Бугун, 5-март куни Бирлашган Араб Амирликларидаги Чегара билмас ўқитувчилар халқаро ташкилоти вице-президенти, Доктор Насер Ориф Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрди. Унга Дин ишлари бўйича қўмита Халқаро бўлим бошлиғи Д.Бабажонов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири Ш.Ҳамдамов ҳамроҳлик қилишди.

Ташриф буюрган меҳмонни Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мудири, Турон Академиясининг Академиги Абдулҳаким қори Матқулов кутиб олди.
Ташриф Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Кўкалдош мадрасаси тарихи билан танишиши билан бошланди. Мартабали меҳмон ислом билим юртида ўқитилаётган фанлар, ҳар бир фанда ўқитилаётган адабиётлар ҳақида маълумот олди ва таълим дастурлари билан танишди. Билим юртида талабалар сифатли диний таълим олишлари учун ва уларга таълим бераётган мударрислар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мадраса мударрислар орасида хориждаги нуфузли диний олий даргоҳларни битирувчилари бор экани меҳмонда катта қизиқиш уйғотти.



Ўз навбатида Доктор Насер Ориф ўзининг таълим соҳасида кўп йиллар давомида орттирган тажрибалари билан ўртоқлашди.



Кўкалдош мадрасаси мудири Абдулҳаким қори Матқулов муҳаррирлиги остида Республикамизда илк бор чоп этилган “Ал-арабийя байна ядайк” китобини ташриф буюрган меҳмонга тақдимот қилинди. Доктор Насер Ориф ушбу янгиликни катта хурсандчилик билан қабул қилди, мазкур китоб араб тилини ўрганишда нақадар катта аҳамиятга эга эканини айтиб ўтди ва бу хайрли ишни юқори баҳолаб, китобни чоп этилишида саъйи-ҳаракат қилган барча мутасаддиларнинг ҳақларига дуойи хайрлар қилди.



Ташриф якунида Доктор Насер Орифга билим юрти номидан эсдалик совғалар топширилди.
Мартабали меҳмон ўз ташрифидан мамнуният ва катта таассуротлар билан қайтди
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот хизмати






