Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик», дейди. Мана шунинг ўзи бутун инсониятни ўз зимнига олувчи умумий фазилат ва буюк неъматдир. Чунки Аллоҳ таоло одамзотни тузилиш, шакл, қиёфа ва хилқатда кўркам, чиройли ва хушбичим қилиб яратди. Мавжудотлар ичида унга ўхшаши йўқ. Инсон зотидаги комиллик ва гўзаллик икки турга бўлинади.
Биринчиси, зарурий дунёвий хусусиятлар бўлиб, уларни инсон хилқати ва дунё ҳаёти эҳтиёжлари тақозо этади. Инсон хоҳиш-иродасининг уларга дахли йўқ. Аллоҳ таоло: «Сизни ва аввалги наслларни яратган Зотдан қўрқинг»,[1] деган.
Иккинчиси, интилиш, ўз устида ишлаш, риёзат, тарбия туфайли ўзлаштирилган диний одоб-ахлоқлар. Биринчи тур айнан хилқат билан боғлиқ бўлиб, хушбичимлик, чиройлилик, ўткир ақл, соғлом фикр, бурро тил, кучли сезги аъзолар, мўътадил ҳаракат, насаб олийлиги ва қавмнинг шарафлилиги кабиларни ўз ичига олади. Иккинчи турни ўзлаштирилган сифатлар ташкил этиб, унга одоб-ахлоқлар ва яхши сифатлар киради. Булар иймон-эътиқод, илм, ҳалимлик, сабр, шукр, адолат, зуҳд, камтарлик, кечиримлилик, иффат, сахийлик, шижоат, ҳаё, инсонийлик, сукут, оғир-вазминлик, виқор, меҳрибонлик, яхши одоб, чиройли муомала, бир сўз билан айтганда, «гўзал хулқ» ни ўз ичига олади. Айтиб ўтилган барча гўзал сифатлар, мақтовли фазилатлар, хулқдар ва тана тузилишига тегишли мукаммалликлар: «Ва албатта, сен буюк хулқдасан»[2] деган ояти каримада сифатланганидек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда тўлиғича мавжуддир. Пайғамбаримизнинг қанчадан-қанча фазилатлари, ўзига хос хусусиятлари борки, улар илоҳий рисолатларга иззат, шараф ва улуғворлик тожини кийгизади. У зотдаги ҳар бир фазилат, хусусият ёки мўъжиза Қуръони карим ёки саҳиҳ суннат матнида собит бўлган. Қуйидагилар шулар жумласидандир:
– Китоб ва ҳикмат ато этилиши. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди». [3]
– Етти такрорланувчи – Фотиҳа сураси ва Буюк Қуръон нозил бўлиши. Аллоҳ таоло айтади: «Ва батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчини ва Улуғ Қуръонни бердик».[4]
– Қиёмат куни умматини поклашлари. Аллоҳ таоло айтади: «У зoт сaвoдсизлaр ичигa, ўзлaридaн гaрчи улaр бундaн aввaл oчиқ зaлoлaтдa бўлсaлар ҳaм, улaргa Унинг oятлaрини ўқиб берaдигaн вa улaрни пoкaйдигaн ҳaмдa китoбни вa ҳикмaтни ўргaтaдигaн Пaйғaмбaрни юбoрди»[5]. Яъни, Пайғамбарларнинг умматлари ўзларига рисолат етказилганидан тонишганда уммати Муҳаммад пайғамбарлар фойдасига гувоҳлик беришади. Ўшанда Росулуллоҳ алайҳиссалом умматларининг айтган сўзларини тасдиқлайдилар.
– Аллоҳ таолога хоссатан даъват қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга Унинг изни билан даъват қилувчи».[6]
– Аллоҳ таоло ва фаришталарнинг саловот айтишлари. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловат айтурлар».[7]
– Одамлар орасида Аллоҳ таоло кўрсатган, яъни Аллоҳ билдириб, ҳукмини баён этиб, илҳомлантиргандек ҳукм қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Биз сенга Китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик».[8]
– Умматлари зиммасидан оғир юк ва мажбуриятлар, машаққатли ибодатларни соқит қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган»[9].
– У зотнинг умр-ҳаётлари билан қасам ичилиши. Аллоҳ таоло айтади: «Сенинг умринг билан қасамки, албатта, улар ўз сархушликларида тентирамоқдалар»[10].
– Бадр жангидагига ўхшаш кўп жойларда дуоларининг ижобат қилиниши. У зот: «Эй Аллоҳ, менга ваъда қилган нарсангни амалга ошир. Эй Аллоҳ, агар бу жамоа ҳалок бўлса, бас, ўша кундан кейин ҳаргиз ибодат қилинмассан», деб дуо қилган эдилар. Сўраганлари берилди.
– Жонсиз нарсалар ва ҳайвонларнинг тилга кириб гапириши. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, мен Маккада ўзимга салом берадиган тошни аниқ биламан», деб айтилган. Баъзилар бу тошни «Ҳажарул асвад» дейишган. Айримлар оддий тош, дейишган.
– Сийратда Росулуллоҳ алайҳиссаломга доб (калтакесакка ўхшаш ҳайвон), кийик, туя ва ўзлари миниб юрадиган эшаклари гапиргани собитдир.
– Ўликларни тирилтирилиши (маънавий ёки ҳиссий). Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жангдан қайтиб келаётганларида саҳобаларидан бирининг туяси ўлиб қолади. У зот Аллоҳга дуо қилганларида Аллоҳ туяни тирилтиради ва ҳалиги саҳобий уни Мадинагача миниб боргандан кейин яна ўлган экан.
– Эшитиш қобилияти йўқ нарсаларни эшиттириш. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тошларга қазои ҳожатлари учун йиғилишни амр қилганларида қўшилиб-қўшилиб бир уюмга айлангани «Саҳиҳ»да келтирилган.
– Муборак бармоқлари орасидан сув оқиб чиқиши. Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда: «У зотнинг бармоқлари орасидан сув оқиб чиқаётганини кўрдим», дейилган.
– Кам таом ва ичимликка барака берилиши. Имом Бухорий, имом Муслим, имом Молик ва имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган Абу Талҳа қиссасида: У зот таомнинг қолганини келтиришни буюрдилар. Бас, ундан озгинасини олиб келинди. Дуо қилганларида унга барака кириб, кўпайди, ҳатто улар (саҳобалар) ўзларида бор ҳамма идишларни тўлдиришди. Ўшанда қавм етмиш киши эди», дейилган.
– Ойнинг ёрилиши. Анас розияллоҳу анҳу айтади: Қурайш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мўжиза талаб қилиб, ойни иккига бўлиб кўрсатишни сўрашди. Бу воқеа Ибн Аббос ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолардан ҳам ривоят қилинган.
– Хандақда ва Исро тонгида қуёшнинг қайтарилиши, жисмларнинг шакли ўзгариб, бошқа нарсаларга айланиши. Уккоша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бадр кунида Росуллоҳда бир таёқ бор эди. Ўша таёқ у зотнинг қўлларида ўткир қиличга айланди».
Душман қалбига қўрқув солиш билан ёрдам берилишлари. Аллоҳ таоло: «ва уларнинг қалбига қўрқинч солди»[11], деган. Икки шайх ва Насаий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Бир ойлик масофадан (душманга) қўрқув солиш билан ёрдам берилдим», дейилган.
- Дажжол, ер ҳайвони чиқиши ва бошқа баъзи ғайбий ишлардан хабардор бўлишлари.
