халқимиз қадимдан ана шундай озодалик, саранжому саришталик билан ҳаёт кечирган. Бизнинг зиммамиздаги муҳим вазифа ана шу анъанавий қадриятларимизга амал қилиб уни ёш авлодга ҳам етказиш, ўрнак бўлишдир ва бунинг натижаси ўлароқ нопокликлар келтириб чиқарадиган турли хил балолардан омонда бўлиш.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир ўринбосари
Рустам Ахунджанов






