Имом Абу Мансур Мотуридийнинг энг машҳур устозлари куйидаги уламолардир:
1. Абу Наср Иёзий. Яҳё ибн Қайс ибн Саъд ибн Убода Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳунинг авлодларидан. Абу Наср Иёзий Имом Абу Мансур Мотуридийнинг устози бўлиши билан бирга, Абу Бакр Аҳмад Жузжонийдан дарс олган. Абу Наср Иёзий ўз даврининг етук олими бўлган[1].
2. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний. Усул ва фуруъ илмларини жамлаган ва турли илмларда моҳир олим бўлган.
Эътиборли жойи шундаки, имом Абу Мансур Мотуридий икки устоз воситасида Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга боғланади. Бу устоз-шогирд силсиласи бизга Имом Мотуридий ислом уммати эътироф қилган, бир овоздан қабул қилган мужтаҳид олимларга қанчалик яқин бўлганини кўрсатади. Абу Мансур Мотуридий III ҳижрий асрнинг ўрталарида туғилган. Ҳозирги кунда салафий деб танилган тоифалар аввал Имом Мотуридий, кейин Имом Ашъарийга «тош отиш» ни бошлашди. Мусулмонларнинг 14-асрдан бери амал қилиб келаётган ақидалари борасида шубҳа уйғотиб ўрнига ўзларининг «янги» ақидаларини тиқиштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Ваҳоланки, уларнинг пайдо бўлганига кўпи билан 300 йил бўлди. Уларнинг даьвоси буйича, Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий адашган бўлса, салафийлар пайдо бўлгунча пайғамбаримиз алайҳиссалом зикр қилган ҳақ йулдаги “саводул аъзам” ким бўлгани, 14-ҳижрийда ёки ундан кейин чиққанлар, ҳали саҳоба-ю тобеинларнинг «из»лари ўчмаган 3-4-ҳижрийда яшаган олимларни мутлақо адашган дейишлари соғлом ақлга тўғри келадими? Албатта бу саволларга аниқ жавоб бера олишмайди.
Имом Мотуридийнинг издошлари. Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Ҳаким Самарқандий (ҳ. 340, м. 951 йилда вафот этган). Имом Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуғфаний. Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Паздавий (390/999 йилда вафот килган). Имом Абу Лайс Самарқандий. Кейинги асрларда эса, Абул Муин Насафий, Имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Паздавий, Ибн Ҳумом, Саъдуддин Тафтазоний ақоид илмининг Мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламоларидан саналади.
Имом Мотуридийнинг асарлари:
1. «Китабут-тавҳид»:
2. «Китабул мақолот»:
3. «Китабу баяни ваҳмил-муьтазила»:
4. «Китабу-радди алал-усулил-хомса ли Аби Муҳаммад Боҳилий»:
5. «Китабу-радди авоили адилла лил-Каъбий»:
6. «Родду ваъидил фуссоқ лил Каъбий»:
7. «Родду таҳзибил жадал лил Каъбий».
Бундан ташқари Имом Мотуридий «Таъвилоту аҳлис-сунна» номли тафсирида муътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, ва бошқа фирқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. «Кашфуз-зунун» китобининг соҳиби Ҳожи Халифа «Таъвилоту аҳлис-сунна» тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзган: «У бошқа бирор тафсир унга тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди».
Абу Мансур Мотуридийнинг китобларидан фақат уч донасигина бизгача етиб келган. «Китабут-тавҳид» ва «Таъвилоту аҳлис-сунна» китоблари нашр этилган ва ўрганилган. «Китобул мақолот» нинг қулёзмаси нусхалари мавжуд. Қолган китоблар тўғрисида бизгача маълумот етиб келмаган.
Имом Абу Мансур Мотуридий ҳанафий фиқҳини мукаммал ўрганган ва мотуридия мактабига асос солган. Ўша даврда ривожланган мўътазила, мужассима, қарматия, исмоилия каби фирқаларга илмий раддиялар берган.
Имом Мотуридий ҳаётлик вақтларидаёқ Мовароуннаҳрда мўътазилийларнинг ақидалари шакллангани эди. Бунга қадар мўътазилаларнинг етакчилари асосан Бағдод ва Басрада яшаганлиги боис, уларнинг кўпчилиги бу минтақада деярли маълум эмас эди. Бироқ 900-йиллар атрофида Бағдод мўътазилаларининг олимларидан Абул Қосим Каъбий Балхга келиб жойлашган ва ҳаётининг охирги ўттиз йилини шу ерда ўтказган. Мотуридий эҳтимол Абул Қосим Каъбий билан учрашмаган бўлиши мумкин. Лекин унинг таълимотларини яҳши билган. Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг бундан кўзлаган мақсадлари Ҳанафийлик илоҳиётининг Самарқанд мактабини ҳимоя қилиш эди. Бироқ у зотнинг саъй-ҳаракатлари натижаси, охир-оқибат, ушбу вазифа доирасидан кенгроқ аҳамият касб этди. Шу тариқа ҳанафийлик илоҳиёти ичидан, худди олдингидек Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ғояларини эъзозлаган, лекин услуби, ғоявий кўлами ва илоҳиётга оид тафаккурининг батафсиллиги билан фарқ қилди ва Мотуридийлик калом мактаби вужудга келди. Имом Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ) биринчидан мўътазилаларга, сўнгра ботинийларга қарши кураш олиб бориш, Қуръонни ўзгартиришдан сақлаб қолиш, ислом таълимотини бидъатчиларнинг зарарли ғояларидан ҳимоя қилиш, уларнинг илк мазҳабий сафсаталарини асоссиз эканини исботлаб беришни асосий вазифа қилиб қўйган[2].
Абдусатторий Абдуллоҳ «Кўкалдош» ЎМИБЙ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими
[1] Шайҳ Нуриддин Ҳолиқназоров. Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими. – Тошкент, Матбаачи. – Б. 317.
[2] Ислом нури. Тошкент ислом университети. 2008. – Б. 7-8.






