Билим юртимизда талабаларнинг касбий маҳорати бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, муомала маданияти ва ўз касбига бўлган масъулиятини янада ошириш мақсадида уламолар ва тажрибали имом-хатиблар билан учрашув ва давра суҳбатлари мунтазам ташкил этилган. 02 май куни билим юртида мударрислар ва талабалар иштирокида “9-май Хотира ва қадрлаш” куни муносабати билан «Устозлар хотираси абадий», «Толиби илмнинг устозга бўлган ҳурмати» мавзуларида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатига Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом хатиби Салоҳиддин домла Шарипов таклиф этилди.
Устоз Салоҳиддин домла ўз сўзларини талабаларга илм олишда аввало одоб бўлиши лозимлигини таъкидлаб бошладилар. Ёшликда билим олиб, ғайрату шижоатга тўла пайтда бор имкониятни эзгуликка сафарбар этиш, инсон умрининг мазмун-моҳиятини белгилаб беришлиги, бу ҳақида буюк аждодларимиз меросида, жаҳон алломалари ижодида қайта-қайта уқтирилганлиги, бежиз ҳикматларда: “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – дея айтилмайди, дея таъкидлаб ўтдилар. Қуръони Карим оятлари ва муборак ҳадиси шарифлардан мисоллар келтириб мавзуни тушунтирдилар.
Жумладан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилган эканлар: «Илмга интилувчи-Аллоҳнинг меҳрига интилувчи. Илмга интилувчи ислом дини таянчи, унинг ажри пайғамбарлар билан бирга берилади».
Набий (а.с.)нинг саҳобаларидан бири Умар ибн Хаттоб (р.а.)нинг қуйидаги сўзлари эса ҳар бир илм ўрганишга бел боғлаган инсонни бефарқ қолдирмаса керак: “Илм ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш; уни талаб қилиш – ибодат; билмаганга ўргатиш – садақа; уни ўз аҳлига ўргатиш – Аллоҳга қурбатдир. Илм танҳоликда ҳамроҳ; ҳилватда дўст; тўғри йўл кўрсатувчи далил; бегоналар олдида энг содиқ ўртоқ; жаннат йўлининг минорасидир”.

Устоз Салоҳиддин домла талабаларга илмга амал қилиш лозим эканлигини, илмига амал қилмаган кишининг оқибати ёмон бўлиши ҳамда устозларга доимо ҳурмат-иззатда бўлиб, уларнинг хизматида қоим бўлиб назаридан қолмасликни таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, устоз Салоҳиддин домла Шарипов ўз нутқида юртимиздан етишиб чиққан етук алломаларимизнинг ибратли ҳаёт-фаолиятларидан мисоллар келтирди ва намуна ўрнак сифатида ўзларининг ёшликдан илм олганликлари, устозлари, шу кунгача бўлган фаолиятларини талабаларга сўзлаб бердилар.
Давра суҳбати якунида, ҳар бир миллатнинг истиқболи маълум маънода билимдон ва маърифатли ёшлар қўлида эканлиги, илм-маърифатга, таълим-тарбияга эътибори юксак бўлган халқ фарзандлари эса маънан пок, руҳан соғлом бўлиб етишишларини таъкидладилар. Давра суҳбати сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларини бердилар ва ташриф буюрган меҳмон саволларга етарлича жавоб бердилар.

Тадбирнинг якунида билим юрти мудир муовини А.Ғаниев мавзуга оид ўз фикрларини билдирдилар ва билим юртига ўз вақтларини аямай ташриф буюрган меҳмонга самимий миннатдорчилик билдириб ўтди.
«Кўкалдош» ахборот хизмати






