“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган “Маънавий-маърифий” тадбирлар режасига мувофиқ 3 февраль куни битирувчи курс талабалари билан “Диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Ҳадис олий мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида битирувчи курс талабаларига хозирги кундаги диний соҳа ходимлари – имом хатиблар зиммасида турган долзарб вазифалар айтиб ўтилди:
– Бугун ҳар бир имом-хатиб мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаёти, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни қалбан ҳис этган ҳолда кенг халқ оммасига тушунтириб бориши лозим. Ватан келажаги учун қайғурар эканмиз, ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этадиган, ислоҳотларга лоқайдлик билан қарайдиган ва тарбияни издан чиқарадиган иллатлардан халқимизни ҳимоя қилиш сув ва ҳаводек зарур;
– Имом-хатибларимиз жума мавъизаларида дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган тартибсизликлар, хунрезликлар, фитналар ортида эзгулик душмани бўлган разил кучлар турганини, бу ҳолат ҳеч бир фикри соғлом кишини бефарқ қолдирмаслиги, можаролар қайси мамлакатда рўй бермасин, бу бутун инсониятнинг фожиаси бўлиб, муқаддас ислом дини таълимотларига бутунлай зид эканини кенг оммага тушунарли ва таъсирчан қилиб етказишлари лозим;
– Бугун глобал ахборот маконида ҳамма кучлар ўз манфаатлари учун кураш олиб бормоқда. Интернетнинг имкониятларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилар эканмиз, унинг фойдали жиҳатларига эътибор қаратиб, зарарли томонларидан огоҳликка чақиришимиз зарур. Турли, манбаси номаълум сайтларда одам ақлини чалғитувчи, айниқса ёшларимизни тўғри йўлдан оздирувчи, яширин ғоялар мавжудлигини уларга тушунтириб боришлари даркор. Бундай сайтларнинг бош ғояси соф ислом таълимотини бузиб талқин этиш, шу орқали қалби нафис ёшларнинг фикрини заҳарлаш орқали тинч-тотув ҳаётларини издан чиқариш, алал-оқибат юрт тинчлигига раҳна солишдан иборатдир. Бу масалаларни тушунтиришда Ислом дини бу маърифат, илму ирфон, эзгулик, жамият тараққиётига хизмат қилувчи дин эканига алоҳида эътибор беришлари керак.
– Тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий жиҳатларидан огоҳ этиб, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган муқаддас динимиз таълимотларига қулоқ солишни, бу дин ҳар замон ва маконда инсоният фаровонлигига хизмат қилиб келганини, дунё тамаддунига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб, бундан кейин ҳам жамият тараққиёти ва равнақига хизмат қилишини илмий асослар билан тушунтириш;
– Шуни ҳам яхши билиб олишимиз лозимки, бузғунчи оқимларнинг асосий ғоялари халқимиз асрлар давомида эътиқод қилиб келаётган мотурудия ақидаси ва ҳанафий мазҳабига мутлақо ёт эканини аниқ мисол ва ишончли далиллар асосида халққа етказиш ҳам имом-хатиблар зиммасидадир. Бу вазифани булардан бошқа ҳеч ким бажара олмайди. Айрим ташвишли ҳолатларга, баъзи ёшларнинг чет эл меҳнат сафаридан келгач, ўз халқи эътиқодини янглиш ҳисоблаб, адашган гуруҳларнинг алдовларига учиб, “бу ибодатни бундай қилиш керак, у амални ундай қилиш лозим”, деб “ўргатиш”гача боришларига имом-хатиблар асло йўл бермасликлари лозим.
– Бугуннинг имом-хатиблари жамиятимизда рўй бераётган янгиланишларни, ўзгаришларнинг туб моҳиятини яхши тушунадиган, илмий салоҳияти юксак инсонлар бўлишлари керак. Изланиш ва ҳаракатдан тўхтаган имом, замондан орқада қолиши аниқ. Шунинг учун ҳам имомлар ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савиясини доимо ошириб боришлари зарур. Бугун имом-хатибларга бўлган муносабат тубдан яхши томонга ўзгарди. Бу ҳар қанча таҳсинга лойиқ бўлсада, айни пайтда оғир масъулият ҳамдир. Чунки бу ишончни оқлаш имом-хатибларимиздан катта шижоат, кучли ирода ва самимий ихлос каби фазилатларни қўлга киритишни талаб этади. Энди уларга маърифат ва маънавият тарғиботчилари деб қаралаётганини чуқур англашлари, қадрлашлари керак;
– Ҳар бир имом-хатиб иш жараёнини замонавий техника воситалари ёрдамида амалга ошириши керак. Замон технологияларига бегона кўз билан қараш биз диний соҳа вакилларининг айримларига одат бўлиб қолган. Ваҳоланки бундай технологиялар нафақат иш юритишни енгиллатади, балки унинг таркибий қисми бўлган ижтимоий тармоқлар ёшларнинг дин ўрганишдаги асосий манбаларига айланиб улгурди. Шунинг учун сиз имом-хатибларнинг олдингиздаги бирламчи вазифа ана шу минбарларни ғаразгўйлардан тортиб олиб, халқимизга ислом маърифатини ёйишнинг яна бир воситаси сифатида улардан унумли фойдаланишингиз даркор.
– Ёшлар билан учрашувларда интернет тармоғидаги ҳар хил сайтларга кириб, турли хил фикру қарашларни олиб юрмасдан ҳар бир айтилаётган хабар ва янгиликлари, берилаётган фатволари асосли бўлган республикамиздаги диний-расмий сайтларга мурожаат этишларини таъкидлашлари лозимдир.
Йиғилиш давомида талабаларга билим юртини тугатгандан сўнг олий таълим муассасасига кириб илм таҳсилини давом эттириш ёки ўрта махсус маълумот асосида расмий фаолият олиб боришлари мумкинлиги эслатилиб, бу борада маслаҳатлар берилди. Олий таълимда ўқимоқчи бўлганлар қабул шартларини тўлиқ бажо келтириш учун эртароқ ҳаракат бошлашлари, имтиҳонларга юқори савияда тайёрланишлари тавсия этилди.
Ўқишни битирган талабалар раҳбарият тақсимоти асосида ўзларининг яшаш ҳудудларидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги муассасаларга йўлланма оладилар. Диний соҳа мутахассиси олдига қўйиладиган бугунги кун талаблари, халқ билан ишлаш ва мулоқотда бўлишнинг пасту баландлари, нозик жиҳатларини ҳисобга олиш ишга қадам қўяётган толиб учун муҳим ҳисобланади. Устозлар бу борада ўз маслаҳатларини бердилар.


“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати