Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари бошқаларнинг қалбидан афзаллиги, кенглиги, қуввати, тақвоси, мусаффолиги, мулойимлиги ва раҳм-шафқатлилиги билан ажралиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидаги бу хусусиятлар бошқа инсонлар қалбида топилмайди.
Шунингдек, ул зотнинг қалблари иймон ва Қуръон нурлари билан тўлиб-тошган, доимо уйғоқ ва ҳушёр эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак қалблари қалбларнинг энг яхшиси эканига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: «Аллоҳ таоло яратган бандаларининг қалбларига назар солди. Улар орасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қалблари энг яхшиси бўлгани учун ул зотни танлаб олди ва пайғамбарлик рисолати ила юборди. Кейин яна бандаларининг қалбларига назар солганида улар орасида саҳобаларнинг қалблари энг яхшиси бўлгани учун уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динини ҳимоя қилиб курашадиган ўринбосарлар (ёрдамчилар) қилиб қўйди. Мусулмонлар нимани яхши деб билсалар, албатта, ўша нарса Аллоҳ таолонинг наздида ҳам яхшидир. Улар нимани ёмон деб билсалар, албатта, ўша нарса Аллоҳ таолонинг наздида ҳам ёмондир».[1] Биз, Муҳаммад алайҳиссалом умматлари у зот алайҳиссаломнинг муборак қалблари дунёда энг покиза ва энг мусаффо қалб эканига асло шубҳа қилмаймиз. Чунки ёшлик пайтларида ул зотнинг муборак қалбларидан шайтон насибаси олиб ташланган. Бу ҳақда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалик пайтлари, дўстлари билан ўйнаб юрган кунларининг бирида Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига инсон қиёфасида келиб, маҳкам ушлайди. Сўнг ерга ётқизиб, кўкракларини ёради. Юракларини олади ва ундан бир лахта қонни чиқариб: «Бу сендаги шайтоннинг насибаси», дейди ва уни олтин идишда замзам суви билан ювади. Шундан сўнг яна юракларини жойига қайтариб қўяди. Ҳодисанинг гувоҳи бўлган болалар қўрқувдан қалт-қалт титраб, шошганча ул зотнинг сут оналари олдига бориб, «Муҳаммадни ўлдиришди!» деб хабар беришади. Ҳамма ўша жойга югуриб боради ва ул зотни ранглари ўчган ҳолатда кўрадилар». Анас розияллоҳу анҳу сўзларини давом эттириб, яна шундай дейдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларида билинар-билинмас изларни кўрганман».[2]
[1] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[2] Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ривояти.






