Сўнгги пайтларда ёшларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида кўп ва хўп гапириляпти, эътирозлар билдириляпти. Айрим йигит-қизларнинг «мода» кетидан кўр-кўрона қувиши, уларнинг кийиниши миллий анъ аналардан узоклашаётгани, тор, калта, очиқ кийимларга қизиқиш ортаётгани, бу одатлар динимизга, миллий қадриятларимизга зидлиги танқид остига олинмокда. Кийим одам танасини куз-куз ёки намойиш қилиш учун кийилмайди, ураниш, беркитиш учун кийилади. Кийим жинсий майлни кучайтириш, уйготиш учун эмас, аксинча, тинчлантириш, камайтириш учундир. Афсуски, бугун миллий қадриятларимизга мутлақо зид, ярим ялангоч кийинадиганлар сафи кенгайиб боряпти. Ғарбга тақлид килиб, ўзлигини унутаётганларга ачинасан киши. Яримяланғоч юриш фитнадан бошка нарса эмас. Террор инсоннинг танасини майиб-мажруҳ қилса, яланғочлик хам баданни, хам рухни ўлдиради. Жинсий эркинлик, яримялангоч кийиниш оқибатида уялиш, ҳаё, ибо туйғуси сўниб боради.
Оқибат эса барчага аён: миллий узликдан айрилиш, жамият нинг таназзулга юз тутиши, Динимизда барча нарсанинг одоби ва маданияти бор, шу жумладан, кийинишнинг ҳам бир қанча риоя қилиш зарур бўлган жиҳатлари мавжуд:
1. Кийим инсон танаси кадриятларимизга зидлиги ни кўрсатадиган даражада юпка, шаффоф, тор бўлмаслиги зарур.
2. Эркаклар аёлларга, аёллар эркакларга ўхшаб кийинмаслиги шарт. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийинишда ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатлаганлар (Имом Бухорий ривояти).
3. Одамлардан ажралиб туриш учун ўта қиммат либосни харид қилмаслик керак. «Ким дунёда шуҳрат либосини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик либосини кийдиради» (Имом Аҳмад ривояти).
Яна бир масала. Бугун кўпчилик, ҳатто зиёлилар ҳам миллийлигимизни унутиб қўяётгандек, назаримда. Ўзимизнинг дунёни лол қолдирган либосларимиз қолиб, бошқа халқларга ўхшаб ки- йиниш ҳолатлари учраяпти. Айниқса, умра ёки ҳажга бориб келган опа-сингилларимиз дарҳол ўзгариб қолишади: юз-кўзларини беркитиб, саудиялик аёлларга тақлид килиб олишади. Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи ва саллам барча фаслда масжидларда, бозорларда аёл кишининг юзи очиқ бўлиши мақсадга мувофик эканини таъкидлаганлар. Ояти каримада: «(Эй Муҳаммад) мӱминларга айтинг, кўзларини (номахрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир» (Нур сураси, 30-оят). Агар аёлларнинг юзлари берк бўлганида мўминларга кўзларини тусиш буюрилмас эди.
Унутмаслик керак, ҳар бир миллатнинг миллий либоси ўша ҳудуднинг табиий иқлимидан келиб чиқиб танланиши айни ҳақиқатдир. Акс ҳолда, саҳрода, чўлда яшайдиган халқлар қум бўронларидан ҳимояланиш мақсадида юз-кўзни тусувчи кийимларни, уммон бўйларида, намлик юкори худудларда истиқомат килувчи аҳоли енгил либослар кийишмас эди.
Маданияти юксак халқмиз. Кадимдан ота-боболаримиз миллий либослар кийиб, хам динини, хам кадриятларини намуна қилиб кўрсатишган.
Тарихий асарларда ёзилишича, Ҳорун Рашид даврида самарқандлик тикувчилар Бағдодга бориб, сарой аёллари учун кийим-кечаклар тикиб келишган. Бу кийимларда мўътадил мезонга амал қилиниб, аёлни ҳаё-ибоси билан бутун гўзаллигини нурлантириб юборувчи тарҳу бичимлар қўлланилгани баён этилади
Маърифатпарварларимиздан бири бундай деган: «Бизни ҳайрон қолдириб турган бир нарса борки, у ҳам бўлса, аёлларнинг ясан-тусанга чексиз майл қилишлари, кийинишга керагидан ортиқ тиришишларидир. Бундай аёллар охири хатарли окибатларни келтириб чиқаришади. Улар ақлга сиғмаган харажатларга, турмушнинг хароблашувига сабаб бўлишади. Бундайлар бировнинг устида янги услубда бир кийим кўрдими, ундан ўзига ҳам тиктирмасдан тура олмайди. Дўконда бирор яхши мато борлигини эшитдими, қандай килиб бўлса ҳам, ундан ўзига бир кийимлик олмасдан кўнгли хотиржам бўлмайди. Шунинг учун эрнинг топгани хотиннинг орзу-ҳавасларига хизмат қилишдан нарига ўтмайди».
Дарҳақиқат, биз динимиз меъёрларини унутмаслигимиз керак. Ҳар соҳада, шу жумладан, кийинишда ифротга ҳам, тафритга ҳам берилмаслигимиз, олтин ўрталиқни саклашимиз, миллий ўзлигимизни унутмаслигимиз керак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР
Манба: Мўминалар журнали 2025 йил 2-сон






