Эслатиб ўтамиз, қуйидаги сатрлар “Ёшлар масалалари Ислом нигоҳида” деб номланган туркум мақолаларнинг навбатдагисидир. Ёшлар деганда одатда балоғат ёшидан бошлаб ўттиз беш-қирқ ёшлар орасидаги инсонлар назарда тутилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ёшлар ва муҳаббат
(иккинчи қисм)
«Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва уларга янада зиёда ҳидоят бердик» (Каҳф сураси 13-оят).
Аллоҳ таоло Нисо сурасида никоҳи ҳалол ва ҳаром қилинган аёлларни зикр қилгач шундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни олдингиларнинг йўлига ҳидоят қилишни, тавбаларингизни қабул этишни, хоҳлайдир. Аллоҳ билувчи, ҳикматли Зотдир. Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни хоҳлайдир. Шаҳватларга эргашадиганлар эса улкан оғишга мойил бўлишингизни хоҳлайдир. Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир» (Нисо сураси 26-28 оятлар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, қарамоғимизда бир етим қиз бор эди. Шу қизга икки киши совчи қўйди: бири бой, наригиси камбағал. Қиз камбағалини хоҳлаяпти, биз эса бойини», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирига муҳаббат қўйган икки инсон учун никоҳдан яхшироқ нарса йўқ», дедилар (Ҳоким ва Ибн Можа ривояти).
Мақоламизнинг биринчи қисмида Аллоҳ ва Унинг Расулига нисбатан муҳаббат ҳақида қисқача сўз юритган эдик.
Ушбу иккинчи қисмида эса эркак ва аёл ўртасидаги муҳаббат ҳақида тўхталмоқчимиз.
Уламоларнинг айтишларича, Аллоҳ таоло кўзни қалбнинг кўзгуси қилиб қўйди. Банда кўзини тийса қалб ҳам ўз шаҳвати ва хоҳишини тияди. Агар кўзига эрк берса, қалб ҳам шаҳватига эрк беради.
Саҳиҳ ҳадислардан бирида айтилади: «Ҳажда қурбонлик куни Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловларига мингашиб олган эди. Шунда тахтиравонда аёллар ўтиб қолишди. Фазл розияллоҳу анҳу уларга қарай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унинг бошини бошқа томонга буриб қўйдилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Назар бевосита кўз билан қараш ёки аёл киши васф қилиб берилганда қалб билан тасаввур қилиш орқали вужудга келади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлни ўз эрига қўшни аёлни сифатлаб беришдан қайтарганлар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир. Мўминаларга айт, кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар» (Нур сураси, 30-31-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарни назарга эргаштирма! Биринчиси сенга (яъни гуноҳ йўқ), иккинчиси эса сенга эмас (яъни гуноҳ бўлади)» дедилар (Термизий ва Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло бандани қалбий ҳиссиёт бўлмиш муҳаббат учун жазоламайди. У зот инсонни ихтиёрий равишда қилган амаллари учун ҳисоб қилади.
Инсон агар севиб қолса қалбидан ўтган нарсалари учун Аллоҳ таоло жазоламайди, лекин кўзни тиймаслик, гапириш, аёл киши билан ёлғиз қолиш ёки Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган ўринларда унга аралашиб юриш сабабидан жазолайди.
Муҳаббатнинг муолажаси уйланиш, аммо шуни ҳам айтиб қўйиш керакки, севишнинг ўзигина бахтли оила қуриш, гўзал ҳаёт барпо этиш учун етмайди.
Зеро, дин, ҳаё ва одоб билан сифатланмаган, эрига итоат қилмайдиган қизга эр кишининг уни севгани учунгина уйланиб олишидан нима маъно? Шубҳасиз, у эрнини оилавий ҳаётда тез орада чарчатади. Эр унга фақат севгани учунгина уйланса, ваҳоланки аёлнинг заковати паст бўлса ёки озода бўлмаса ёхуд тақвоси бўлмаган оилада ўсган бўлса, бундан нима манфаат?
Шубҳасиз, бундай оилавий ҳаёт узоққа чўзилмайди.
Муҳаббатнинг ўзигина уйланишга кифоя қилмайди. Қизда топилиши керак бўлган салоҳият, заковат, ҳаё, эрига итоатда бўлиш, чирой, обрў-эътибор, озодалик каби бошқа шартлар ҳам бор.
Бошқача қилиб айтганда, шариатга хилоф ишқий воқеаларни бошидан ўтказмаган, тақлидий турмуш қурган оилаларнинг бахтли бўлиб кетиши, ҳаром воқеалардан кейин қурилган турмушнинг бахтга эришишига нисбатан кўплиги кузатилган.
Муҳаббатнинг яна бир муолажаси ҳаромдан сақланишдир. Яъни, бегона аёлга қарамаслик, у билан суҳбат қурмаслик, бирга ўтириб, ҳазил-ҳузл қилмаслик, зинога яқин йўламаслик. Инсонлар қадимда ҳам, ҳозир ҳам иффат ва поклик билан фахрланиб келишмоқда.
Аввалига севиб қолиб, сўнг иффат қилган инсонга Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта ажр бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, назар иблиснинг ўқларидан заҳарланган бир ўқдир. Бас, ким кўзини аёлнинг зийнатларидан тийса, Аллоҳ унинг қалбига Ўзини учратадиган кунгача топадиган ҳаловатни солиб қўяди, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ким Аллоҳ учун бир нарсани тарк этса, Аллоҳ унга дини ва дунёсида унданда яхшироғини бериб қўяди.
Оламларнинг Робби Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин!
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари” номли мақолалар
туркуми асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёсиддин ва 3-курс талабалари томонидан тайёрланди.