إِنَّ أَوْلَى النَّاسِ بِإِبْرَاهِيمَ لَلَّذِينَ اتَّبَعُوهُ وَهَذَا النَّبِيُّ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَاللَّهُ وَلِيُّ الْمُؤْمِنِينَ آل عمران: 68
Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Пайғамбар ва иймон келтирганлардир. Аллоҳ мўминларнинг валийсидир (Оли Имрон сураси 68-оят).
Саййид Тантовий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирларида ушбу оят борасида шундай дейдилар:
Ушбу оятдаги أَوْلَى (Авлаа) калимаси исми тафзил сийғасида бўлиб, маъноси – энг яқин дўсти, деганидир. Оятнинг маъноси эса – Иброҳим алайҳиссаломга инсонларнинг энг яқини уч тоифадир:
Биринчиси — لَلَّذِينَ اتَّبَعُوهُ яъни, Иброҳим алайҳиссаломга эргашганлардир. Ўзлари даъво қилаётгандек Яҳудий ва Насронийлар эмас.
Иккинчиси — وَهَذَا النَّبِيُّ яъни, Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Учинчиси — وَالَّذِينَ آمَنُوا яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирганлар – саҳобалар зикр этилмоқда.
Бу ислом умматининг улуғлиги далилларидандир. Чунки, яҳудий ва насронийлар ўзларини Иброҳим алайҳиссаломнинг уммати деб эътироф этишади. Аслида эса, улар ўзларининг динларини дунёлари эвазига сотганлар. Ҳақиқий мусулмонлар эса ўз динларида собит қолганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ўзларини “Тафсирул Ҳилол” асарларида ушбу оят борасида шундай деганлар:
«Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар», яъни ўзлари ҳаёт даврларида у кишига иймон келтириб, йўлидан юрганлар ва у киши ўтганларидан кейин ҳам эргашганлардир.
Кейин, мана бу Пайғамбар, яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Энг содиқ гувоҳ бўлмиш Аллоҳ таолонинг хабарига биноан, улар икковлари Исломда биргадир.
Яна кейин одамларнинг Иброҳим алайҳиссаломга ҳақлироғи Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирганлардир, яъни саҳобайи киромлар.
«Аллоҳ мўминларнинг валийсидир», яъни, дўстидир, ёрдамчисидир, ҳомийсидир.
Доктор Ваҳба Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Тафсирул Мунир” асарларида ушбу оят борасида қуйидагиларни келтирадилар:
Иброҳим алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динлари битта – Ислом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлар-саҳобалар ҳам Исломдадирлар. Уларнинг барчалари тавҳид узрадирлар. Аллоҳ таоло эса мўминларнинг валийси – дўстидир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ҳар бир пайғамбарнинг пайғамбарлар орасидан валий-дўстлари бўлади. Менинг валийим Отам – Аллоҳнинг халилидир” ва ушбу оятни ўқидилар: “Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Пайғамбар ва иймон келтирганлардир. Аллоҳ мўминларнинг валийсидир”.
Аллоҳ таоло барчамизни Иброҳим алайҳиссалом ва Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллатига мос уммат бўлишлигимизни насиб айласин! Саҳобайи киромлардан рози бўлганидек бизлардан ҳам рози бўлсин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев
манбалар асосида тайёрлади