Аввалги хабарларимизда айтиб ўтганимиздек “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасида қишки таътил давомида профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун“Таълим сифатини ошириш, самарали ўқув методларини ўзлаштириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш тартиби ва талаблари”мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Навбатдаги семинар машғулотига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагок кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ўқитувчиси Ю.Ҳайитова ташриф буюрди ва “Педагогик маҳорат” мавзусида маъруза билан иштирок этди.


Ю.Ҳайитова ўз маърузасида қуйидаги мавзуларга алоҳида тоҳталиб ўтди: замонавий ўқитувчи қандай бўлиши керак? Мустақилликдан кейин ушбу муаммо кўплаб олимларнинг, зиёли аҳлининг, ҳатто ота-оналарнинг диққат эътиборида бўлди. Ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, дарсликлар яратила бошланди, бу соҳада изланишлар, илмий-тадқиқотлар ҳозирги кунда ҳам давом этмокда. Ҳозирги кундаги глобал ўзгаришлар, фан-техника ва ахборот-коммуникация технологияларининг кун сайин ривожланиб бориши XXI аср ўқитувчисидан педагогик маҳоратни, ўткир иродани, педагогик-психологик билимларни, ўз фанини чукур билишни ва юксак тафаккурни, сиёсий саводхонликни, фикрлаш доираси кенг ва мулоҳазали бўлишни талаб қилади.


Таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ўқитиш шаклларини оптимал даражада ташкил этишни, баркамол шахсни шакллантириш назариясини турли янги ғоялар билан бойитишни пухта билиши лозим.
Ушбу мақсадларни ўз ичида мужассам этган семинар “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассаси ўқитувчи ва ходимларига бирдай мамнун бўлди ва улар “Педагогик маҳорат” ҳақидаги билимларини янада бойитиб олишди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими Р.Саиджалолов






