Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинким, милодий 2018 йилимиз ҳам юртимиз ҳаётида кўплаб янгилик, яхши хабарлар билан давом этмоқда. Диний-маърифий сохадаги ислоҳотларнинг кўламини таъриф этсак, катта бир китоб бўлади. Эътиқоди мустаҳкам, диёнатли халқимизнинг турмушини яхшилаш, уларнинг хайрли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида муҳтарам юртбошимиз бошчиликларида масъул мутасаддилар тинимсиз ҳаракат олиб бормоқдалар. Ана шу эзгу ташаббуслардан бири юртимизда янги масжидларнинг очилиши, аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, диний маросим ва ибодатларини адо этишда қулайлик ва етарли-шарт-шароитларнинг таъминланишидир. Хабарингиз бор, кўпгина вилоятларимизда масжидлар сони ортиб бормоқда. Шу жумладан, пойтахтимиздаги масжидларимиз ҳам яна биттага кўпайди.
Куни кеча Учтепа туманида жойлашган “Абдулла Қодирий” маҳалласида “Абу Талҳа” жомеъ масжиди расмий фаолият бошлади. Масжиднинг очилиш маросимида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов иштирок этиб, жамоатни янги масжид билан қутлади. Аслида, ушбу шинамгина ибодат уйи 2000 йилда қурилган бўлиб, 2013 йилга қадар фаолият кўрсатган, бироқ етарли ҳужжатлари бўлмаганлигни сабабли фаолияти тўхтатилган эди. Маҳалланинг фидоий кишилари, кўпни кўрган жонкуяр кексалари томонидан масжидни қайта очиш учун қилинган ҳатти-харакатлар самараси ўлароқ бугун маҳалла аҳлига Аллоҳ таоло ушбу мўтабар масжидни инъом этди. Тошкент шаҳар Адлия бошқармасидан диний ташкилотни рўйхатга олиш Гувоҳномаси олинди.
“Маҳалламизда масжиднинг очилиши, бу кўп йиллик орзуларимизнинг рўёбидир. Авваллари жамоат намозига анча олисга қатнашимизга тўғри келар, бу биз каби кексаларга совуқ ва ёмғирли кунларда анча машаққат туғдирар эди. Мана, Аллоҳга шукурки, бизнинг маҳалламизда ҳам масжид очилди. Масжид нафақат ибодат маскани балки, балки маҳалла аҳли, ёшлар учун тарбия ва маърифат масканидир. Ана шу имкониятларни бизга тақдим этган, муҳтарам юртбошимиз, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча мутасддилари ҳаққига доимо дуода бўламиз”, дейди севинч билан кўп йиллар маҳалла раиси бўлиб хизмат қилган Файзулла ҳожи ота Маннопоф.
Маросимда янги масжид халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят маскани бўлиб кўп йиллар хизмат қилишини Аллоҳдан сўраб, бу хайрли ишда жонбозлик кўрсатганлар ҳақларига дуолар қилинди. Шу билан пойтахтимиздаги масжидлар сони ҳозирча 118 га етди.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимки, Аллоҳ учун кабутар тухум қўядиган жойдек ёки унданда кичикроқ бўлган бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади” (Ибн Можа ривояти).
Жасурбек РАУПОВ
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари
Манба: Vakillik.uz






