26 ноябрь куни таълим муассасасида вояга етмаганлар ва ёшларда ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ва ижтимоий иллатларга қарши ҳулқ-атворни шакллантиришга қаратилган тадбирлар йўналишида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбати “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизими” мавзусида ўтказилди. Тадбирга Тошкент давлат юридик университети Конституциявий ҳуқуқ кафедраси катта ўқитувчиси, “Ёшлар парламенти” раиси Хуршид Ботиров таклиф этилди.



Маърузада жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланиши таъкидланди. Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилаётгани, шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолаётгани айтилди.


Ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашиш лозимлиги айтилди.
Тадбир сўнггида саволларга мутахассис томонидан етарлича жавоблар берилди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев






