سؤال: ما الإسراء و ما المعراج؟-١٠
10-савол: Исро ва меърож нима нарсадир?
جواب: الإسراء هو سير النبي عليه السلام من مسجد مكة إلى المسجد الأقصى فى القدس فى ليلة. و هذا ثابت بنص القرآن الكريم. و المعراج هو صعوده تلك الليلة من المسجد الأقصى إلى السموات و اجتماعه بالملاء الأعلى تشريفا لهم به و إكراما له و قد ثبت ذلك بالأحاديث الصحيحة. و هذا أمر ممكن أخبر به الصادق. فيجب حمله على ظاهره. و لا يستغرب ممن سير الطير فى الهواء و جعل الكواكب تقطع بحركتها فى دقيقة مسافة لا يقطعها الناس فى مائة عام. أن يرفع إلى السماء فى ساعة حبيبه الذى اصطفاه على الأنام. فهو على كل شىء قدير. و بكل شىء خبير.
Жавоб: Исро бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан Қуддусдаги Масжидул Ақсо масжидига кечаси боргвнларидир ва бу хабар Қуръони карим оятлари билан собит бўлган.
Меърож Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу кечада Масжидул Ақсодан самога кўтарилиши ва бу зотни ҳурматлаш ва улуғлаш учун фаришталарнинг у Ҳазрат билан учрашишларидир. Бу ҳодиса саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган. Бу меърож ҳодисаси мумкин нарса, зеро, бу ҳақида содиқ-ростгўй бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар. Шунинг учун буни зоҳирий (хақиқий, кўчма бўлмаган) маъносида келганидек қабул қилишлик вожибдир (яъни, уни таъвил қилинмайди). Қушларни ҳавода учадиган қилиб яратган ва юлдузларни бир дақиқада инсонлар юз йилда ҳам босиб ўта олмайдиган масофачалик миқдорда тез ҳаракатланадиган қилиб яратган улуғ Аллох таолога одамлар орасида ўзи саралаб олган Ҳабиби бўлган Пайғамбарини бир дақиқа миқдорда самога кўтариб, сайр қилдириш ҳеч ҳам ғариб (ишониш қийин) саналмайдиган ишдир, зеро, Аллох ҳар нарсага қодир ва ҳар бир нарсадан хабардор зотдир.
سؤال: هل ينفع الدعاء الداعى أو المدعو له و هل يصل ثواب صدقة الحى إلى الميت إذا أهدى له ذلك؟-١١
11-савол: Дуо қилиш дуо қилгувчи ёки дуо қилинган шахсга фойда берурми? Тирик одам хайру-еҳсон қилиб маййитга ҳадя қилса, шу еҳсоннинг савоби етурми?
جواب: إن الصدقة أمر مرغوب. و الدعاء و التضرع إلى الله تعالى مطلوب. و كلاهما نافع عنده تعالى للحى و الميت.
Жавоб: Албатта, садақа қилишлик мақбул ва марғуб бир ишдир. Аллоҳ таолога дуо ва тазарруъ қилиш ҳам матлуб ва лозимдир, бу ҳар иккисининг (садақа ва дуонинг) Аллох ҳузурида мақбул ва ўлигу тирикка манфаати етиши аниқдир.
سؤال: هل نعيم الجنة روحانى أم جسمانى و كذلك عذاب النار كيف هو و هل هما دائمان أم ينقطعان؟-١٢
12-савол: Жаннат неъматлари руҳга тааллуқлими ёки жисмгами?
Шунингдек, дўзах азоби ҳам қайсинисига бўлур? Бу иккиси, яъни, жаннат неъматлари ва дўзах азоблари доимийми ёки вақтинчаликми?
جواب: إن الجنة تشتمل على النعمتين الروحانى و الجسمانى فالروحانى للتلذذ الروح كالتسبيح والعبادة و رؤية الله تعالى و إعلامه برضاه عنهم. و الجسمانى لتلذذ الجسم كالأكل و الشرب و النكاح. و النار تشتمل على العذاب الجسمانى و العذاب الروحانى. و النعيم و العذاب فيهما دائم لا ينقطع أبدا و أهلوهما خالدون فيها. هما موجودتان الآن.
Жавоб: Жаннатда иккала неъмат, ҳам руҳоний ва ҳам жисмоний неъмат бордир. Руҳоний неъмат руҳнинг лаззатланмоғлиги учун бўладирган неъматдир, бу тасбеҳ айтиш, ибодат қилиш, Аллоҳнинг жамолини кўриш ва Аллоҳ ўз бандаларидан рози эканлигини маълум қилиш билан бўлур. Жисмоний неъмат эса тананинг лаззатланиши учун бўладирган неъматлардир, бу ейиш, ичиш, никоҳланиш билан бўлур. Дўзахда ҳам жисмоний ва руҳоний азоблар бўлур. Жаннат неъматлари ҳам дўзах азоблари ҳам доимий бўлиб, асло тўхтамас ва жаннат аҳли ҳам, дўзах аҳли ҳам ўз жойларида абадий бўлурлар. Бу иккиси-жаннат ва дўзах ҳозирда ҳам мавжуддурлар.
سؤال: هل يبلغ الولى درجة النبي و هل يصل إلى حال تسقط عنه التكاليف عندها؟-١٣
13-савол: Валий Пайғамбар даражасига ета оладими? Шунингдек, валий бир мартабага етиша оладимики, у мартабага етгач ундан мукаллафлик (яъни, Аллоҳнинг шариати кўрсатмаларига итоат қилиш) соқит бўлса?
جواب: لا يبلغ الولى درجة نبي من الأنبياء أصلا. و لا يصل العبد ما دام عاقلا بالغا إلى حيث يسقط عنه الأمر و النهى و يباح له ما شاء و من زعم ذلك كفر. و كذلك يكفر من زعم أن للشريعة باطنا يخالف ظاهرها هو المراد بالحقيقة فأول النصوص القطعية و حملها على غير ظواهرها كمن زعم أن المراد بالملائكة القوى العقلية و بالشياطين القوى الوهمية.
Жавоб: Валий асло бирорта Пайғамбар даражасига етиша олмайди, шунингдек, бирорта банда модомики, ақлу-ҳуши жойида бўлиб балоғатга етган бўлса, ундан Аллоҳнинг таклифи, яъни, амру-наҳийлари соқит бўлиб, хоҳлаганини қилиш даражасига етиша олмайди. Кимки шундай нотўғри эътиқодда бўлса, у куфрдир. Шунингдек, кимки шариатнинг зоҳирига хилоф бўлган ботини ҳам бор, ҳақиқатда шариатнинг ботини муроддир деб эътиқод қилса ва Қуръоннинг қатъий далолатини билдирадиган оятларини таъвил қилиб, ушбу оятларнинг зоҳирий маъносидан бошқа маъно берсалар булар ҳам куфрдир. Шунга ўхшаш кимки «малоикалар»дан мурод ақлий қувватдир ва «шайтонлар»дан мурод ваҳмий (хаёлий) қувватдир деса, у ҳам куфрдир.
سؤال: ما المجتهدون و من المجتهدون الذين استقر الرأى على اتباعهم؟-١٤
14-савол: Мужтаҳидлар кимлар?
«Эргашса бўлади», – деб омманинг фикри қарор топган мужтаҳидлар кимлардир?
جواب: المجتهد هو المحيط بمعظم قواعد الشرع و نصوصه الممارس لها بحيث اكتسبت قوة يفهم بها مقصود الشارع و المجتهدون كثيرون. و المجتهدون الذين استقر الرأى على اتباعهم و الأخذ بقولهم أربعة و هم أبو حنيفة النعمان بن ثابت. و مالك بن أنس. محمد بن إدريس الشافعى و أحمد بن حنبل رضى الله عنهم. و إنما اختار العلماء تقليد هؤلاء الأربعة دون غيرهم ممن بلغ درجة الإجتهاد لكثرة ما استنبطوه من المسائل بسبب تفرغهم لذلك حتى ندرت القضايا التى لم يبينوا حكمها و لنقل مذاهبهم إلينا بطريق التواتر. فينبغى تقليد واحد معين منهم إلا للضرورة. و إلا فربما ادى إلى تلفيق يخرج عن سواء الطريق.
Жавоб: Мужтаҳид шариат қоидалари ва далилларини яхши билган ва булар борасида тажрибага эга бўлиб, бу аҳкомлардан шориъ – Аллоҳ ва Унинг Росули мақсад қилган маъноларини яхши фаҳмлаш даражасига етган олимдир. Мужтаҳидлар кўпдир, аммо барча уламоларнинг фикрига кўра эргашса ва унинг сўзига амал қилса бўладирган пешво мужтаҳидлар тўртта кишидир. Улар: Имом Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит, Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал (розияллоҳу анҳум)лардир.
Уламолар ижтиҳод даражасига етганлар орасидан бошқаларни эмас фақат ушбу тўртта кишини танлаб олишларининг сабаби шулки, улар шу йўлга вақтларини сарфлаб шаръий далиллардан кўплаб диний масалалар истинбот қилишган, ҳаттоки, улар ҳукмини баён қилмаган масала озгина миқдордагина қолгандир ва шунингдек, уларнинг мазҳаблари бизларга мутавотир (яъни, ишончли кўпчилик ривоят) йўли билан етиб келган. Шунинг учун ушбу мазкур тўрт мужтаҳидлардан бирининг йўлига эришмоқлик вожиб бўлади, «фақат зарурат бўлгандагина (муфтий фатвоси ила) баъзи масалаларда бошқа мазҳаб ҳукмини олиш мумкин холос,» агарда мазҳабга эргашилмаса тўғри йўлдан адашиб шариат ҳукмларига беэътибор бўлишга (Аллоҳниниг ҳукми қолиб ўз нафси истакларига эргашишга) олиб боради.
سؤال: لم اختلف المجتهدون فى بعض المسائل؟-١٥
15-савол: Нима учун мужтаҳидлар баъзи масалаларда ихтилофга борганлар?
جواب: إن المجتهدين لم يختلفوا فى أصول الدين و لا فى أمهات فروعه أصلا لثبوته بالدلالة القطعية. و إنما اختلفوا فى بعض المسائل الفرعية لعدم ثبوت نص قطعي فيها. إذ الجزئيات لا يتيسر حصرها و الاختلاف فيها سهل. فكل منهم بذل وسعه فى استخراج حكمها من الكتاب و السنة بحسب ما ظهر له. فمن أصاب منهم فله أجران. و من أخطأ منهم فله أجر لسعيه فى إظهار الصواب بقدر وسعه. و اختلاف الأئمة رحمة للأمة. لأنه اختلاف فى أمور فرعية و الاختلاف فيها يوجب اليسر على الناس. و عدم وقوعهم فى الحرج و البئس. فإذا اضطر الإنسان عمل بما هو الأيسر و إلا فيعمل بما هو الأحوط أو الأحرى و الأظهر.
Жавоб: Мужтаҳидлар диннинг асл ҳукмларида ва унинг фаръларининг негизларида ихтилоф қилмаганлар, чунки буларнинг барчаси қатъий далиллар билан собит бўлгандир. Мужтаҳидлар фақатгина қатъий далил билан собит бўлмаган баъзи фаръий масалаларда ихтилоф қилганлар, чунки бундай жузъий масалаларни аниқлаб, ҳисоблаб чиқиш мумкин эмас ва бундай масалаларда ихтилоф қилиш енгилдир. Шунинг учун бундай масалалар хусусида Қуръон ва ҳадис асосида ҳукм чиқаришда ҳар бир мужтаҳид ўзининг бор илмини ва тажрибасини сарфлаб ўзига маъқул бўлган ҳукмни чиқарган. Бу мужтаҳидлардан қай бири шундай жузъий масалага ҳукм беришда тўғри ҳукм топган бўлса, у икки баробар ажру-савобга сазовор бўлур. Қайси бири хатоликка йўл қўйган бўлса, унга илмини сарфлаб тўғри ҳукм чиқаришга ҳаракат қилгани учун бир баробар савоб берилур. Бундай имомларнинг жузъий масалаларда ихтилоф қилишлари уммат учун раҳматдир, чунки бу ихтилофлар фаръий масалалардаги ихтилофлар бўлиб, бу одамларга енгиллик яратади ҳамда уларни ноқулайлиқ ва машаққатга учрашдан сақлайди.
«Кўкалдош» ЎМИБЮ ақоид фани мударриси
Алиакбар АБДУЛЛАЕВ таҳрири остида
Ушбу дарслар марҳум устоз Дўстмуҳаммад Насириддин Бодарий (р.а.)нинг «Ислом ақоидига доир жавоҳир сўзлар» таржима китоби асосида тайёрланди.





