Халқ ичида «чёрная касса» деб аталадиган ушбу «ўйин» одатда касбдошлар, қариндошлар, гапдошлар орасида «ўйналади». Яъни, ҳар ойнинг маълум бир санаси белгиланиб, навбат билан «ўйин» иштирокчиларининг бири зиёфат беради. Қолган иштирокчилар унга олдиндан келишилган суммани тўплаб беришади. Бундан кўзда тутилган мақсад иштирокчининг қўли «пул кўради», яъни унда кўпроқ пул йиғилади. Ва у ўзи учун керакли нимадир сотиб олиш ёки бирор оилавий тадбирини ўтказиш имконига эга бўлади.
Уламоларимиз бундай касса ўйинига рухсат беришган. Сабаби, баъзилар лозим пайтида қўлида нақд бўлмай қолганидан рибога арашиб, фоизга маблағ олишга мажбур бўлишлари, «Касса ўйини» эса бунинг олдини олиши мумкин. Худди шунингдек, иштирокчилар сони дейлик ўн кишидан иборат бўлса, ҳар бирига навбати билан бир хил миқдорда пул йиғилади. Аммо йиғилган пулнинг зиёфат харажатларига алоқаси бўлмаслиги ва иштирокчилар ўз ихтиёрлари билан «ўйин»да қатнашишлари керак.
Лекин, маълум сабабларга кўра, масалан, бозорларда нарх-наво кўтарилиши, ёки тушиши билан дарҳол белгилаган суммаларни ўзгартириб қўйишлари жоиз эмас, токи гуруҳдаги ўнта одам ҳам келишилган эски сумма бўйича ўз пулини олсин. Қачонки, навбат бир айланиб олгандан кейин, ўзаро келишиб қарз суммасини ўзгартириб олишса жоиз бўлади.
Шундай қилингандагина бу ўзаро бир-бирларига қарз бериб, ёрдам бериб туриш ҳисобланади. Фиқҳий қоида бўйича қарз берган одам пулини хоҳлаган пайтида олиши мумкин, лекин нариги тараф беролмаслиги мумкин, шу каби низоларни бартараф этиш учун, аввал бошидан касса йиғиш вақтини келишиб, навбатларини қуръа ташлаб белгилаб олишса ва ўша пайтда касса пулини олишга рози бўлиши керак, акс ҳолда низо келиб чиқиб, бу ҳолат дуруст бўлмайди.
Энди тўёна хусусида… Тўёна ота-боболаримиздан ўтиб келаётган қадимий одат. Қариндошлар ёки дўст-биродарлардан қай бири тўй қилса, унга ҳар ким ўз қурбига яраша хоҳ пул кўринишида бўлсин, хоҳ бир жонлиқ, тўй соҳибига туҳфа этилади. Тўёна, бу – туҳфа. Қарз эмас. Уни ўрни келганида қайтариши мумкин, қайтармаса, имкони бўлмаса у қарздор бўлиб қолмайди.
Лекин, биз бу ўринда бизнинг замонамизда урфга айланиб қолаёзган тўёнанинг бошқача бир кўриниши ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу шундан иборатки, бирор киши тўй қилиб қолса, унинг собиқ сифдошларими, улфатларими, ўртада пул тўплаб, унга беришади. Ёки тўйга зарур бўлган нимадир сотиб олиб беришади. Ана шу жараёнда улар билиб-билмай рибога аралашиб қолишади.
Фикримизни очиқроқ англатишга ҳаракат қиламиз. Масалан, 50 кг гўшт ёки 500 та ноннинг нархидан келиб чиқиб, пул йиғилади. Маҳсулотлар нархи эса ўзгарувчан, масалан 1 кг гўшт 2 йил олдин 50 минг сўм бўлган бўлса, ҳозирда 60 минг, яна бир йил ўтгач, бошқа нарх бўлиши мумкин. Шунда 2 йил олдин йиғиладиган пул миқдори бугунги нархга тўғри келмайди. 50 кг гўшт эски нархда 2,5 миллион бўлса, икки йилдан кейин 3 миллион бўлиб турибди. Ва шу нархда олиб беришади.
Гарчи қатнашувчилар бошида шунга рози бўлишса-да, бу айни рибо бўлиб қолади.
Масаланинг яна бир жиҳати ҳам борки, ҳамма қатнашувчилар ҳам бир йил ичида тўй қилмаслиги мумкин, муаммо шундан келиб чиқади.
Аммо бундай ўнғайсиз ҳолатнинг олдини олиш мумкинми? Бунинг учун, муомалани доллар кўринишида амалга ошириш тавсия мумкин. Шунда икки йил олдин муайян миқдорда тўпланган долларга нимадир (гўштми, нонми, бирор совғами) олинса, бугун ҳам ўшани олиши мумкин бўлади.
Ҳар неки бўлмасин, рибодан узоқ бўлишимиз керак. Аллоҳ Ўзи ҳалолидан касб этишни насиб этсин.
Умрзоқ Тожиқулов,
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






