“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида талаба-ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг мутолаага бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 1 май куни кенг қамровли маърифий тадбир ташкил этилди.



Мазкур тадбир доирасида “Ҳилол-Нашр” нашриёти билан ҳамкорликда китоб кўргазмаси ўтказилиб, унда турли йўналишлардаги илмий-оммабоп, диний-маърифий ва бадиий адабиётлар намойиш этилди. Кўргазма ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, уларни мутолаага рағбатлантиришга хизмат қилди. Тадбирда таълим муассасаси мудири ва устозлари ҳамда Тошкент ислом институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлари бўйича проректори Ёқуб домла Бухарбаев ва ходимлари иштирок этишди. Тадбирда устозлар томонидан талабалар учун фойдали бўлган китобларга доир қимматли мулоҳазалар тақдим этилди.





Шунингдек, тадбир доирасида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси, хаттот Ислом Муҳаммад ҳамда Тошкент ислом институти талабаси Ҳамдамов Азизбек иштирокида “Хаттотлик кўргазмаси” ҳам ташкил этилди. Унда миллий ва исломий хаттотлик санъатининг нозик жиҳатлари, ҳуснихат намуналари намойиш қилиниб, иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир давомида ёшларнинг китобхонлик маданиятини шакллантириш, маънавий-маърифий савиясини ошириш ҳамда миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.




Ушбу тадбирнинг хаттотлик қисми билим юртига ташриф буюрган чет эллик меҳмонларни ҳам лол қолдирди. Улар моҳир хаттотларимиз томонидан, миллий анъаналаримиз асосида яратилган асарларга термулганча мозийга сафар қилишди. Меҳмонлар ушбу асарларни суратга олиб тарихга мухрлашди. Зеро, хаттотликда бир миллатнинг маънавий бойлигини мужассам бўлади.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот хизмати