- Булутнинг соя солиши, муборак кафтларида майда тошларнинг тасбеҳ айтиши ва касалликлар тузалиши. Тилимсоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ривоятларда келишича, барча пайғамбарларнинг хислатлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда зотда мужассам бўлган. Чунки, у зот уларнинг унсури ва манбаи эдилар. Бинобарин, у зотга Одам Атонинг хулқи, Исо пайғамбарнинг зуҳди, Нуҳнинг шижоати, Иброҳимнинг дўстлиги, Исмоилнинг тили, Исҳоқнинг розилиги, Солиҳнинг фасоҳати, Лутнинг ҳикмати, Яъқубнинг башорати, Юсуфнинг жамоли, Мусонинг шиддати, Айюбнинг сабри, Юнуснинг тоати, Юшаънинг жиду жаҳди, Довуднинг овози, Дониёлнинг муҳаббати, Илёснинг виқори, Яҳёнинг маъсумлиги (гуноҳлардан сақланиши) ато этилган.
Хуллас, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча пайғамбарларнинг хулқлари билан хулқланганлар. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бешта хислат билан алоҳида ажралиб турадилар. Имом Бухорий, имом Муслим ва Имом Насоий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Менга ўзимдан олдин ҳеч кимга берилмаган беш хислат берилди; ҳамма пайғамбарлар ўз қавмига хос қилиб юборилган, мен эса қизилу қора (араб ва ажам) га юборилдим; менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган; мен учун ер пок, покловчи ва масжид қилинди, кимгаки намоз вақти кириб қолса, қаерда бўлса ўша жойда ўқийверади; бир ойлик масофадан душманга қўрқув солиш билан ёрдам берилдим; менга шафоат берилди».
Мазкур сифатлар ва хислатларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда мужассам бўлиши у зотга ҳам, умматларига ҳам улуғ фахрдир. У зотнинг динларига мансуб бўлиш, у зотга эргашиш, итоат этиш, суннатлари, сийратлари ва юксак хулқларини лозим тутиш шарафига муяссар бўлганимиз билан ғурурлансак арзийди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи сифатлари
Мукаммал ва етук жисмоний ва маънавий, ҳиссий ҳамда ахлоқий сифатлар билан шарафланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шакл-шамойил, хулқ ва руҳий жиҳатдан баркамол ва гўзал хислатлар соҳиби бўлганлар. Юксак одоб ва фазилатлар қаторида мардлик, шижоат, жасурлик ва олижаноблик каби хислатларни ўз феъл-атворларида жамлаган зот одамлар ичида энг комили ва чиройлиси, муҳтарами ва мартабаси улуғи, фазилат ва сифатлари жиҳатидан энг афзали эдилар. Эҳтимол кимдир жисмоний ёки тана билан боғлиқ сифатларни баён этишнинг нима фойдаси бор, деса, бунга жавоб аниқ. Ташқи қиёфанинг хушбичим ва бенуқсон бўлиши бошқаларни ўзига жалб этиш, бир марта кўришган кишида яна бир кўрсам, деган таассурот уйғотиш, ҳамсуҳбат бўлганда кўнгли ёришиб, илиқлик пайдо қилиш, сўзи ва ажойиб баёнига қулоқ солган ҳар қандай кишининг хотирасида ҳурмат-эҳтиром ва муҳаббат пайдо қилишдек беқиёс таъсир кучига эга.
Пайғамбар алайҳиссолату вассаломда инсоний табиат ва хилқат таъкидлаб ўтилганидан зиёда даражада бўлган десак асло муболаға бўлмайди. У зот ўзида ҳамма яхши ва гўзал сифатларни жамулжам этиши билан бетакрор инсон сифатида ардоқланади. У зотнинг қиёфалари, гўзал сиймолари, тана аъзолари кўркам ва чиройда бир-бирига мутаносиблиги билан бошқалардан ажралиб туриши хусусида кўпгина саҳиҳ ва машҳур ривоятлар ворид бўлган. Расули Акрамга туҳфа этилган хушбичим таналари баёни ҳақида Али ибн Абу Толиб, Анас ибн Молик, Абу Ҳурайра, Баро ибн Озиб, Оиша онамиз, Ибн Абу Ҳола, Абу Жуҳайфа, Жобир ибн Самура, Умму Маъбад, Ибн Аббос, Муарриз ибн Муаъайқиб, Абу Туфайл, Аддо ибн Холид, Хурайм ибн Фотик, Ҳаким ибн Ҳизом ва кўп ҳолларда бирга юриб, ҳамсуҳбат бўлишган саҳобалардан ривоятлар нақл этилган. Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин!
«Росулуллоҳ тиниқ рангли, кўзлари кенг ва чиройли, қорачиғи қоп-қора, кўзларининг оқида озроқ қизғишлик бор, киприклари қалин, юзлари нурли, қошлари ингичка узун бўлиб, бир оз қайрилган эди. Қиррабурун, тишлари бир-биридан ажралган дона-дона, юзлари думалоқ бўлиб, чўзиқликка мойил, пешоналари кенг, соқоллари қалин, кўкси ва қоринлари текис, кўкраклари кенг, елкалар катта, суяклари йирик, қўлларининг елкадан билаккача қисми, билаклари, сон ва болдирлари тўла бўлиб, бу эса у зотнинг бақувват эканларига далолат қиларди. Кафт ва қадамлари кенг ва узун, кўкракларидан киндикларига қараб ингичка чизиқ мисоли юнг ўсган, бўйлари ўртача бўлиб, унча баланд ҳам, паст ҳам эмас эди. Шунга қарамасдан, бўйдор одам билан ёнма-ён юриб қолсалар, ундан савлатлироқ кўринарди. Сочлари унча жингалак ҳам, текис ҳам бўлмаган. Табассум қилганларида тишлари гўё булут орасида чақнаган чақмоқ ёғдуси мисоли ялтирар эди. Агар гапирмоқчи бўлсалар, оғизларидан нур сочиларди. Бўйинлари жуда йўғон ҳам, ингичка ҳам эмас, мўътадил ва чиройли эди. Қоматлари келишган, озғин ҳам, тўла ҳам эмас эди».
Баро ибн Озиб Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқалар келтирган ривоятда: «Қизил либос кийган, сочлари қулоғининг юмшоғигача тушганлар ичида Росулуллоҳдан чиройлироқ бирор кишини кўрмадим», дейди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Кўрганларим ичида Росулуллоҳдан чиройлироқ кишини билмайман. Қуёш гўёки юзларида балқир, кулсалар тишлари (акси) деворларда порлар эди».
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳуга бир киши: «У зотнинг юзлари қиличдек ялтирармиди?», деди. Унга: «Йўқ, балки мисоли қуёш ва ой эди. Чўзиқдан келган юмалоқ эди», деб жавоб беради. Умму Маъбад у зотни сифатлаб: «Узоқдан қаралса, одамларнинг чиройлиси, яқиндан кўрилса, кўрками ва ёқимлиси эдилар», деган эди. Абу Ҳола у зотни: «Юзлари ўн тўрт кунлик ойдек нур таратар эди», деб таърифлайди. Али розияллоҳу анҳунинг у зот тўғрисида айтган сўзларини хулоса ўрнида келтирамиз: «Тўсатдан кўрган одамни ҳайбатлари босар, олдиндан таниб, бирга юрганлар у зотни яхши кўришар эди. Олдин ҳам, кейин ҳам у зотга ўхшаш бирор кимни кўрмадим».
[1] Шуара сураси, 184-оят.
[2] Қалам сураси, 4-оят.
[3] Нисо сураси, 113-оят.
[4] Ҳижр сураси, 87-оят.
[5] Жумуъа сураси, 2-оят.
[6] Аҳзоб сураси, 46-оят.
[7] Аҳзоб сураси, 56-оят.
[8] Нисо сураси, 105-оят.
[9] Аъроф сураси, 157-оят.
[10] Ҳижр сураси, 72-оят.
[11] Ҳашр сураси, 2-оят.