“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муасссасасининг барча талабалари ўртасида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан “Бағрикенглик менинг тасаввуримда” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.


Барчамиз биламиз, иншо ёзиш инсонни эркин ижодга ундайди, тафаккурга тарғиб қилади ва мустақил фикрни бойитишга сабаб бўлади.
Танловда иштирок этган талабалар бағрикенгликни турлича тасвирлашга ҳаракат қилганликлари, ўтмишдан тортиб то ҳозирги кунгача унинг ҳар хил кўринишларидан мисоллар орқали ёритиб берганликлари танлов натижаларидан маълум бўлди.


Маълумки, динимизда бағрикенгликнинг турли кўринишлари бордир. Каттани кичикка, раҳбарни ходимга, отани фарзандларига, мусулмон киши диндош биродарига, мусулмон киши бошқа дин вакилларига, мусулмон киши бутун инсониятга бағрикенглиги ва бошқаларни мисол қилиш мумкин.
Мазкур кўринишларнинг барчаси ҳам муҳим. Лекин кўп миллат ва элатлар, турли дин вакиллари яшайдиган юртимизда динлараро бағрикенглик жуда муҳимдир. Маълумки, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси” қабул қилинди. Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган. Шунинг учун ҳам юртимизда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинган. Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тошидир.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими






