Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бизларга ваъдага вафо қилиш, аҳдга чиройли тарзда риоя этиш, қариндошларга яхшилик қилиш билан силаи раҳм хулқи ила хулқланишни таълим бердилар. Бу иш уларни зиёрат қилиш, йўқлаш, муҳтож бўлсалар моддий ёрдам кўрсатиш, гина-адоватни йўқотиш, қалбларига муҳаббат, дўстлик уруғини экиш учун ҳадялар улашиш ҳамда яхшилик ва тақво йўлида улар билан ҳамкорлик қилиш орқали амалга ошади. Шуни таъкидлаш лозимки, у зот бу ахлоқ ва одобларга амал қилишда яққол ажралиб турар, умматга ва инсониятга бу борада гўзал намуна, комил ўрнак ва энг олий мисол эдилар. Бунга далиллар жуда кўп. Мисол тариқасида Имом Абу Довуд санади билан Абдуллоҳ ибн Ҳамсадан ривоят қилган мана бу воқеани келтириш мумкин: «Пайғамбар бўлишларидан олдин Набий алайҳиссалом билан олди-сотти қилган эдим. У зотга бир нарсани беришим керак эди ва шуни савдолашилган жойга олиб келишни ваъда қилдим. Бироқ бу келишув ёдимдан кўтарилиб, уч кундан кейин эсимга тушганда бордим. У зот ўша жойда эканлар. Менга: «Эй йигит, мени қийнаб қўйдинг. Сени шу ерда уч кундан буён кутаман», дедилар.
Росулуллоҳнинг мана шу ҳолатлари ваъдага вафо қилиш вожиблигига далолат қилади. Бу боболари Исмоил алайҳиссаломнинг хулқлари жумласидан бўлиб, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва Набий бўлган эди».[1]
Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ бу оятни тафсирлаб: «Нимани ваъда қилса, албатта вафо қилар эди», дейди. Муқотил раҳматуллоҳи алайҳ: «Бир кишига қайтиб келгунча кутиб тураман деб ваъда берганларида ҳалиги одам қайтиб келгунча, уч кун кутган эканлар». Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя олиб келинса: «Уни фалончи аёлга олиб боринглар. У Хадичанинг дугонаси эди. Хадичани яхши кўрар эди», дер эдилар[2]. Бу ривоят Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли аёли Хадича розияллоҳу анҳога вафотидан кейин ҳам вафо ва садоқатларининг ёрқин далилидир. Оиша розияллоҳу анҳодан келган ривоят юқоридагисини таъкидлайди. Оиша онамиз айтади: «Хадичага рашк қилганимдек бирор аёлга рашк қилмаганман. У зот шу аёлини эслаб ёд этганларини эшитардим. Агар қўй сўйилса, унинг дугоналарига ҳам ҳадя юборардилар. Унинг синглиси олдиларига кирмоқчи бўлиб изн сўраганда келганидан хурсанд бўлиб кетдилар. Бир куни бир аёл ҳузурларига кирганда, севиниб, у билан яхшилаб сўрашдилар. У ҳузурларидан чиқиб кетгач: «Бу аёл Хадича борлигида бизникига келиб турарди. Албатта, чиройли вафо иймондандир», дедилар»[3]. Мана шу тафсилотлар Пайғамбаримиз Хадича розияллоҳу анҳонинг вафотидан кейин ҳам дугоналарини қандай иззат-икром қилганларига ибратли намуналар сифатида келтирилади. Айрим салафи солиҳлар Пайғамбар алайҳиссаломни таърифлаб: «У зот қариндошларига меҳр-оқибат кўрсатар, лекин уларни аҳли фазл зотлардан устун қўймас эдилар», дейди.
Бундан кўриниб турибдики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим адолат тарозусини тенг тутар, ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берар, аҳли байтни бошқалардан ортиқ кўрмас эдилар. Чунки Аллоҳнинг ҳузуридаги азизлик инсон насл-насаби билан эмас, балки тақвоси билан белгиланади. Пайғамбар алайҳиссалом қариндошлари билан бошқаларнинг тенг эканини таъкидлаб: «Албатта, Бану фалон оиласи менга дўст эмас. Лекин улар билан қариндошлик бор. Унинг ҳақларига риоя қиламан», дедилар. Яъни, улар менга қариндош, шу боис қариндошлик алоқаларини боғлайман. У зот бир ҳадиси шарифда: «Қариндошлик алоқаларини салом билан бўлса ҳам боғлаб туринг»,[4] деб уқтирадилар. Икки шайх келтирган ривоятга кўра, Пайғамбаримиз ўз қизлари Зайнабнинг қизи Умомани бўйинларида кўтариб намоз ўқир, сажда қилганларида ерга қўяр, турганларида кўтариб олардилар. Бундан у зотнинг ўта болажон, гўдакларга меҳрибон ва шафқатли, уларни беҳад авайлашларига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, у зот қариндош бўлмаса ҳам, ўз саҳобаларининг қадрдон дўстларини ниҳоятда иззат-икром қилар эдилар. Имом Байҳақий Абу Қатода Ансорийдан ривоят қилади: «Нажоший жўнатган вакиллар келганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туриб уларга хизмат қила бошладилар. Буни кўриб саҳобалар: «Сиз қўяверинг, ўзимиз», дейишди. У зот: «Улар асҳобларимизни ҳурмат қилишган. Мен шунга муносиб муомала қилишни истайман», дедилар. Яъни, уларнинг яхшиликларига мувофиқ тақдирлашни хуш кўраман, демоқчилар. Бу яхшиликни унутмаслик, унга вафодорлик ва олийжаноблик билан ёндошиш намунасидир.
Пайғамбаримиз билан эмизиш орқали қариндош бўлганлар ҳам набавий эъзозлашдан катта улуш эгалари бўлишган. Сийрат ва суннатда ворид бўлишича, Ҳавозин асирлари орасида Пайғамбар алайҳиссаломнинг эмикдош опалари Шаймани ҳам келтирилди. У ўзини таништирди. У зот шу аёлга ридоларини тўшаб: «Агар хоҳласанг, ҳузуримда қол. Ҳамиша иззат-икромда бўласан. Агар қавминг олдига кетмоқчи бўлсанг, совғаларимни қабул қилиб, қайтишинг мумкин», дедилар. У қавми олдига кетишни хоҳлади. У зот уни мукофотладилар».[5] Яъни, уни хурсанд қиладиган кўп ҳадялар бердилар.
Абу Туфайл Омир ибн Восила айтади: «Ёш пайтимда Набий соллаллоҳу алаҳи васалламни кўрганман. Бир аёл олдиларига келганда унга ридоларини тўшадилар. Ҳалиги аёл ридо устига ўтирди. Мен бу аёл ким, деб у ерда турганлардан сўрадим. «Эмизган оналари», дейишди. Яъни, бу аёл Ҳунайн кунида келган Пайғамбар алайҳиссаломни эмизган Ҳалима она бўлган.[6]
Амр ибн Соибдан ривоят қилинган собит хабарга кўра, бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам ўтирганларида эмизган оналарининг эри[7] келди. Кийимларининг бир қисмини тўшаб, ўтиришни таклиф қилдилар. Кейин эмизган оналари келганда кийимларининг бошқа бир бўлагини унга тўшадилар. Кейин эмикдош биродарлари[8] келди. Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам туриб, унга ўз олдиларидан жой бердилар». У зот ўзларини эмизган Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайбага нафақа ва кийим жўнатар эдилар. У вафот этгач, унинг қариндошлари борми-йўқми, деб сўраб-суриштирганларида «Ҳеч кими йўқ», дейилди[9].
Бу каби улуғ ахлоқий фазилат ва хислатларга икки шайх
ривоятида келган Хадича онамизнинг Пайғамбаримизга ваҳий туша бошлаш пайтида
айтган ажойиб сўзлари тож кийгизади: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни асло
шарманда қилмайди. Чунки сиз силаи раҳм қиласиз, оғирни енгил қиласиз,
йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонни ҳурмат қиласиз, ҳақ йўлда бошга тушган
кулфатларда ёрдам берасиз», деган эдилар.
[1] Марям сураси, 54-оят.
[2] Имом Бухорий «Адабул Муфрад»да келтирган.
[3] «Икки саҳиҳ»да келтирилган.
[4] Имом Тобароний, Баззор ва Байҳақий ривояти.
[5] Ибн Исҳоқ ва Байҳақий ривояти.
[6] Ҳофиз Ибн Ҳажар «Ал-Исоба»да, Ибн Абдул Барр «Ал-Истийъоб»да, Ибн Ҳиббонннинг «Саҳиҳ»ида ва бошқа манбаларда Ҳалима она Исломни қабул қилгани келтирилган.
[7] Ҳорис ибн Абдулузза. Исломни қабул қилгани ҳақида ихтилоф қилинган. Зириклий «Ал-Аълом»да, Ибн Жавзий «Сифатус софва»да: «Ҳалима ва унинг эри Абдулуззо нубувватдан кейин у зотнинг ҳузурларига келиб исломни қабул қилди», деб келтиришган.
[8] Абдуллоҳ ибн Ҳорис. Росулуллоҳнинг жами бешта, бошқа бир қавлда саккизта эмикдошлари бўлган, дейилган.
[9]Ибн Саъд Воқидийдан ривоят қилган.