Маълумки, ислом шариат – бу жуда ҳам қадимий (тахминан 1500 йиллик) диний, маънавий–ахлоқий, ҳуқуқий тизим. Бироқ унинг молиявий қисми бир неча асрлик «парокандалик» давомида унутилди ва мусулмон Шарқининг ўз анъанавий ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий-молиявий, ҳамда таълим тизимлари асосан Ғарб мамлакатларида пайдо бўлган муқобил тизимларга алмаштирилди. Бу даврда мустамлакага айлантирилган мусулмон давлатларининг (яъни аҳолисининг аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатлар) бир қанчасида ислом қонунчилигидан фақатгина никоҳ ва жаноза каби маросимлар сақланиб қолди десак, катта хато бўлмаса керак. Шу маънода, табиийки, яқиндагина (ХХ асрнинг ўрталарида) мустақилликка эришган мусулмон давлатлари ва минтақаларининг ҳуқуқшунослик мактаблари бир неча аср давомида йиғилиб қолган мураккаб ва жиддий масалаларни, ҳамда замонавий долзарб муаммоларни ҳал қилишга тайёр эмаслиги маълум бўлди.
Бу ҳолатда ислом илмий тафаккурини бироз бўлса ҳам қўзғатиш кучига эга бўлган нарса – нафақат ислом фиқҳини яхши билган, балки мусулмон олами учун турғунлик даври бўлган мустамлакачилик пайтида жаҳонда юз берган улкан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни чуқур англаб етган шахслар томонидан амалиётга татбиқ қилиниши мумкин бўлган ҳақиқий жонли мавзуни юзага чиқариш эди. Иккинчи жаҳон урушининг тугаши билан ислом оламида пароканданлик якун топишига умид пайдо бўлди. Айнан шу даврда мусулмон давлатлари ўз мустақиллиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш учун кураш бошлади ва ҳудди шу даврда ислом иқтисодиёти илмий назарияси ва тамойиллари яратила бошланди. Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган бу даврни 3та алоҳида босқичга ва бошланиши муқаррар бўлган 4-босқичга ажратиш мумкин.
1. ХХ асрнинг 50-йилларидан 80-йилларнинг ўрталаригача – уйғониш, асосий нуқтаи-назарларни шакллантириш ва қайта юзага чиқиш даври;
2. 80-йилларнинг ўрталаридан 90-йилларнинг охиригача – шаклланиш ва тетапоя даври;
3. 90-йилларнинг ўрталари ҳозирги кунгача – ўзгаришлар ва янги ғоялар (инновациялар) даври;
4. Ҳали бошланмаган, лекин вақти етиб келган ривожланиш босқичи.
Биринчи босқич
Мустамлакачиликдан эндигина халос бўлган мусулмон давлатлар ўз диний-маданий меросларидан келиб чиққан ҳолда кейинги тараққиёт босқичлари қандай бўлиши лозимлигини аниқлаштираётган бир пайтда иқтисодиёт – молия тизимини кўриб чиқиш ва ривожлантириш масаласи жиддий равишда кун тартибида пайдо бўлди. «Ислом иқтисодиёти» тушунчаси ўтган асрнинг 50-йилларида ҳинд иқтисодчиси Абул Аъло Мавдудий томонидан муомалага киритилган.
Илмий изланишлар ва фоизсиз иш юритадиган молия муассасалари ташкил этиш борасидаги дастлабки уринишлар ўтган асрнинг 50-60-йилларида Ҳиндистон, Покистон ва Мисрда бўлган. Масалан 1963-1967 йилларда фаолият олиб борган «Мит Гамр» банкини (Миср) биринчи ислом банки деб аташса ҳам мазкур банк таъсисчиларининг ўзлари сиёсий сабабларга кўра ислом банки деган номга даъвогарлик қилишмаган. Шундай қилиб, 1975 йилда ташкил этилган «Дубай ислом банки» ва «Ислом тараққиёт банки» биринчи ислом банклари сифатида танилди.
Иккинчи босқич
80-йилларда Малайзиянинг «олтин даври» бошланди. Форс кўрфази мамлакатларидан фарқли ўлароқ, бу давлат 1983 йилдаёқ ислом банк тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишига қаратилган алоҳида қонун қабул қилди ва ишга жиддий киришди. Секин-аста Малайзия молия соҳасида ислом илмий ғояси марказларидан бирига ҳам айланди. Бунга Ислом молияси халқаро таълим маркази (ИНСЕИФ) ва Ислом молияси соҳасидаги шариат тадқиқотлари халқаро академияси (ИСРА) ёрқин мисол бўла олади. Малайзия сармоя (капитал) бозори эса Осиё миқёсида энг илғорларидан бири ҳисобланади. Малайзиянинг «сукук» ислом қимматли қоғозларини (облигациялари) биринчи бўлиб молия бозорига чиқариши ҳам эътиборга молик.
Шундай қилиб, 90-йилларнинг бошларида ислом молияси соҳаси «тажриба майдони»дан жаҳон молия бозорига эътиборга лойиқ, аммо ҳозирча жуда ёш иштирокчи сифатида чиқди.
Учинчи босқич
Шу билан бир вақтда, ислом молияси салоҳиятини, ҳамда классик ислом молияси шартномаларининг чегараланган имкониятларини англаб етган жаҳон молия тизими намоёндалари ҳисобланувчи Ғарбнинг қатор йирик банклари, юридик компаниялари ва бошқа манфаатдор томонлар замонавий талаблар ҳамда халқаро стандарт ва амалиётларга жавоб берадиган мураккаб ислом молияси маҳсулот ва шартномаларини яратишга киришди.
Шу тариқа, ислом банкчилиги тараққиётининг учинчи босқичи – ўзгаришлар (транфсормация) ва янги ғоялар даври (мослашув даври деса ҳам бўлади) бошланди. Халқаро даражадаги банкчилар ва ислом молияси тизимининг жаҳон молияси тизими билан уйғунлашуви тарафдорлари юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, шунингдек янги молия маҳсулотлари яратиш мақсадида ислом молияси фиқҳи соҳаси ҳуқуқшунослари билан яқиндан ҳамкорлик қила бошлади. Умумий саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 90-йилларнинг ўрталаридан бошлаб маҳаллий ва жаҳон бозорларида анъанавий тизим билан рақобатлаша оладиган мураккаб ислом молияси маҳсулотлари даври бошланди.
Тўртинчи босқич
Ҳали бошланмаган, лекин вақти етиб келган ривожланишнинг ушбу босқичи келажакда ислом банкларини молиявий элита қатламида ҳал қилувчи ричаг вазифасини бажариши билан характерланади. Бу эса ёш ислом иқтисодчиларининг ғайрат-шижоатига боғлиқ десак, муболаға бўлмайди.
Раҳимов Шерзод
4-курс талабаси






