Ихлос сураси. Бу сура кичик суралар ичида энг машҳури бўлиб, кўпчилигимиз уни намозларимизда ва яна бошқа ҳолатларда тиловат қиламиз. Бу сурадаги “Ас-Сомад” лафзи Қуръонда бундан бошқа ўринда келмаган. Фақатгина ушбу оятда учрайди. Ас-Сомад сўзининг маъноси нима?
Ас-сомад Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири ҳисобланади. Ихлос сураси мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Роббингни бизга таништир. Унинг насаби қандай?” дея савол беришган вақтда нозил бўлган.
{ قُلۡ هُوَ ٱللَّهُ أَحَدٌ }
{ ٱللَّهُ } бу оятдаги Ас-Сомад лафзи кўпчиликка тушунарсиз бўлиши мумкин. Зеро, арабларнинг ўзлари ҳам суҳбатларида ушбу сўзни кўп ишлатишмайди. Ас-Сомад барча халойиқ, барча махлуқотлар унга ўз эҳтиёжларини айтиб мурожаат қиладиган Хожа, демакдир. Жоҳилият даврида араблар ўзларининг ичида катта обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда кўпчилик унга ўз эҳтиёжларини айтиб борадиган шарафли инсонни Ас-Сомад деб атар эдилар. Унинг уйини эса “Ал-Байт ал-мусоммад”, яъни мурожаат қилиб бориладиган уй деб номлар эдилар.
Аллоҳ таоло Ўзини Ас-Сомад дея номлади. Бу эса борлиқдаги барча нарса, хусусан, ҳар бир инсон ўзининг эҳтиёжларини ундан дуо қилиб сўрайди деганидир.
Баъзи муфассирлар эса Ас-Сомад лафзини “қорни йўқ” дея тафсир қилишган, яна бошқалари эса “таом емайдиган” деб шарҳлаганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўзини таърифлаб: “و هو يطعِم و لا يطعَم” (У таом беради ва таомланмайди), дейди. Бошқа бир оятда Ийсо алайҳиссалом ҳақида:
“مَّا ٱلۡمَسِیحُ ٱبۡنُ مَرۡیَمَ إِلَّا رَسُولࣱ قَدۡ خَلَتۡ مِن قَبۡلِهِ ٱلرُّسُلُ وَأُمُّهُۥ صِدِّیقَةࣱۖ كَانَا یَأۡكُلَانِ ٱلطَّعَامَ”
(Масиҳ ибн Марям бир пайғамбар холос, ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Унинг онаси эса сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ер эдилар), дея марҳамат қилган. Нима сабадан Қуръони каримда Ийсо алайҳиссалом ва онаси таом еганлари айтилмоқда?! Чунки, таом ейдиган зот илоҳ бўлиши мумкин эмас. Таом берадиган ва Ўзи таомланмайдиган зот эса илоҳ бўлишга муносибдир. Бу эса Аллоҳ таолодир.
Шунингдек, У зот инсонлар ўз эҳтиёжларини сўраб дуо қилинадиган, Ўзи уларга бирор нарсада муҳтож бўлмаган зотдир.
Демак, энди ҳар сафар Ихлос сурасини ўқиганимизда Ас-Сомад лафзининг тафсирида билган маъноларимиз, яъни инсонлар эҳтиёжларини сўрашлари, унга дуо қилишлари, ибодат қилганда яккаю ягона Аллоҳ таолога юзланишлари ёдимизга тушади. Зеро, бу маъноларнинг барчаси ас-Сомад лафзининг ичида мужассам.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Аҳмедов Охунжон таржимаси.






