Бу ибора араб тилидаги “куфр” сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда инкор қилиш, осий бўлиш, тан олмаслик каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса икки хил маънода келади. Бири – динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатсизлик иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишга нисбатан қўлланилган.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён этилган мазкур ибора унинг истилоҳий маъноларидан бирига далолат қилиши сўзнинг йўналишига қараб ёки кўзда тутилган маънони ёритувчи қўшимча далиллар билан тушуниш мумкин. Масалан, Қуръонда куфр лафзи бир неча ўринларда келган бўлиб, унда Аллоҳ таоло очиқ куфрни ирода қилмаган. Баъзи оятларда куфрдан мақсад шахсни ислом динидан чиқарадиган куфр эмас, балки чеклов ёки тўхтамларни ўз ичига олади. Бошқа бир оятларда “мутлақ куфр” зикр этилиб, ислом миллатидан чиқишгача бўлган ҳолатлар назарда тутилган.
Аллоҳ таоло кишини мажбурланган пайтда “куфр” сўзини айтиб қўйса уни азобламаслигини ояти каримада маълум қилгач, уламолар ундан келиб чиққан бошқа масалаларга ҳам ҳукм чиқаришган. Бунга кўра, куфрга мажбурланган киши диндан чиққан ҳисобланмайди. Бу борада Савбон розияллоҳу анҳудан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Менинг умматимдан хато қилганда, эсдан чиқарганда ва мажбурланганда қилган ишидан қалам кўтарилди”, – деган машҳур ҳадиси ривоят қилинган.
Бир киши куфрга мажбурланса, у ўлимдан қўрқиб куфр сўзини айтиб юборса-ю, қалби иймон ила хотиржам бўлса, уламолар унга гуноҳ бўлмаслигига, у ҳақда “кофир” деб ҳукм чиқармасликка ижмо қилганлар. Бу Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеий ва бошқа уламоларнинг сўзидир.
Имом Бухорий ҳазратлари ўзларининг “Саҳиҳ”ларидаги боблардан бирини “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан исломдан чиқмаслигига ишора қилган.
Абу Исо ат‑Термизий: “Аҳли илмдан бирон киши зино, ўғрилик ёки хамр ичишлик сабабидан ҳеч кимни кофир демаганлар”, – дейдилар.
Катта (кабира) гуноҳ содир этган шахс қилган ишини ҳалол санамас экан, демак у кофир бўлмайди. Қолаверса, “Аҳли сунна” уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда абадий қолмайди.
Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар сабабидан Қуръон ва Суннат ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан, “Нисо” 94-оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.
Бу оятни нозил бўлиш сабаби ҳақида ибн Касир ўз тафсирида шундай дейди: Имом Аҳмад ибн Аббосдан ривоят қиладилар: “Бану Салимдан бир киши ўзини қўйларини боқаётганда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб уларга салом берди. Улар: “бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келдилар. Сўнг ушбу оятни “Эй иймон келтирганлар”дан охиригача нозил бўлди”.
Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий ибн Умардан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтди: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.
Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам қибла аҳлларидан бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган экан. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ эса фақатгина бидъат аҳлларидан бўлган хаттобийларнигина очиқ суратда ҳаромни ҳалол деганлари учун кофирга ҳукм қилган.
КЎКАЛДОШ ЎРТА МАХСУС ИСЛОМ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ





