Усайд (розияллоҳу анҳу) Авс қабиласининг бошлиқларидан бири эди. У киши мустақил фикрга эга, табиати соф, куч-қувватда тенгсиз баҳодир одам бўлган. Шунингдек, ниҳоятда камтар, шижоатли, хайр-саховатда илғор зот эди. Исломга қадар нафақат ўз қабиласи, балки, атрофдаги араблар орасида ҳам донғи кетган мерган сифатида танилган.
Саҳобанинг тўлиқ исми Усайд ибн Ҳузайр ибн Саммок ибн Атийк ибн Рофеъ ибн Имриулқайс ибн Зайд (розияллоҳу анҳу). Абу Яҳё ва Абу Атийк кунялари билан чақирилар эди.
Отаси Ҳузайр ибн Саммок авсликларнинг раисларидан эди. Онаси Умму Усайд бинт Сакан. У иккинчи Ақаба байъатида Ислом динини қабул қилган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мусъаб ибн Умайрни Ислом динига чақириш, уларга таълим бериш, илм ўргатиш учун Мадина шаҳрига юбордилар. Саъд ибн Муоз Усайднинг дўсти эди. Саъд Усайд ибн Ҳузайрга Мусъаб ибн Умайр (розияллоҳу анҳу) Ислом динига чақираётганини, уни тўхтатиш лозим эканини айтади. Усайд (розияллоҳу анҳу) қуролини олиб, Мусъаб ибн Умайр (розияллоҳу анҳу)нинг олдига боради. У аввал Ислом дининин қабул қилган, Мадинанинг бошлиқларидан бири Асъад ибн Зуроранинг уйида зиёфатда эди. Асъад ва Мусъаб (розияллоҳу анҳумо) Усайд ибн Ҳузайр одамлар орасида даъват эшитаётганини кўришади. Бироздан кейин Усайд ғазабланган ҳолда уларнинг олдига келади. Мусъаб (розияллоҳу анҳу): “Бизни тинглагин, рози бўлсанг қабул қиласан. Агар ёқтирмасанг, ёмон кўрган нарсангни айтмаймиз”, деди. Усайд: “Айт”, деди. Мусъаб ибн Умайр (розияллоҳу анҳу): “Ҳо, Мим. Аниқ Китобга (Қуръонга) қасамёд этаманки, албатта, Биз уни сизлар англашингиз учун араб тилидаги Қуръон қилдик!” дея Зухруф сурасининг аввалги уч оятини ўқиди. Усайднинг қалби нурга тўлиб, юзи ёришди. У: “Бу нақадар чиройли ва гўзал калом. Бу динни қабул қилиш учун нима қилиш керак”, деди. Мусъаб (розияллоҳу анҳу): “Бадан ва кийимларингни покла, шаҳодат калимасини айт ва намоз ўқи”, деди. Усайд ибн Ҳузайр Ислом динини қабул қилиш учун ўрнидан тез туриб, уйга бориб ғусл қилди ва таҳорат олди. Оламлар Раббисига сажда қилиб, мусулмон бўлганини эълон қилди. Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу)га эргашиб, Саъд ибн Муоз (розияллоҳу анҳу) ҳам мусулмон бўлди. Икки улуғ саҳобанинг мусулмон бўлиши Авс қабиласидан кўпчиликнинг Исломга киришига сабаб бўлди.
Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) Мусъаб ибн Умайр (розияллоҳу анҳу)дан Қуръони каримни ўрганди. Улуғ саҳобанинг қироати ёқимли бўлгани учун овозини эшитиш учун фаришталар осмондан тушган экан. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Усайд ибн Ҳузайр тунда Бақара сурасини ўқиётганда, боғлиқ турган оти тўсатдан безовта бўлди. У қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Яна ўқий бошлаганди, от ҳам безовталанарди. Қироатни тўхтатса, от яна жим бўларди. Сўнг яна ўқиса, от безовта бўлаверди. Ўша вақтда ўғли Яҳё от ёнида эди. От босиб олишидан қўрқиб, ўғлини отдан узоқроққа олиб қўйгач, осмонга қаради. Осмонда соябонларга ўхшаш, остида нур таратиб турган нарсалар бор экан. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтиб берди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Улар нималигини биласанми?” деб сўрадилар. Усайд: “Йўқ”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улар овозингни эшитиш учун пастга тушган фаришталар эди. Агар тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўларди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) хушчақчақ киши эди. У бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларида, қавмга гапириб, уларни кулдираётганда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бармоқлари билан биқинига ниқтадилар. Шунда у: “Жонимни оғритдингиз”, деди. У зот: “Ундай бўлса ўч ол!”, дедилар. Усайд (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, сизни кўйлагингиз бор, менинг эгнимда кўйлак йўқ эди”, деди. У зот (алайҳиссалом) кўйлакларини кўтардилар. Саҳоба Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни қучоқлаб, биқинларидан ўпиб: “Ё Аллоҳнинг Расули! Ота-онам сизга фидо бўлсин, сизни таниганимдан бери шуни орзу қилар эдим”, деди.
Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) саҳобалар орасидаги турли низоларни ислоҳ қилишда ибратли зот эди. Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан кейин халифа тайинлаш вақтида намуна бўлди. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) халифа Қурайшдан бўлишини таъкидлади. Бу муаммони тўғри ҳал этиш учун Расулуллоҳнинг васиятларига биноан ўз фикрларида собит турди. Муҳожир ва ансорлар ўртасида турли низолар келиб чиқди. Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) вазиятни синчковлик билан кузатиб, сўз олди. Усайд ибн Ҳузайр ансорларга: “Расулуллоҳ муҳожирлардан бўлганини биласизлар. Демак, У зотнинг халифаси ҳам муҳожирлардан бўлиши лозим. Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ансорларимиз. Бугун ҳам У зотнинг халифасининг ансорлари бўлишимиз керак”, деди. Бу мажлисдаги барчага манзур бўлди. Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) мусулмон умматини катта хатардан сақлаб, адолат бобида Набий (алайҳиссалом)нинг чинакам уммати эканини исботлади.
Усайд (розияллоҳу анҳу) Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида бош маслаҳатчилардан бири бўлди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ўзидан кейинги халифани тайинлаш учун Усайд ибн Ҳузайр, Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф, Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳм)ни чорлади. Барча бир овоздан Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг номзодида тўхтади. Усайд ибн Ҳузайр (розияллоҳу анҳу) халифа Умар (розияллоҳу анҳу) даврида ҳам давлатнинг йирик арбобларидан бири бўлди.
Улуғ саҳоба ҳижрий 20 йили шаъбон ойида вафот этди ва Бақиъ қабристонига дафн қилинди. У кишининг жанозасини Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ўқиди.
Манбалар асосида
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баҳриддин Жўрабек ўғли тайёрлади.





