Жорий йилнинг 29-30 апрель ҳамда 1 май кунлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан ўтказилган онлайн семинарларда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти раҳбарияти, ходимлари ҳамда педагоглар жамоаси фаол иштирок этдилар.

Семинарларда Туркиянинг Ислом тафаккури институти ва Фотиҳ Султон Меҳмет университети ва АҚШнинг Индиана университети олимлари маъруза қилдилар. Жумладан,

- 29 апрел кунги семинарда илоҳиёт, ҳадис ва дин илмлари бўйича таниқли олим, Туркиянинг Ислом тафаккури институти раҳбари, профессор Меҳмет Гўрмезнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг ҳадис илмида тутган ўрни, буюк муҳаддиснинг ушбу асарда ҳадисларни тасниф этишдаги ўзига хос услуби” мавзусидаги маърузаси тингланди. Олим 1994 йилда “Суннат ва ҳадисни тушуниш ва талқин қилишда методология муаммоси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилгани, ушбу диссертацияни ёзиш давомида дунёнинг қатор ислом мамлакатларида бўлиб, Имом Бухорийга оид кўплаб манбаларга мурожаат қилганини ва қимматли маълумотларга эга бўлганини қайд этди. “Суннат ва ҳадисни тушуниш”, “Ҳадис илмининг асосий масалалари”, “Глобал дунёда дин ва цивилизация”, “Суннат ва ҳадиснинг бугунги кундаги аҳамияти” каби китобларни нашр этган Меҳмет Гўрмез ҳадисшунослик йўналишида илмий-тадқиқот ишлари билан машғул бўлган ёш олимларга ўз тавсияларини берди.
- 30 апрель кунги семинарда Қуръон, тафсир илмлари бўйича таниқли олим, мотуридийшунос, Туркиянинг Фотиҳ Султон Меҳмет университети доктори Аҳмад Даманҳурий “Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини тасниф этишдаги услуби” мавзусида маъруза қилди. Таниқли олим 2015 йил Ал-Азҳар университетида “Имом Мотуридий ва унинг илмий услублари” мавзусида фалсафа фанлари доктори даражасини олган. Маърузада асосан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг тафсир илмидаги тутган ўрни, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг ақидавий муаммоларни ҳал этишдаги роли каби масалалар муҳокама этилди.
- 1 май куниги семинарда АҚШнинг Индиана университети Яқин Шарқ, Марказий-Евроосиё ва ислом тадқиқотлари бўйича библиограф, профессор лавозимида фаолият олиб бораётган доктор Акрам Ҳабибуллаев ўз маърузаси билан иштирок этди. Семинарда Исломшуносликка оид инглиз тилидаги электрон қўлланмалар; Исломшуносликка оид рақамлаштирилган қўлёзмалар, нодир китоблар ва архив хужжатлари каби масалалар муҳокама этилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўртасида келгуси фаолиятидаги ҳамкорлик алоқалари келишиб олинди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати