Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар жаннатга киролмайсизлар, токи иймон келтирмагунингизча. Иймонли (иймони комил) бўлмайсизлар, токи ўзаро муҳаббат қўймагунингизча. Сизларни бир амалга далолат қилайми, уни қилсангизлар, бир-бирларингизни яхши кўриб қоласизлар?! Ораларингизда саломни ёйинглар”,дедилар.”
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан берилган одоб билан суғорилган ўткир тарбия назарлари ила адоват туйғуларини қалбдан, ҳасад кирликларини нафслардан фақатгина муҳаббат, ҳамжиҳатлик, ўзаро насиҳат, хушмуомалалик, самимий биродарлик маҳв этишини англаганлар. Шунинг учун у зот мусулмонлар орасидаги салом қалбларга кирадиган муҳаббат калити бўлиши ва уларнинг яхшилик устида боғланишлари учун уни ёйишга чақирмоқдалар.
Исломдан олдин ҳеч ким муваффақ бўлмаган ушбу соф муҳаббат бўлмаганда эди, илк мусулмонлар ўзаро бирдамликка эришолмаган, дин йўлида кетма-кет ёғилган балоларни сабр ила енгишга тоқат қилолмаган, дин ҳимояси йўлида мардонавор жасоратлар кўрсатишга қодир бўлолмас эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ажиб содиқ муҳаббат билан инсоният тарихида ўрнак олса арзийдиган мусулмон жамиятини шакллантира олдилар. У зот ушбу ажойиб бирдамликни ўзларининг қуйидаги сўзлари билан тасвирлаб берганлар:
“Мўмин мўминга бир–бирини суяб турувчи бино кабидир”. Муслим ривояти.
“Мўминлар ўзаро меҳр-муҳаббатда бир тана кабидирлар. Бир аъзоси оғриса, тананинг бошқа аъзолари ҳам уйқусизлик ва иситма билан оғринади”. Имом Муслим ривояти. Онгли содиқ мўмин ушбу олий набавий ҳидоят олдида қалби мўмин дўстларини муҳаббатига талпиниб, уларга қалби ва ҳис туйғулари билан юзланади. Ушбу ҳидоятга амал қилган мўмин дунёсида яхшилик унсурига эришган, хайрият биносини қурган, охиратда эса Раббисини розилигига ва муҳаббатига сазовор бўлган бўлади.
Шавкат Камолов
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси





