Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари бутун башариятга юксак ўрнак ва олий намунадир. Зеро, Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сиз олий хулқ устидадирсиз”, деб улуғланадилар. Бу жамики олам ва мавжудотни яратган Зотнинг таърифи экани ва бизлар шундай Пайғамбарнинг уммати бўлишимиз ҳар биримизда ўзгача фахр ифтихор уйғотиши табиийдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни янада зиёда қилиш мақсадида кеча, 28-Робиъул аввал санасида “Кўкалдош” ўрта маҳсус ислом таълим муассасасида Росули Акрам соллоллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига бағишланган “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам -энг гўзал ўрнак” шиори остидаги сийрат мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақани мадраса мудири М.Насриев сийрат борасидаги баъзи маълумотлар ва келажакда талабаларнинг илмий салоҳиятларини ошириш ҳақидаги таклифлари билан очиб бердилар.
Мусобақа 5 та шартни ўз ичига олди:
- Савол-жавоб.
- Саловот.
- Тезкор савол жавоб.
- Мақолалар .
- Эркин ижод.
Саволларнинг мураккаблигига қарамай талабалар деярли барча саволларга тўғри жавоб бердилар. Кейинги шарт саловот айтиш шартида гуруҳлар томонидан бир биридан гўзал саловотлар ўзбек тилида ижро этилди. Мусобақа иштирокчилари ва томошабинларда чарчоқ ва зерикиш ҳосил бўлмаслиги учун саловот ва нашидларни эшитиб руҳий озуқа олишди.
Мусобақани бевосита кузатган одам унинг қанчалик юқори савияда ташкил этилганига гувоҳ бўлди. Мусобақадан кўзланган мақсад нафақат талабаларнинг билимларини ошириш, балки бу ерда айтилаётган ҳар бир маълумотни ҳаётларига татбиқ қилиш, олинган маълумотларни бошқаларга ҳам етказиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббатни ҳис қилиш ва У зотга мос уммат бўлиш каби юксак мақсадлар кўзланган эди ва бу мақсадларга эришилди.
Сийрат мусобақаларининг энг кулминацион нуқтаси ҳисобланган 5-шарт, яъни гуруҳ вакиллари ислом тарихига оид ўзлари мустақил таёрлаган саҳна кўринишларини ижро этиб беришди. Ҳар йилги талабалар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари ижтимоий тармоқларда юз минглаб, ҳатто баъзилари миллионлаб марта кўрилади. Талабалар ўз саҳна кўринишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниг ҳаётларидан бир парча ёки Расулуллоҳдан кейинги мусулмонларнинг У зотга бўлган муҳаббатларини акс эттиришга ҳаракат қилдилар ва йуқори даражада бунинг уддасидан чиқдилар.
Тадбир сўнгида барча талабалар мадраса томонидан қимматли совғалар билан тақдирландилар ва мадраса катта мударриси Ж.Ҳолмуминов устозларнинг дин йўлидаги хизматларига ривож ва талабаларнинг илмлари янада зиёда бўлишини сўраб дуойи хайрлар билан тадбирни ёпиб бердилар.
Кўкалдош матбуот хизмати

















