Абу Ҳафс Умар ибн Абдулазиз айтган гаплари:
1. “Мени кўп гапиришликдан мақтанчоқликдан қўрқиш ҳисси қайтаради”.
2. “Билиб қўйинки, ибодатнинг энг афзали фарзларни ўз ўрнида адо қилиб, ҳаромлардан четланишликдир”.
3. “Ҳавойи нафсидан, ғазабдан ва таъмадан омонда бўлган киши нажот топибди”.
4. “Аллоҳга бўлган тақво кундузи рўза тутиш, кечаси билан намоз ўқиш ёки у икки ўртаси жамлашликда эмас! Ҳақиқий тақво – Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк қилиш ва Аллоҳ фарз қилган нарсани адо қилишдадир. Кимки, шундан сўнг яхшилик билан ризқлантирилса бу яхшилик устига яхшиликдир”.
5. “Бошлиқликнинг офати — фахрланишликдир”.
6. “Ҳалимлик илмга яқин бўлганидек, бирор нарса бир-бирига яқин бўлмаган”.
7. «Қалблар сирлар хазинасидир. Лаблар сирлар хазинаси қулфларидир. Тишлар қулфларнинг калитларидир. Ҳар бир киши ўз сирини очувчидир».
8. «Албатта, кеча ва кундуз сен борангда ҳаракатда, сен ҳам у иккиси борасида ҳаракат қил!».
9. «Агар касал кўришга борсангиз, уларни олдида ўлим ҳақида гаплашманг!».
10. «Дарҳақиат ўлим дунё аҳлига ер юзидаги гўзал ва мафтункор нарсаларни заҳарлаб қўйди. Дунё аҳли бу (гўзал нарсалар) ва бу (мафтункор нарсалар) орасида бўлар экан, тўсатдан ўлим келиб, уларни юқоридаги нарсалардан маҳрум қилади. Ана ўшанда, ўлимдан сақланмаган ва бўш вақтида ўлимни эслаб, дунё ва унинг аҳлидан ажралганидан сўнг ўзига борадиган яхшиликни тайёрлаб қўймаган кишига ҳасрат-надоматлар бўлади».
11. «Сукут сақлаб, Аллоҳга чақирувчи бўлинглар». Айтишди: «Қандай қилиб?». Айтдилар: «Ахлоқларингиз билан!».
12. “Ким биз билан бирга бўлишни ҳоҳласа беш нарса билан бирга бўлсин:
1.Бизга ҳожатини етказмайдиган кишини ҳожатини етказишлик;
2.Бизни биз адолат қила олмаётган кишига далолат қилишлик;
3.Бизга ҳақ узра кўмак беришлик;
4.Бизга ва одамларга омонатни етказишлик;
5.Бизнинг ҳузуримизда бирор кишини ғийбат қилмаслик».
Сўнгра яна айтдилар: «Кимки, юқоридагиларни қилмаса, у бизнинг суҳбатимиздан ва ҳузуримизга киришликдан маҳрум. Мен сиз қатори оддий одамман. Лекин Аллоҳ таоло менинг юкимни сизникидан оғир қилиб қўйган».
Ҳоний ал-Ҳажнинг “Солиҳ кишиларнинг насиҳатлари” китобидан тарбиячи Р.Ахунджанов раҳбарлиги остидаги таржимонлар гуруҳи.
Эргашев Абдуссамиъ таржимаси